ЎзА Ўзбек

25.09.2019 Чоп этиш версияси

Томорқа – йил бўйи меҳнат, йил бўйи даромад

Томорқа – йил бўйи меҳнат, йил бўйи даромад

Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги Туюқли маҳалласи аҳолиси томорқадан самарали фойдаланиш ҳадисини олган. Маҳаллада 100 зиёд хонадонда иссиқхона бор.

Фотима Бегимқулова бундан бир неча йил олдин 2 сотихли иссиқхона барпо этган эди. Ҳар йили қиш ойида бозорга икки тонна бодринг сотади. Қишнинг охирида бодрингдан бўшаган ерга редиска экади. Ер бўш турмайди. Иссиқхонанинг ўзидан 25-30 миллион даромад қилади.

Бундан ташқари, 3 сотих очиқ майдонга саримсоқ эккан. Уни қиш ойларида сотади. Миришкор оила 5 сотих томорқасидан бир йилда 85-90 миллион сўм даромад олмоқда.

– Ҳозиргача маҳалламиздаги хонадонлар томорқаларида 6,5 гектар майдонга тўқсонбости экинлари экилди, – дейди “Туёқли” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Тўлқин Тўхтабоев. – Маҳалламиз аҳли томорқадан йил бўйи даромад олишга ўрганган. Бу ишнинг яна бир яхши томони оилада болалар меҳнатга ўрганади, уларда деҳқончилик, тадбиркорлик маданияти шаклланади.

Ҳудуди Жиззах шаҳрига туташ туманда қадимдан зироатчилик аҳолининг асосий касби, даромад манбаи бўлиб келган. Ҳукуматимиз томонидан томорқачиликни ривожлантириш ва рағбатлантиришга қаратилаётган эътибор самарасида туман аҳолисининг шаҳар бозори серобчилигини таъминлашдаги ҳиссаси янада ортди.

Туман ҳудудидаги 33 минг 215 хонадон 1 минг 700 гектар ер майдонига эга. Кейинги йилларда бу томорқа майдонларининг асосий қисмидан унумли фойдаланилмоқда.

Ишчи гуруҳ маълумотига кўра, бу йил хонадонлардаги 443 гектар майдонга тўқсонбости экинлари экиш режалаштирилган. Август, сентябр ойларида 77 гектар ерга пиёз, 70,2 гектар ерга саримсоқ экилган. Бошқа экинларни экиш давом этаётир.

4 102
Т.БЕКНАЗАРОВ, ЎзА