ЎзА Ўзбек

18.09.2020 Чоп этиш версияси

"Тошкент шаҳар сув таъминоти" МЧЖ: сизни алдашларига йўл қўйманг!

"Тошкент шаҳар сув таъминоти" МЧЖ: сизни алдашларига йўл қўйманг!

Кейинги кунларда хонадонларга кириб, ўзларини "сув таъминоти ходими" сифатида таништириб, сув ўлчагичларни қиёслашдан ўтказиб беришни таклиф этаётган уддабуронлар хатти-ҳаракатидан норози бўлиб, шикоят қилаётганлар кўпаймоқда.

Йиғилган маълумотларга кўра хонадонларга кириб бораётган бундай "ҳожатбарорлар" ўзларини "Тошкент шаҳар сув таъминоти" (аввалги Сувсоз корхонаси) ходими сифатида таништириб, маълум маблағ ҳисобига мижозларга ҳисоблагичларни давлат қиёсловидан ўтказиб бериш хизматларини таклиф этмоқда. Уларни ечиб олиб, кўп ҳолларда қайтиб олиб келиб ўрнатишни ҳам унутмоқда.

Боиси улар ҳисоблагичларни ҳеч қандай текширувдан ўтказмайдилар. Текширувдан ўтмаган ҳисоблагич эса ҳеч қаерда қайд ҳам этилмайди. Бу эса истеъмолчи тўлаган пул ва йўқотган вақти ҳавога учди, деганидир.

Қайд этиш керакки, юртимизда сув таъминоти билан боғлиқ муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш, назоратни тизимли ташкил этиш мақсадида қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилинган ва уни амалга ошириш бўйича самарали ишлар бажарилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг "Юридик ва жисмоний шахсларнинг электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарини (ҳисоблагичларни) ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори ушбу самарали ишлар жумласидандир.

Унга кўра, юридик ва жисмоний шахслар сув, электр энергияси ҳамда газ ўлчагичларини давлат қиёслов текширувидан ўтказиш учун Давлат хизматлари агентлигига мурожаат қилишлари белгиланган.

Масалан, сув ўлчагични текширувдан ўтказмоқчи бўлган мижознинг Давлат хизматларига қилган мурожаати асосида "Тошкент шаҳар сув таъминоти" нинг сув ўлчагич хизмати ходимлари ўлчагични ечиб олиб, текширувдан ўтказиб, қайта ўрнатиб берадилар. Бажарилган иш юзасидан эса далолатнома расмийлаштирилади.

"Тошкент шаҳар сув таъминоти" ахборот хизмати хонадонингизга кириб келиб, ўзини хизмат кўрсатувчи қилиб кўрсатган ҳар қандай кишига ишонавермасликни, шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан танишишни маслаҳат бермоқда.

Бу билан ҳам кифояланмай унинг иш жойига қўнғироқ қилинг ва келган ходим ҳақидаги маълумотларни тасдиқлаб олинг. Ана шунда сиз асоссиз маблағ ва вақт йўқотмайсиз.

Жумладан, ўзини "Тошкент шаҳар сув таъминоти" ходими, деб таништирган ходим ҳақида маълумот олиш учун ҳудудий бўлимларнинг қуйидаги телефонларига қўнғироқ қилинг

"Сув ўлчагич хизмати" УК — 71 289-13-67

М.Улуғбек тумани — 71 262-75-62

Олмазор тумани — 71 246-03-84

Учтепа тумани — 71 217-27-68

Яшнабод тумани — 71 295-60-33

Бектемир тумани — 71 295-63-21

Юнусобод тумани — 71 235-13-14

Сергели тумани — 71 258-32-93

Чилонзор тумани — 71 276-18-33

Шайхонтоҳур тумани — 71 273-06-17

Миробод тумани — 71 254-59-46

Яккасарой тумани — 71 254-59-31

2 371
ЎзА