ЎзА Ўзбек

18.07.2018 17:48 Чоп этиш версияси

“Тонировка” масаласида қарор қабул қилинди. Энди у пуллик!

“Тонировка” масаласида қарор қабул қилинди. Энди у пуллик! 2018 йил 1 августдан қорайтирилган ойнали енгил автотранспорт воситаларидан пулли асосда фойдаланишга рухсат берилди. Хўш, у қанчага тушади?

Туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали енгил автотранспорт воситаларидан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида Ҳукумат қарори қабул қилингани ҳақида Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар қилмоқда.

Қарорга мувофиқ:

2018 йил 1 августдан қорайтирилган ойнали енгил автотранспорт воситаларидан пулли асосда фойдаланишга рухсат берилди;

  • ойналарни қорайтириш Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги “Инновация лойиҳалари ва аҳолига сервис хизматлари кўрсатиш маркази” ДУК томонидан амалга оширилади;
  • ойналарни қорайтириш учун Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ДЙҲХХ)дан рухсатнома (1 йилга берилади) олиш керак;
  • орқа ойнани ёруғлик ўтказувчанлик беш фоиздан кам бўлмаган (95 фоизга қорайтириш), орқа ён ойналарни ёруғлик ўтказувчанлик 30 фоиздан кам бўлмаган (70 фоизга қорайтириш) даражада ўзгартириш мумкин;
  • олд ойнанинг тепа қисмини 14 см дан кўп бўлмаган ва ёруғлик ўтказувчанлик 30 фоиздан кам бўлмаган шаклда ўзгартириш учун рухсатнома шарт эмас;
  • хорижий давлатларнинг ойналари қорайтирилган енгил автотранспорт воситаларини Ўзбекистонга вақтинча кириши ва транзит ҳаракатланиши учун 15 АҚШ доллари миқдорида йиғим ундирилади.

Қорайтиришга рухсатнома берганлик учун тўловлар:

жисмоний шахсларга энг кам иш ҳақининг 90 баравари (16 587 000 сўм);

юридик шахсларга энг кам иш ҳақининг 120 баравари (22 116 000 сўм);

хорижий давлатлар юридик шахсларига энг кам иш ҳақининг 140 баравари (25 802 000 сўм).

ЎзА
22 047