Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

11.09.2018 19:56 Чоп этиш версияси

“Тошкент шаҳар фахрий фуқароси” унвони кимга насиб қилди?!

Тошкент шаҳар ҳокимлигида халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 40-сессияси бўлиб ўтди. Унда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашида тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари бўйича комиссияси тузилди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматининг маълумотига кўра, сессияда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан "Тошкент шаҳри Миробод туманидаги "Яккачинор" кўчасига янги ном бериш тўғрисида"ги қарор қабул қилинди. Эндиликда ушбу кўча буюк белорусь шоири Якуб Колас номи билан аталадиган бўлди.

Сессия ишида Ҳиндистон-Ўзбекистон давлатларининг ўзаро ҳамдўстлигини мустаҳкамлаш, Тошкент шаҳри аҳолиси ва маъмурияти олдидаги сиёсат, фан, маданият, спорт, ёшларни тарбиялаш ва ривожлантириш, Тошкент ва Деҳли шаҳарлари дўстлигини ривожлантириш борасида юксак хизматларини инобатга олиб, Ҳиндистон-Ўзбекистон дўстлик жамияти раиси Анил Кумар Шастрига “Тошкент шаҳар Фахрий фуқароси” унвонини бериш тўғрисидаги қарор тасдиқланди.

Шу билан бирга, айрим депутатларнинг ваколатлари муддатидан илгари тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан бўшаб қолган сайлов округлар учун депутатлар сайлови 2018 йил 14 октябрь, якшанба куни қилиб белгиланди.

ЎзА