ЎзА Ўзбек

14.02.2020 Чоп этиш версияси

Тошкент халқаро инвестиция форуми олдидан брифинг ўтказилди

Тошкент халқаро инвестиция форуми олдидан брифинг ўтказилди

Куала-Лумпур шаҳрида Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси ташаббуси билан Малайзия Эксимбанки, Малайзия ташқи савдони ривожлантириш корпорацияси (МАТРЭЙД) ва Малайзия — Ўзбекистон савдо палатаси (МУТП) ҳамкорлигида Тошкент халқаро инвестиция форуми тақдимотига бағишланган брифинг ташкил этилди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берган.

Анжуман иштирокчиларига ТХИФнинг мақсад-вазифалари ва аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берилди. Бунда истиқболли инвестициявий лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш, янги бозорларга чиқиш ва маҳаллий маҳсулотлар экспортини ташкил этиш мақсадида янги хорижий шериклар топишга алоҳида эътибор қаратилди.

“Эксимбанк” директори Назри Абдул Раҳим ўз чиқишида мазкур банк биргаликдаги инвестициявий ва экспортни кенгайтиришга йўналтирилган лойиҳаларни молиялаштириш учун Ўзбекистоннинг тегишли тижорий тузилмалари ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдор эканини, шунингдек мамлакатимиздаги кичик корхоналар ва хусусий сектор фаолиятини ривожлантириш учун имтиёзли кредитлар ажратиш имкониятларини кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди. Ушбу чора-тадбирлар икки давлат ўртасидаги, жумладан юқори қўшимча таннархга эга харидоргир маҳсулотлар сотувини амалга ошириш борасидаги ҳамкорликни жадаллаштиришга хизмат қилиши қайд этилди.

Шунингдек, банк раҳбари ТХИФда “Эксимбанк” номидан шахсан ўзи ва банк раиси Фейзал Мустафо иштирок этишини маълум қилди.

1 570
ЎзА