ЎзА Ўзбек

25.07.2020 Чоп этиш версияси

Тошкент вилояти ҳокимлиги ходимлари коронавирусга чалиндими? Ҳокимлик муносабат билдирди

Тошкент вилояти ҳокимлиги ходимлари коронавирусга чалиндими? Ҳокимлик муносабат билдирди

Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти ҳокимлиги ходимларида коронавирус инфекцияси аниқлангани мазмунидаги хабар тарқалди. Ҳокимлик Матбуот хизмати бу хабарларга муносабат билдирди.

"Бу хабарни инкор қилмаган ҳолда таъкидлаймизки, барчангизга аён бўлганидек, COVID-19 инфекциясини юқтиришдан ҳеч ким истисно эмас.

Тошкент вилояти ҳокимлиги икки ҳафтадан бери масофадан ишлаш тизимига ўтган. Ҳокимлик биносига кирувчи ходимлардан кунлик тест олинмоқда.

Тошкент вилояти ҳокимлигида ишловчи жами 4 нафар ходимда коронавирус инфекцияси аниқланган. Уларда касаллик симптомсиз кечаётгани учун уй шароитида даволанишмоқда.

Инфекция аниқланган ходимлар уй шароитида, масофадан ишлаётган ҳамкасбларимиздир. Шу боис, ҳокимлик биноси карантинга олинмайди.

«Тамом», деб урғу бериб ёзишни маданиятсизлик, сифатида қабул қилдик. Ҳеч нарса тамом эмас, бундай ноумид хабар тарқатманг, илтимос. Ҳаёт давом этаяпти, ижро органлари халқимизга елкадош бўлиб, вирусга қарши курашаяпти.

Биз бу ҳолатни алоҳида аҳамиятга эга бўлган ахборот сифатида оммага эълон қилишни лозим кўрмаган эдик. Чунки, эндиликда ташкилот, корхона ва давлат бошқаруви органлари ходимлари орасидан шу касаллик билан оғриган инсонлар кўплаб учраётгани учун, бу ҳолатни алоҳида тарзда, фавқулодда янгилик сифатида эълон қилишдан маъни йўқ эди.

Бугуннинг энг муҳим янгилиги, кўриб-кузатиб турганингиздек, вирус тарқалишини жиловлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар мазмунидан келиб чиқмоқда", дейилади хабарда.

15 703
ЎзА