ЎзА Ўзбек

15.03.2019 16:31 Чоп этиш версияси

Тошкент метросида йўлни тезроқ топишга ёрдам берадиган янги илова яратилди

Тошкент метросида йўлни тезроқ топишга ёрдам берадиган янги илова яратилди

Тошкент шаҳар метрополитени нафақат пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойи, балки айни дамда энг қулай, ишончли ва тезкор транспорт тури ҳам ҳисобланади.

Ҳар куни пойтахт метрополитенидан камида 180-200 минг нафар киши фойдаланади. Метро станциялари ва вагонларида йўловчилар орасида нафақат гуруҳ бўлиб, балки якка ҳолда ҳам шаҳар бўйлаб саёҳат қилаётган кўплаб хорижий сайёҳларни учратиш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, шаҳримизда “Яндекс.Метро” мобиль иловаси яратилди. Унинг ёрдамида пойтахт аҳолиси ва чет эллик меҳмонлар ўзларига керакли йўналишларни танлашлари, қайси бекатда бошқа йўналишга ўтиш мумкинлиги ва поездлар станцияга қанча вақтда етиб бориши ҳақида маълумотга эга бўлишлари мумкин. Бунинг учун мазкур илова фойдаланувчиси жўнаб кетаётган ва бориши лозим бўлган станцияни кўрсатиши керак бўлади. Дастур бошқа станцияга ўтиш ёки шаҳарга чиқиш учун энг қулай йўналиш ва вагонни автоматик равишда кўрсатади. Иловада ҳар бир станциянинг иш жадвали ва уларнинг шаҳар харитасидаги жойлашуви ҳам акс эттирилган. Шунингдек, унинг ёрдамида саёҳатчилар темир йўл ва автовокзалга ҳам осон етиб бориш имконига эга бўлади. Чунки бу жойлар иловада махсус белгилар билан ажратиб кўрсатилган.

Илова автоном тарзда, интернетга уланмасдан туриб ҳам ишлайди. Айни дамда Android и iOS операцион тизимлари бўйича ишлайдиган смартфонлар ҳам ушбу иловадан фойдаланмоқда. Бунда фойдаланувчи ўз истагига кўра метродаги схема тили – ўзбек ёки рус тилини танлайди. Келгусида мазкур илова харитасига Тошкент шаҳрининг диққатга сазовор жойлари ва бошқа қизиқарли манзиллар ҳам киритилади.

Роман Бондарчук, ЎзА
1 713