ЎзА Ўзбек

11.09.2019 Чоп этиш версияси

Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида Германия билан ҳамкорликда ўқув лабораторияси очилди

Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида Германия билан ҳамкорликда ўқув лабораторияси очилди

Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида Германия билан ҳамкорликда ташкил этилган “Truchler training” ўқув лабораториясининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда институт профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар ҳамда “Truchler” фирмасининг савдо бўйича директори Маркус Вурстер, фирма менежери Вилфрид Готманнс, ҳамда бош ходими Виталий Шулс, Россия Федератив Республикасининг Иванова давлат политехника университети ректори Э.В.Румянсев ва бошқалар иштирок этишди.

Маросимни институт ўқув ишлари бўйича проректори, профессор Холида Комилова очиб берди. Шундан сўнг, Германия вакиллари институт жамоасини бугунги катта тантана билан самимий муборакбод этди.

photo5461083726575414221.jpg

Тадбирни ташкил этишдан мақсад, аввало, Ўзбекистон ва Германия давлатлари ўртасидаги дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш,“Truchler” фирмасининг янги жиҳозлари орқали ўқув лабораторияда изланувчи талабалар билимларини янада ошириб, назария ва амалиёт уйғунлигини бир вақтда олиб бориш имкониятига эга бўлишдир. 

Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида мазкур фирма билан чет эл инвестицияларини жалб қилиш мақсадида жорий йилнинг 12 февраль куни ҳамкорлик шартномаси имзоланган эди. Бугун у ўз самарасини кўрсатмоқда. 

photo5460821682030750441.jpg

“Truchler” компаниясининг бугунги ҳамкорликда очилган ўқув лаборатория жиҳозларига жами 123 803 евро миқдоридаги сармоя ажратилди. Натижада институт ўқув лабораториясига ТС 15 тараш машинаси ва ТД 10 пилталаш машиналари тақдим этилди. 

2 143
ЎзА