ЎзА Ўзбек

12.01.2018 16:50 Чоп этиш версияси

Тошкент вилоятида контейнерлар билан жиҳозланган 61 та чиқинди тўплаш шохобчаси қурилади

Мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик барқарорликни таъминлашга доир қатор лойиҳалар асосида заҳарли газларни камайтириш, чиқиндиларни тўплаш, утилизация қилиш ҳамда қайта ишлаш бўйича аниқ ва амалий тизим йўлга қўйилган.

Чиқиндилар тўпланадиган мавжуд полигонларнинг санитария қоидалари ва гигиена меъёрларига жавоб беришини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Аксарият жойларда чиқиндилар тартибсиз равишда тўпланадиган пунктлар ҳамон сақланиб қолаётгани туфайли уларга туташ ҳудудларнинг санитария-эпидемиология ҳолати ёмонлашиб, юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалишига сабаб бўлмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 21 апрелдаги “2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Тошкент вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан туман ва шаҳарларнинг санитария-эпидемиология ҳолатини яхшилаш, чиқинди билан боғлиқ вазифаларни бажариш тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда ривожлантиришни янада кучайтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

– 2017 йилда вилоятдаги 21 чиқиндихонада 3 миллион тоннадан ортиқ, 32 чиқиндини қайта ишлаш корхоналари томонидан 7 миллион 300 тонна чиқинди қайта ишлаш учун қабул қилинди, – дейди вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бўлим бошлиғи Шерзод Турдиев. – Бундан ташқари, 21 корхона ва ташкилот шартнома асосида 28 минг 378 дона яроқсиз симобли лампаларни демеркуризация қилиш учун махсус жойларга етказди. Чиқиндиларни йиғиш, ташиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш, кўмиш ва реализация қилиш тизимини келгусида янада ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга. Бу жараёнга тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилиш иш самарадорлигини янада оширади.

2017 йилда “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси томонидан вилоят туман ва шаҳарларида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 61 чиқинди тўплаш шохобчаси қурилди. Жорий йилда яна 47 шохобча қуриш ва уларни контейнерлар билан жиҳозлаш режалаштирилган.

Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини жамоатчиликка тушунтириш, ёшлар ўртасида экологик таълим-тарбияни тарғиб қилиш борасида Тошкент вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳудуддаги 140 таълим муассасаси, 2 минг 717 корхона-ташкилот ҳамда 103 маҳалла фуқаролар йиғинида давра суҳбатлари, мулоқот ва тарғибот тадбирлари ўтказиб, фуқаролар мурожаатлари тингланди. Жумладан, Ангрен, Олмалиқ, Бекобод ва Янгийўл шаҳарлари, Чиноз, Оққўрғон, Зангиота, Бўстонлиқ туманларида ёшлар учун “Биз табиат билан биргамиз”, “Тоза ҳаво” ва “Табиат софлиги – соғлиғимиз гарови” каби мазуларда ўқув-семинарлар ташкил этилди. Жорий йилда ҳам бу борада кўплаб лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
12 683