ЎзА Ўзбек

02.03.2020 Чоп этиш версияси

Тошкент вилояти: кун хабарлари қисқа сатрларда

Тошкент вилояти: кун хабарлари қисқа сатрларда

Тошкент вилояти Оҳангарон туманида “Прокурор ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди.

“Телов” маҳалласидаги маданият саройида ўтказилган учрашувда вилоят прокурори Салом Самадов оҳангаронлик ёшларнинг ўй-ҳаёллари, келажак режалари, айни пайтда уларни қийнаб келаётган муаммоларини тинглади.
Очиқ ва самимий мулоқотда дастлаб, вилоят прокурори Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси мазмун-моҳияти, шунингдек, мамлакатимизда ёшларга бўлган эътибор, яратиб берилаётган шароит хусусида тўхталиб, ёшлар бандлигини таъминлаш, ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўяётган ёшлар олдида турган муаммолар ва уларни бартараф этиш чоралари тўғрисида атрофлича тушунча берди.
Тадбир доирасида С.Самадов оҳангаронлик ёшларга китоблар жамланмаси совға қилди. Шунингдек, кўчат экиш акцияси доирасида маданият саройи ҳовлисига кўчат экди.

***
Қибрай туманида "Мустаҳкам оила – жамият пойдевори” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тумандаги 2-сонли мусиқа ва санъат мактабида бўлиб ўтган тадбирда туман сектор раҳбарлари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими масъуллари, нодавлат-нотижорат ташкилотлар, ёш оилалар вакиллари, Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари иштирок этди.
Тадбиркор хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолияти кўргазмаси билан бошланган тадбирда қатор оилаларга никоҳ ва туғилганлик гувоҳномаси, шунингдек, Ўзбекистонда доимий яшаш гувоҳномаси, фуқаролик паспорти берилди. Жумладан, Қозоғистон фуқароси Гулбаҳор Тўхтабаева Ўзбекистонда доимий яшаш гувоҳномаси, фуқаролиги бўлмаган Зибагул Тасболтаевага фуқаролик паспорти берилди.
Тадбирда сектор раҳбарлари иштирокида ажрим ёқасидаги оилаларни яраштириш чоралари кўрилди.
Тадбир доирасида шунингдек, Чирчиқ шаҳар Меҳрибонлик уйи ва вилоят болалар уйи тарбияланувчиларига туман ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилди. 

***
Бўка туманида кўчат экиш акцияси доирасида корхона, ташкилот ва кичик бизнес субъектлари томонидан 300 минг туп гул кўчати экилди.

Туман ҳокимлиги ахборот хизматидан маълум қилишича, акцияда феремр хўжаликлари ҳам фаол иштирок этиб, хўжаликлар томонидан 3 минг тупдан зиёд мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилганган. Жумладан, «Покиза Йўлдошева» ва «Умид» фермер хўжаликлари томонидан 600 туп тут кўчати, 100 туп арча кўчати, «Қиличев Насриддин» фермер хўжалигида эса 1 минг 500 туп тут кўчати, 200 туп мевали ва манзарали кўчат экилган бўлса, «Улуғбек Музаффар файз» фермер хўжалигидаги бўш майдонга 50 туп арча ва 200 та тут кўчати экилди.



2 424
Авазбек Худойқулов, ЎзА