ЎзА Ўзбек

11.03.2020 Чоп этиш версияси

Томорқадан хорижга​

Томорқадан хорижга​

Андижон вилояти Асака туманидаги 47 мингдан зиёд аҳоли хонадонлари ҳамда деҳқон хўжаликлари тасарруфида 2 минг 906 гектар экин майдони мавжуд.

Асосан мева, сабзавот, узум ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириладиган туманда томорқадан унумли фойдаланиш, имкон қадар кўп даромад олиш борасида ўзига хос, илғор тажриба шаклланган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 январдаги “Деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқалари ер участкаларидан янада самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида тумандаги ҳар бир маҳалла ички ва ташқи бозор талаблари асосида экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштирилмоқда.

Мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш мақсадида тумандаги “Обод турмуш орзуси” кластери тасарруфида “Томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилди. Айни кунда мазкур жамият мутахассислари томонидан деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига шартнома асосида уруғ, кўчат ва бошқа зарур моддий ресурслар етказиб берилмоқда. Деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томонидан ўз томорқасида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари келгусида белгиланган нархларда сотиб олиниб, экспорт қилинади.

– Қарорда маҳаллаларда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш ва экспорт қилиш ишларига қатор вазирликлар, ҳокимликлар томонидан амалий ёрдам кўрсатилиши белгиланган, – дейди Асака тумани фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Баҳодиржон Икромов. – Қарорда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларига баҳорги экинларни жойлаштириш, шунингдек, экинларни экиш, моддий ресурслар етказиб бериш ва маҳсулотлар сотиб олинишини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, тасдиқланди.

Айни кунларда мазкур йўналишда амалий ишлар олиб борилмоқда. Аҳоли хонадонларига экиш учун уруғ ва кўчатлар етказиб берилмоқда. Бу албатта, томорқадан янада самарали фойдаланиш учун кенг имкониятлар эшигини очиб беради.

Энг асосийси, эндиликда ўз хонадонида маҳсулот етиштириб, “Томорқа хизмати” МЧЖга сотган фуқароларнинг меҳнат фаолияти иш стажи сифатида ҳисобга олинади. Чунки маҳсулот сотиб олаётган жамият ана шу фуқаро учун пенсия жамғармасига тегишли маблағни ўтказиб боради. Бундан ташқари, имконияти чекланган ва кам таъминланган томорқа ер эгаларига амалий ёрдам кўрсатилади. Маҳаллаларда иш билан банд бўлмаган аҳоли вакиллари мазкур йўналишдаги ишларга жалб этилади. Бу орқали туманда фойдаланилмай турган бирорта ҳам томорқа қолмайди, қолаверса, маълум даражада бандлик масаласи ҳал этилади.

1 870
Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА