Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.01.2018 18:29 Чоп этиш версияси

Тошкент педиатрия тиббиёт институти битирувчиси Президентимиздан миннатдор эканлигини айтди

Тошкент педиатрия тиббиёт институти битирувчиси Президентимиздан миннатдор эканлигини айтди
Мамлакатимизда 11 мингдан зиёд мутахассис шифокорга эҳтиёж борлиги аниқланган. Шу сабабли Президентимиз ташаббуси билан бирламчи тизимда кадрлар таъминотини яхшилаш мақсадида жорий йил уч мингдан зиёд бакалаврнинг қарийб 80 фоизи бирламчи тизимга жалб қилинди.

Тошкент педиатрия тиббиёт институтида бакалавриатнинг 7-курси ва ординатуранинг 2-курси битирувчилари "Шифокорликка қасамёд" тадбирида ана шулар ҳақида сўз юритилди.

Тошкент педиатрия тиббиёт институтида 2017-2018 ўқув йили бакалавриатнинг 7-курси ва клиник ординатуранинг 2-курси битирувчиларининг якуний давлат аттестациялари 2018 йил 2 январдан 6 январга қадар ўтказилди. Жорий йилда институтнинг «Даволаш иши», «Касбий таълим», «Педиатрия иши» йўналишларини 407 нафар, клиник ординатурани эса 97 нафар талаба битирди.

3.jpg

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармалари билан ҳамкорликда бир ой муддатда тиббиёт кадрларига бўлган эҳтиёж ҳудудлар, туманлар ва шифо масканлари бўйича аниқланди. Ушбу эҳтиёждан келиб чиқиб, тиббиёт йўналишидаги барча битирувчилар доимий яшаш жойларидаги тиббиёт муассасаларида ўз соҳаси бўйича ишга жойлаштирилди. Улар жорий йилнинг 8 январидан иш фаолиятини бошлайди.

2 (1).jpg

Қашқадарёлик Жаҳонгир Бозоров ҳам ўқишни аъло баҳоларда якунлаб, Қашқадарё вилояти Муборак туманидаги "Туркистон" қишлоқ врачлик пунктида умумий амалиёт шифокори бўлиб ишга жойлашди.

– Устозларимиздан олган билимларимни амалиётда қўллаб, халқимиз учун хизмат қилишга бел боғладим, – дейди Жаҳонгир. – Биз, ёшларга яратилган бундай шароит нафақат бизни, балки ота-оналаримизни ҳам беҳад қувонтирмоқда. Оилам бағрида, ота-онамнинг ёнида ўзим қизиққан соҳада ишлаш доимий орзуим эди. Орзуларимизни рўёбга чиқараётган Президентимиздан миннатдормиз.

Гўзал Сатторова, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА
14 969