Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.08.2018 18:55 Чоп этиш версияси

Эски шаҳарни бузиш бўйича ҳаракатлар тўхтатилади

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 17 августдаги “Тошкент шаҳрида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш бўйича ҳуқуқий эксперимент тўғрисида”ги фармони эълон қилинган эди. 

Сўнгги йилларда барча ҳудудларни комплекс ривожлантиришга, жойларда юзага келаётган муаммоларни ўз вақтида ва самарали ҳал қилишга қодир маҳаллий ижро этувчи ҳокимият тузилмасини такомиллаштириш бўйича салмоқли ишлар қилинмоқда. 

Бундан тезкор ривожланаётган пойтахтимиз ҳам мустасно эмас. Зеро, Тошкент шаҳрида ишларнинг ҳақиқий аҳволини ўрганиш иқтисодиёт тармоқларини жадал ривожлантириш ва модернизация қилиш, инвестицияларни жалб этиш, ижтимоий соҳани такомиллаштириш, аҳолининг энг муҳим муаммоларини тезкор ҳал қилишни даврнинг ўзи талаб этаётир. 

Фармонда белгиланишича, пойтахт ва унинг таркибига кирувчи туманлар ҳокимликлари бошқаруви аппаратлари негизида халқ депутатлари Кенгаши тасдиқлаган бюджет доирасида Тошкент шаҳар ва туманлар ҳокимлари девонлари ташкил этилади. 

Шунингдек, Тошкент шаҳар ободонлаштириш бош бошқармаси ҳузуридаги Каналларни сақлаш, фойдаланиш ва таъмирлаш бўйича ихтисослашган бошқарма негизида Тошкент шаҳар каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бошқармаси ташкил этилиши бу борадаги ишларни тизимлаштиришда муҳим аҳамият касб этади. 

Пойтахт ҳудудида жойлашган каналлар ва улардаги иншоотларни сақлаш бўйича ягона техника сиёсатини олиб бориш имконияти яратилиб, сув хўжалиги иншоотларининг тегишли санитар ҳолати ва техник ишончлилигини таъминлаш имконияти пайдо бўлади. 

Каналларни санитар тозалашни комплекс ва тубдан яхшилаш, каналларга туташ ҳудудларни санитар, экологик меъёр ва қоидаларга мувофиқ ободонлаштириш аҳоли саломатлигини асрашда муҳим аҳамиятга эга. 

Шаҳар транспортини тартибга солиш ва ривожлантиришнинг самарали механизмларини ташкил этиш, бошқариш, ишлаб чиқиш ва қўллаш тизимини такомиллаштириш, транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмаси, шунингдек, автомобиль тўхташ жойларини ривожлантириш соҳасида шаҳар дастурларини ишлаб чиқиш ишларини мувофиқлаштирадиган Тошкент шаҳар транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш департаменти ташкил этилади. Бу шаҳар йўловчи транспорти фаолият юритишининг ишончлилиги, хавфсизлиги ва қулайлигини оширади. 

Эндиликда доимий асосда фаолият юритувчи халқ депутатлари Кенгаши котибияти фаолияти йўлга қўйилади. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти устидан депутатлик, жамоатчилик назоратини амалга ошириш, ҳокимлар ва давлат бошқаруви ҳудудий органлари фаолиятини тизимли ва танқидий таҳлил қилиш бўйича халқ депутатлари Кенгашининг ишларини янада кучайтириш чоралари кўрилади. Бу бизнинг зиммамиздаги масъулиятни ҳам янада оширади. 

Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқланиб, пойтахтни архитектура жиҳатидан ривожлантиришнинг истиқболлари аниқ белгиланиб олмагунча шаҳарнинг эски шаҳар қисмида бузиш, реконструкция қилиш ва капитал қурилиш бўйича ишларни олиб бориш тўхтатилади. Бу ҳам аҳоли тинчлигини таъминлаш билан бирга, мақсадли дастур асосида узоқ йиллар фуқароларимиз учун хизмат қиладиган муҳим қурилиш объектларини тизимли қуришни ташкил этишда аҳамиятлидир. 

Бу каби саъй-ҳаракатлар ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этишда комплекс ёндашув ҳамда ҳокимлар ва улар ўринбосарларининг давлат бошқаруви органлари ҳудудий бўлинмалари билан яқин ўзаро ҳамкорлигини йўлга қўйишга хизмат қилади. 

Шунингдек, келгусида тадбиркорлик субъектлари фаолияти янада кенгаяди. Депутатлик ва жамоатчилик назорати механизмларининг тизимли ишлаши таъминланади. 

Ислоҳотларнинг барчаси инсон учун, унинг манфаатлари учун деган тамойил айни фармон асосида амалга ошириладиган ишларда ҳам ўз ифодасини топади. 

Равшан Юсупов,
Юнусобод туманидаги
"Мирзо Улуғбек“ МФЙ раиси,
халқ депутатлари туман Кенгаши депутати.

ЎзА
4 013