ЎзА Ўзбек

06.08.2020 Чоп этиш версияси

Тошкент вилоятида “Диққат, велосипед!” тадбири бошланди

Тошкент вилоятида “Диққат, велосипед!” тадбири бошланди

Карантин тадбирлари бошланганидан буён автомобиль йўлларида транспорт оқими сезиларли даражада камайди. Аммо шу билан бир қаторда пиёда ёки велосипедда ҳаракатланадиганлар сони ортди.

 Йўл патруль хизмати ходимлари эса улар томонидан содир этилаётган қоидабузарликларнинг, велосипед ҳайдовчилари билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш чораларини кўрмоқда. Шунга қарамай велосипед ҳайдовчилари томонидан содир этилаётган қоидабузарликлар учраб турибди. 
Тошкент вилояти Бекобод туманида хизмат олиб бораётган ЙПХ инспектори С.Султонов текшириш учун велосипед бошқариб келаётган фуқарони тўхтатди. Текширув вақтида велосипедчи Ў.Тиллахўжаев маст ҳолатда экани аниқланди. ЙПХ инспектори унга нисбатан тегишли тартибда маъмурий баённома расмийлаштирди. 

Яна бир ҳолат. Бўка туманида хизмат олиб бораётган ЙПХ катта инспектори А.Алибоев пиёдалар ва велосипед ҳайдовчилари билан профилактик суҳбатлар ўтказиб, уларга ҳаракатланиш хавфсизлиги талабларини тушинтириб бераётган вақтда бир велосипед ҳайдовчиси йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўта бошлади. 
Инспектор унга тўхташ ишорасини берди. Фуқаро тебранганича инспекторнинг олдида тўхтади. Ҳушёр инспектор ундан спиртли ичимлик ҳиди келаётганини сезиб тиббий кўрикдан ўтишга таклиф қилди. Аммо, Б.Мусурмонов тиббий кўрикдан ўтишни рад этиб, спиртли ичимлик истеъмол қилганини холислар иштирокида тан олди. Инспектор унга нисбатан белгиланган тартибда маъмурий баённома расмийлаштирди.

Шу ўринда айтиш лозимки, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг “Пиёдалар ва йўл ҳаракати бошқа иштирокчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши” деб номланган 138-моддасида мопед, велосипед ҳайдовчисининг, уловли аравани бошқариб борувчи шахснинг алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст бўлган ҳолда йўл ҳаракати қоидаларини бузиши энг кам иш ҳақининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгилаб қўйилган. Аммо кўпчилик кодекснинг бу моддаси талабларини билмайди ёки эътиборга олмайди. Натижада эса маъмурий жавобгарликка тортилади.
Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ ахборот хизмати маълум қилишича, юқоридаги каби ҳолатларни инобатга олган ҳолда вилоят ҳудудида бир ҳафта давомида, яъни 6-12 август кунлари “Диққат, велосипед!” профилактик тадбирини ўтказиш режалаштирилди. Шу кунларда барча ЙПХ инспекторлари велосипед ҳайдовчилари билан суҳбатлар ўтказиб, уларни йўл ҳаракати қоидалари билан яна бир бор таништиради. Қоидабузарлар аниқланиб, тегишли чоралар кўрилади.

2 509
ЎзА