ЎзА Ўзбек

08.01.2018 15:00 Чоп этиш версияси

Тошкент давлат аграр университетида аскарлар, уларнинг ота-оналари иштирокида видеомулоқот ўтказилди

Тошкент давлат аграр университетида Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 26 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб Тошкент ва Бухоро вилоятларида муддатли ҳарбий хизмат бурчини ўтаётган аскарлар, уларнинг ота-оналари иштирокида ўтказилган видеомулоқот шундай номланди.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Тошкент ва Бухоро вилоятлари ҳокимликлари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимиз мудофаа қудратини янада мустаҳкамлаш, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаёти, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш мақсадида миллий армиямизда амалга оширилаётган ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

Байрамона руҳда ўтган видеомулоқотда ҳокимликлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари аскарларни Ватан ҳимоячилари куни билан табриклаб, уларга эсдалик совғалари топширди.

Ота-оналар ва фарзандларнинг экран орқали мулоқоти давомида аскарлар ҳарбий хизматни кўнгилдагидек ўтаётгани, ҳарбий билим ва кўникмаларни пухта ўзлаштираётгани, ҳарбий қисмда яратилган шароитлар, жисмоний машғулотлари ҳақида сўзлаб берди.

Янгийўл шаҳри “Ромадон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Элмира Музаффарованинг ўғли Бухоро вилоятидаги ҳарбий қисмлардан бирида йигитлик бурчини ўтамоқда.

– Ўғлим Аҳроржон ёшлигидан ҳарбий бўлишни орзу қилар эди, – дейди Элмира опа. – У билан телефон орқали тез-тез гаплашиб турардиму, мана бундай шароитда телемулоқот орқали дўстлари билан ёнма-ён турганини кўриш, юзма-юз гаплашиш бошқача бўлди. Унинг гап-сўзларидан анча улғайгани билиниб турди. Ўғлимга ҳарбий хизматдаги интизоми, эришган ютуқлари учун берилган фахрий ёрлиқни кўриб, кўз ёшларимни тиёлмадим.

Видеомулоқотда Тошкент вилоятида хизмат қилаётган бухоролик аскарлар ҳам фаол қатнашиб, ота-оналарига қўлга киритган муваффақиятлари ҳақида сўзлаб берди.

– Ҳарбий хизматга келиб, юрт ҳимоячиси бўлишдек улкан масъулият ва юксак шарафни чин юракдан ҳис қилдим, – дейди Тошкент вилоятидаги ҳарбий қисмлардан бирида хизмат қилаётган оддий аскар Фурқат Санаев. – Аскарлик даврида ҳаётга муносабатим тубдан ўзгарди, дунёқарашим кенгайди. Кўплаб дўстлар орттирдим. Онам билан суҳбатда ана шулар ҳақида айтиб бердим. Келгусида олий ўқув юртида ўқишни давом эттириб, етук мутахассис бўлишни мақсад қилганман.

Тадбирда ҳарбийлар ва уларнинг ота-оналарига юксак эҳтиром кўрсатилиб, бадиий жамоалар, таниқли санъаткорлар ижросида концерт дастури намойиш этилди.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
9 511