ЎзА Ўзбек

04.04.2018 14:11 Чоп этиш версияси

Томорқа хўжалигидан самарали фойдаланиш – долзарб масала

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Давлат солиқ қўмитаси ҳамкорлигида аҳоли томорқа хўжалигидан самарали фойдаланиш бўйича ўқув-амалий семинар ўтказилди.

Ўқув-семинарга Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги аҳоли томорқа хўжаликларига масъул бўлган барча ишчи гуруҳ аъзолари таклиф этилди.

Семинарда юртимизда кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, томорқадан унумли фойдаланиш учун кенг имкониятлар яратилаётгани таъкидланди. Аҳоли томорқасидан самарали фойдаланишга қаратилган эътибор сабаб, нафақат озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ҳажми ортмоқда, балки оилаларнинг турмуш фаровонлиги, даромади ҳам юксалмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 мартдаги “Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлашга қаратилган галдаги вазифалар белгилаб олинди.

Бу борада Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, бошқа вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда махсус электрон дастур ишлаб чиқилиб, ижросини таъминлаш юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Ўқув-семинарда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири раҳбарлигида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Солиқ, Статистика қўмиталари ва Молия вазирлиги ходимларидан иборат Республика ишчи гуруҳи штаби ташкил этилгани айтилди.

Семинарда “Экин экиш ойлиги” давомида қилиниши керак бўлган чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Аҳоли томорқасида экин экилишининг мониторингини юритиш, шаҳар ва туманлар ҳокимларининг захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан кам таъминланган оилаларга берилган мевали ва бошқа дарахт кўчатлари экилганини тўлиқ ўрганиш, бюджет ташкилотлари ходимларининг, камида 20 фоизини қамраб олган ҳолда, томорқасида экин экилганини ўрганиш ишлари юзасидан аниқ вазифалар белгиланди.

Гўзал Сатторова, ЎзА
9 824