ЎзА Ўзбек

10.10.2020 Чоп этиш версияси

"Тонировка" нархи арзонлаштирилди, лекин биз бунга рози эмасмиз"

"Тонировка" нархи арзонлаштирилди, лекин биз бунга рози эмасмиз"

Ҳукуматнинг тегишли қарори (№635, 09.10.2020 й) билан, туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали автотранспорт воситаларидан фойдаланишни тартибга солиш бўйича айрим ўзгаришлар киритилди.

Жумладан, М1, N1 ва N2 тоифага оид автотранспорт воситалари орқа ён ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома бериш учун тўлов ставкалари жисмоний шахслар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари (1 млн. 115 минг сўм) этиб белгиланди. Бунга қадар ушбу миқдор БҲМнинг 10 баравари (2 млн 230 минг сўм) эди.

Юридик шахсларга орқа ён ойнани қорайтириш учун тўлов миқдори ўзгармаган - БҲМнинг 10 баравари (2 млн 230 минг сўм). Шунингдек, орқа ва олд ён ойналар бўйича тусини ўзгартиришнинг тўлови миқдори ҳам аввалгидек сақланиб қолди, яъни жисмоний ва юридик шахслар учун БҲМнинг 50 баравари (11 млн 150 минг сўм) миқдорини ташкил этади.

Аслида бу масала Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси депутати Жаҳонгир ЗИЯЕВ томонидан шу йилнинг август ойида кўтарилган бўлиб, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда роса муҳокама қилинганди. Кейин бу масала партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясида муҳокама қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига жамоатчилик талаби ва хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда автомобиль ойналари тусини ўзгартириш учун белгиланган тўловларни бутунлай бекор қилиш бўйича таклиф хати жўнатилган эди.

– Биз ҳукуматнинг бу борадаги тегишли қароридан рози эмасмиз, – деди депутат Ж.Зияев. – Партия автомобиль ойналари тусини ўзгартириш учун белгиланган тўловларни қисман эмас, бутунлай бекор қилиш таклифини илгари сурган эди. Лекин... Нима бўлганда ҳам хурсандмиз. Бу бошланиши, албатта. Демак, тўловларни бутунлай бекор қилиш бўйича тегишли идораларни безовта қилишда давом этамиз.

8 276
ЎзА