ЎзА Ўзбек

30.07.2018 16:18 Чоп этиш версияси

Тошкент вилоятида аҳоли бепул тиббий кўрикдан ўтказилди

Тошкент вилоятида аҳоли бепул тиббий кўрикдан ўтказилди
Тошкент туманидаги «Баҳор» маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси тиббий мутахассислар кўригидан ўтиб, тегишли тиббий ёрдам ва маслаҳат олди.

Туман тиббиёт бирлашмаси ташаббуси билан ташкил этилган кўрикка соғлиқни сақлаш вазирлиги ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг тор доирадаги мутахассислари, EKG, UZD аппаратлари, замонавий зарур тиббий ва лаборатория жиҳозлари жалб этилди.

– Қишлоғимиз шундоққина пойтахт билан ёнма-ён жойлашган, – дейди Хасанбой қишлоқ врачлик пункти мудираси Г.Тожиева. – Ана шу табиий қулайлик сабаб айрим фуқаролар шаҳарда тиббий кўрикдан ўтиб туради. Аммо бунга имконияти етмайдиганлар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Шу маънода, бугунги чуқурлаштирилган тиббий кўрикнинг ўтказилиши қишлоқ аҳолиси учун айни муддао бўлди.

Тиббий кўрик мобайнида мутахассислар маҳалла ҳудудида жойлашган 19-мактабда ташкил этилган "Саломатлик мактаби" фаолияти билан танишди. Мутахассислар томонидан мазкур мактабнинг соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасидаги фаолияти туманда энг намунали, деб топилди.

Авазбек Худойқулов, ЎзА
3 359