Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

03.08.2018 12:59 Чоп этиш версияси

Тошкент вилоятида 2017 йилда 43 фуқаро одам савдосидан жабр кўрган

Тошкент вилоятида 2017 йилда 43 фуқаро одам савдосидан жабр кўрган
Жорий йил бу кўрсаткич сезиларли даражада камайган бўлса-да, якунланган ярим йилликда ушбу савдо билан боғлиқ 5 ҳолат аниқланган.

Қибрай туманида бўлиб ўтган “Одам савдоси – давр муаммоси” мавзусидаги давра суҳбатида вилоятда ушбу иллатга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар, йўл қўйилган хато-камчиликлар ва галдаги вазифалар таҳлил қилинди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши томонидан вилоят ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилган мулоқотда Ички ишлар вазирлиги, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши масъуллари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, посбонлар иштирок этди.

Олиб борилган тарғибот-тушунтириш ишлари натижасида жорий йил бу кўрсаткич сезиларли даражада камайиб, якунланган ярим йилликда ушбу савдо билан боғлиқ 5 ҳолат аниқланган. Аммо Ангрен шаҳрида бу борадаги ҳолат салбийлигича қолмоқда. Хусусан, вилоятдаги умумий ҳолатнинг 40 фоизи, яъни одам савдоси билан боғлиқ 2 ҳолат мазкур шаҳарда қайд этилган.

Одам савдосининг олдини олишда 2008 йил 17 апрелда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида“ги қонуни муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётир.

Тадбирда мазкур иллатга қарши курашиш самарадорлигини ошириш учун аввало, аҳоли, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш лозимлиги, бу борада маҳаллалардаги тарғибот-тушунтириш ишларини янада кучайтириш, ушбу жараёнга маҳалла фаолларини кенг жалб этишга келишиб олинди.

А.Худойқулов, ЎзА