ЎзА Ўзбек

16.02.2019 23:45 Чоп этиш версияси

​Тошкент шаҳар ҳокимлигида ўтказилган очиқ мулоқотда Жаҳонгир Ортиқхўжаев миш-мишларга ойдинлик киритди

​Тошкент шаҳар ҳокимлигида ўтказилган очиқ мулоқотда Жаҳонгир Ортиқхўжаев миш-мишларга ойдинлик киритди

Бугун Тошкент шаҳар ҳокимлигида пойтахт туманлари ҳокимлари, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари ва журналистлар иштирокида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Унда 2019 йилда амалга оширилиши кутилаётган режалар ҳақида батафсил маълумот берилди. 

– Тошкент шаҳрида жорий йилда 32 триллион сўмлик инвестиция дастури амалга оширилади. Шундан 2 миллиард 700 миллион доллар маблағ тўғридан-тўғри инвестициялар орқали жалб қилиниши режалаштирилган, – деди Тошкент шаҳар ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Шерзод Хаджизодаев. – Пойтахтнинг ялпи ички маҳсулоти 2018 йилда 53 триллион сўмни ташкил этди. 2019 йилда бу кўрсаткич 62 триллион сўмга етказилиши кутилмоқда. Хусусий секторда ўтган йили 12 мингта янги корхона ташкил қилинган бўлса, жорий йилда 25 мингдан кўпроқ хусусий корхоналар ташкил этилиши режалаштирилган. Тошкент шаҳрида инвестицияларни жалб қилиш натижасида 110 мингта янги иш ўринлари яратилиши кутилмоқда.

Таъкидланишича, ўтган йили Тошкент шаҳрида 3200 та бўш турган бино аниқланди. Бугунги кундан шундан 2 мингдан ортиғида мулк эгалари иш бошлаган. Шаҳарнинг аҳолиси зич яшаётган Шайхонтоҳур, Олмазор туманларида янги ишлаб чиқариш корхоналарини яратиш учун жой масаласи энг долзарб масала ҳисобланади. Шунинг учун, Президентимиз ташаббуси билан Тошкент вилоятининг пойтахтга туташ қисмидан 40 гектар ер майдони технопаркларни барпо этиш мақсадида ажратилган. Жорий йилда 19 триллион 800 миллиард сўм маблағ давлат бюжетига туширилади. Тошкент шаҳрининг ички йўлларида йиллар давомида носозликлар бор эди. Ўтган йили шаҳардаги ички йўлларни таъмирлашга 50 миллиард сўм маблағ сарфланган бўлса, жорий йилда 150 миллард сўм ажратилади. 

– 2017 йили Тошкент шаҳрида 7 минг 976 та хонадон ўз эгаларига топширилган эди, – дейди Тошкент шаҳар ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Даврон Ҳидоятов. – 2018 йилда эса пойтахтда 11 минг 400 хонадонли уйлар қурилган. Дастлабки ҳисобга кўра, бугун пойтахтда 750 мингта оила яшайди. Улардан 150 мингтасининг уйга эҳтиёжи бор. Буни ҳисобга олиб жорий йилда 20 мингта хонадон қурилади. Бундан ташқари, айни пайтда Олмазор тумани Ёшлик шаҳарчасида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Ишчилар уч сменада ишламоқда. Қурилиш ишлари тез кунларда якунланади.

Хабарингиз бор, оммавий ахборот воситаларида Тошкент шаҳридаги иккита олий таълим муассасаси шаҳар ташқарисига кўчирилиши мумкин, деган хабарлар тарқалди. Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳамда Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетларининг шаҳардан ташқарига кўчирилиши ҳақида оммавий ахборот воситаларида тарқатилган маълумотлар орқали хабар топганини, бу гап-сўзлар асоссиз эканини маълум қилди.

Очиқ мулоқотда шаҳар ҳокими фаолиятидаги энг катта муаммони айтди.

– Уйлари бузилиш режасига тушган аҳолининг 60 фоизи берилган компенсацияни олиб, бошқа жойга кўчиб кетишга рози, бироқ қолганлари ўз уйидан кўчиб кетишни истамайди, – деди Жаҳонгир Ортиқхўжаев. – Ваҳоланки, биз уларнинг ҳар бирига ҳозирги яшаб турган жойидан ҳам яхшироқ жойни таклиф қилиб чиқаяпмиз. Мақсадимиз аҳолини рози қилиш. Фуқароларимиз пойтахтимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни тўғри тушунишини истардик.

Очиқ мулоқотда журналистлар саволларига тегишли тартибда жавоб берилди.

Хуршид Қодиров, ЎзА
10 357