ЎзА Ўзбек

06.08.2020 Чоп этиш версияси

"Томорқадан сув томмаса, томорқачи айбдорми?"

"Томорқадан сув томмаса, томорқачи айбдорми?"


"Одамзод табиатан рақамларга бошқача кўз билан қарайди. Масалан, ҳаётида бўлажак бирор-бир муҳим воқеани, айтайлик, никоҳ тўйини чиройли сонлардан ташкил топган йилга ёхуд кунга белгилашга, телефонига "олтин рақам" олишга ёки машинасига бир хил сонлардан иборат давлат рақами тақишга интилади. Балки ҳамма ҳам бундай эмасдир. Лекин аксарият кишилар шундай, чиройли сонларга қизиқади ва аҳамият беради. У орқали яхшилик келишига ишонади... Дейлик, 5, 7, 10 рақамини хосиятли, 13 ни эса хосиятсиз, деб билади... "

"Халқ сўзи" газетасида эълон қилинган журналист Шавкат Ортиқовнинг "Инсон матонати синалаётган йил" сарлавҳали мақоласи ана шундай мулоҳазалар билан бошланган. "Бироқ инсон барибир ожиз, – деб ёзади муаллиф. – Бошига қандай кунлар келишини олдиндан билолмайди. Баъзан шундай кутилмаган ҳодисалар рўй берадики, натижада яхшилик ёки ёмонликнинг "ташрифи" рақамларга асло дахлдор эмаслиги аён бўлиб қолади. Буни, мана, 2020 йил мисолида ҳам кўряпмиз. 2020 – қандай чиройли рақам, шундай эмасми? Уни улкан орзу-умидлар билан кутиб олгандик, мақсадларимиз, ниятларимиз бошқача эди. Лекин амалда ҳаммаси салбий томонга ўзгариб кетди.

Жорий йилда инсоният шундай оғир синовларга дуч келдики, унинг гирдобидан ҳамон қутулолгани йўқ...

... Ўзбекистонда яширин иқтисодиётнинг даражаси бирор халқаро рейтингларда акс этмаган. Бу бизда яширин иқтисодиёт йўқлигидан эмас, балки узоқ йиллар давомида мамлакатимизда бунга масъул идораларнинг халқаро рейтингларда қатнашмасликни афзал билганидадир. Худдики муаммони инкор қилсак, у ўз-ўзидан бартараф бўлиб қоладигандек...

"Янги Ўзбекистон" газетасида чоп этилган "Яширин иқтисодиёт: самарали кураш учун бирлашиш зарур" сарлавҳали материал айни шу мавзу таҳлилига бағишланган. Мақола муаллифи, ЎзЛиДеП Сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раисининг ўринбосари Бахтиёр Якубовнинг ёзишича, яширин иқтисодиёт — ижтимоий муаммо. Айнан шунинг учун ҳам у билан фақатгина давлат имкониятлари билан курашиш етарли бўлмайди. Жамиятдаги бошқа кучлар, биринчи навбатда, тадбиркорлар, кенг жамоатчилик бу муаммога ўз муаммоси сифатида қарасагина, уни ҳал қилишда сезиларли натижаларга эришиш мумкин. Демак, тадбиркорлар билан очиқ мулоқот орқали бугун уларнинг ишига халақит бераётган муаммолар нимадан иборатлигини аниқлаш ва ўз вақтида бартараф этиш имконини беради...

Аввалига Facebookдаги газетамиз профилида, кейин эса шахсий саҳифамизда ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари муносабатини билиш учун худди шундай саволларни ўртага ташладик, – дейилади "XXI asr" газетасида эълон қилинган "Кам таъминланган" ва "камбағаллик" мезонлари қандай белгиланади?" сарлавҳали мақолада. – Баҳс-мунозара биз кутганимиздан кўра қизғин тус олди. Айниқса, Президентимиз ташаббуси билан коронавирус пандемияси шароитида эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилиб, аҳолига бир марталик моддий ёрдам тарқатиш билан боғлиқ жараёнлар оммавий ахборот воситаларида изчил ёритилди. Лекин ҳамма жойда ҳам ушбу маблағлар адолатли тақсимланмаганлиги хусусида ҳамон тортишувлар давом этаётир. Хўш, ким ҳақ, ким ноҳақ? Материалда ушбу саволга мутасаддилар, экспертлар, журналистлар ва жамоатчилик вакилларининг фикр-мулоҳазалари келтирилган...

"Mahalla" газетасида "Томорқадан сув томмаса, томорқачи айбдорми?" номли мақола эълон қилинган. Унда қайд этилишича, пандемия шароитида аҳолининг томорқадан янада самарали фойдаланиши лозимлиги кенг тарғиб қилиняпти. Тўғри, синовли кунлар келганда, мамлакат олдида озиқ-овқат захирасини яратиш, озиқ-овқат хавфсизлигини ўйлаш муҳим бўлган паллада томорқадан фойдаланмай, уни қаровсиз ташлаб қўйиш қайсидир маънода хиёнатдек кўринади. Шундай кишилар ҳам йўқ эмас. Аммо..." Сув масаласи ҳозирда ҳам жиддий муаммо бўлиб, аҳоли ўртасида олиб борилган ўрганишлар ирригация тизимининг катта ислоҳотларга муҳтожлигини кўрсатади, – деб ёзади материал муаллифи Санжар Исматов. – Сабаби, илгари тўлиб-тошиб оққан ариқ, канал, зовурларнинг кўпи бугун кўмилиб кетган. Шаҳарларда ҳам, қишлоқларда ҳам хонадонлар, маҳалла ичидан оқиб ўтадиган ариқлар аҳоли ташлаган чиқинди ёки ноқонуний қурилмалар оқибатида йўқолиб кетган..."

* * *

Янги рукн ва бугунги шарҳ ҳақидаги фикр, таклиф ва истакларингизни pochta@uza.uz манзилида кутиб қоламиз.



3 494
ЎзА