ЎзА Ўзбек

16.09.2019 Чоп этиш версияси

Тошкент ва Анқара ўртасида “Биродарлашув алоқаларини ўрнатганлик ҳақида” меморандум имзоланди

Тошкент ва Анқара ўртасида “Биродарлашув алоқаларини ўрнатганлик ҳақида” меморандум имзоланди

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Анқара шаҳри ҳокими Мансур Яваш бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Ўзаро мулоқот давомида икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди дея ёзмоқда Тошкент шаҳар ҳокимлиги расмий сайти.

Тошкент шаҳар ҳокими охирги 3 йилда Ўзбекистон ва Туркия муносабатларида янги давр кузатилаётганлигини қайд этди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Туркияга ташрифи давомида 30дан ортиқ лойиҳаларни амалга ошириш борасида 3,5 миллиард доллар ҳажмидаги битимлар имзоланганлиги ҳамда ҳозирда қатор соҳалардаги алоқаларимиз ривожланиб бораётганлигини таъкидлаб ўтди.

Анқара шаҳри ҳокими Тошкент шаҳар ҳокими ва ҳокимлик вакилларига самимий ва дўстона меҳмоннавозлик учун миннатдорлик билдириб, икки давлат ва икки шаҳар ўртасидаги муносабатларнинг тараққий этиши ўзаро манфаатли эканлигини айтиб ўтди. Савдо-иқтисодий ва инвестиция алоқалари кенгайиб бораётганга эътибор қаратиб, ҳозирда Ўзбекистонда 500 га яқин турк фирма ва компаниялари фаолият юритаётгани, ўзаро савдо айланмаси 2 млрд. АҚШ долларига етганлигини айтиб ўтди.

16 сентябрь Тошкент ва Анқара муносабатлари тарихида унутилмас кун сифатида муҳрланди. Икки шаҳар ҳокимлари қардошлик, ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликни янада янги поғонага олиб чиқишга хизмат қилувчи муҳим ҳужжат “Биродарлашув алоқаларини ўрнатганлик ҳақида”ги меморандумни имзолашди.

Тошкент шаҳар ҳокими бу ҳужжат азалдан дўст ва ҳамфикр бўлган икки давлат, икки шаҳар ўртасидаги алоқалар истиқболида ниҳоятда аҳамиятли эканлигини, иқтисодиёт, саноат, шаҳарсозлик, санъат, маданият ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Мансур Яваш айни пайтда Анқарада Ўзбекистон номли 3 та, Тошкент деб юритилувчи 12 та, Самарқанд номли 8 та ва Бухоро деб аталувчи 11 та кўча борлигини айтиб, ўзаро дўстлик ва биродарлик тимсоли сифатида Тошкентдаги кўчаларнинг бирини Анқара деб номлашни таклиф этди. Шунингдек, ҳамкорликка оид бошқа таклифларни билдирди.

Анқара шаҳар ҳокими Мансур Яваш бошчилигидаги делегация аъзолари шаҳримизнинг диққатга сазовор жойларида бўлиб, пойтахтимиз тарихи, тараққиёти ва бугунги куни билан танишишди.

photo5474188191486552813.jpg

photo5188566239168015358.jpg

5 033
ЎзА