ЎзА Ўзбек

05.09.2018 20:33 Чоп этиш версияси

Тошкент тиббиёт академиясининг Фарғона филиалида ўқиш бошланди

Тошкент тиббиёт академиясининг Фарғона филиалида ўқиш бошланди Президентимизнинг 2018 йил 4 июндаги “2018/2019 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида”ги қарори асосида Тошкент тиббиёт академиясининг Фарғона филиалига ўқишга қабул қайта тикланиб, 130 нафар йигит-қиз жорий йилда талабалик бахтига муяссар бўлди.

Мазкур филиалда янги ўқув йили бошланишига бағишлаб ўтказилган тадбир ва “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остидаги “Мустақиллик дарслари” юқори савияда ташкил этилди.

2 (1).jpg

Тадбирда мамлакатимизда тиббиёт соҳасида мутахассислар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, бу борада ҳудудлар эҳтиёжини таъминлаш борасидаги ишлар хусусида сўз юритилди. Дарҳақиқат, филиалда ўқишга қабул қилишнинг қайта тиклангани водий вилоятлари ёшлари учун катта имконият яратди.

Мазкур таълим даргоҳи учун ажратилган бинода 5 миллиард сўмлик қурилиш-бунёдкорлик ишлари олиб борилиб, ўқув бинолари ва жиҳозлари янгиланди. Ўқув-услубий қўлланмалар, бадиий адабиётларни жамлаган ахборот-ресурс маркази, компьютер хоналари ташкил этилди. Замонавий лаборатория жиҳозлари билан таъминланди. Белгиланган барча юмушлар ўз муддатида бажарилиши натижасида 2018-2019 ўқув йили учун тиббий таълим, тиббий педагогика ва олий ҳамширалик факультетларига 130 нафар талаба қабул қилинди. Янги ўқув йилидан бошлаб бу ерда 500 дан зиёд талабага 9 нафар фан доктори, 34 фан номзоди ва малакали ўқитувчи-мураббийлар сабоқ беради.

4.jpg

– Вилоят ҳокимлигининг кўмаги билан кейинги босқичда 9 миллиард 100 миллион сўмлик капитал реконструкция, жиҳозлаш ишларини амалга ошириш кўзда тутилган, – дейди Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиали директори Ғофиржон Султонов. – Ҳозирги кунда филиалимиз томонидан Россия, Жанубий Корея, Германия сингари мамлакатлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бугунги "Мустақиллик дарслари" Тожикистондан ташриф буюрган бир гуруҳ олимлар, вилоятимиздаги профессор-ўқитувчилар иштирокида ўтказилиб, унда талаба-ёшларга мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси, тиббиёт соҳасида эришилаётган ютуқлар алоҳида таъкидланди.

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат) ЎзА
6 057