ЎзА Ўзбек

24.09.2020 Чоп этиш версияси

Томчилатиб суғориш: қулай ва тежамкор

Томчилатиб суғориш: қулай ва тежамкор

Президентимиз раислигида жорий йил 16 сентябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида минтақамизда йилдан-йилга мураккаблашиб бораётган сув танқислиги муаммосини бартараф этиш, сув хўжалигида тежамкор технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари муҳокама қилинган эди.

ЎзА мухбири бу борада Жиззах вилоятида амалга оширилаётган ишлар ва мавжуд муаммолар бўйича вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ойбек Ашурматов билан суҳбатлашди.

– Ойбек Шодмонқулович, Республикамизнинг бошқа ҳудудларидан фарқли Жиззах вилояти қишлоқ хўжалигида сув таъминоти илгаридан анча қийин бўлиб келган. Айни пайтда бу соҳадаги вазият ҳақида маълумот берсангиз?

– Минтақамизда сув танқислиги билан боғлиқ вазият йилдан-йилга мураккаблашиб бормоқда. Жумладан, бу йил ўтган йилга нисбатан деярли барча ҳудудларда сув анча камайгани жиддий қийинчилик келтириб чиқарди.

Вилоятда 268 минг 900 гектар суғориладиган майдон бўлиб, 78 минг 100 гектарда пахта, 93 минг 500 гектарда ғалла ҳамда 97 минг 300 гектарда бошқа экинлар етиштирилаётир.

Ушбу экин майдонларини суғориш учун вилоятга 2 триллион 31.7 миллион куб метр сув лимити ажратилган. Бу сувнинг 1 триллион 529.7 миллион куб метри Жанубий Мирзачўл магистрал канали орқали Сирдарё дарёсидан, 265.5 миллион куб метри Эски Туятортор канали орқали Зарафшон дарёсидан, 236.5 миллион куб метри ички манбалардан олинади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда, шу қатори вилоятимизда ислоҳотларнинг жадал ривожланаётганлиги, иш билан банд бўлмаган аҳолини, айниқса “Темир дафтар”га киритилган оилаларни қўшимча ер ажратиш орқали қўллаб-қувватлаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида мавжуд экин ер майдонлари ва томорқа ерлардан унумли фойдаланиш, йилига камида 2-3 мартадан ҳосил олиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар натижасида сувга бўлган талаб янада ортмоқда.

Бундан кейин сувга бўлган эҳтиёжни қондиришнинг бирдан-бир йўли сувдан фойдаланишга илм-фанни киритиш, сув тежовчи технологияларни кенг жорий қилишдан иборат.

– Бу йўналишда вилоятда амалга оширилаётган ишларга батафсилроқ тўхталсангиз?

– Вилоятда сўнгги йилларда экин майдонларини суғориш тадбирларини сувни тежайдиган технологиялардан фойдаланган ҳолда ташкил қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг фармон ва қарорлари, кўрсатмалари, хусусан, 2019 йил 25 октябрдаги “Қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этишни рағбатлантириш механизмларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида бу соҳада қатор амалий ишлар қилинди. Ушбу қарор билан томчилатиб суғориш жорий қилинган 1 гектар учун 8 миллион сўмдан, 1 гектар ёмғирлатиб суғориш технологияси учун 4 миллион сўмдан ҳамда 1 гектар дискертли суғориш технологияси учун 1 миллион сўмдан субсидиялар берилиши фермер ва кластерларимизга жуда катта енгиллик бўлди.

2020 йилгача вилоятда 7,2 минг гектарда ёки умумий суғориладиган майдоннинг 2,7 фоизида сув тежовчи технологиялар жорий қилинган бўлса, бу йилнинг ўзида жами 14,2 минг гектарда ёки умумий суғориладиган майдоннинг 5,3 фоизида ушбу технологиялар қўлланди.

Жумладан, 6 минг 836 гектарда, шундан 180 та фермер хўжаликлари ҳамда 1 та пахта-тўқимачилик кластери томонидан 4 минг 991 гектар пахта майдонида, 1 минг 845 гектар бошқа экин майдонларида томчилатиб суғориш технологияларидан фойдаланилди.

Бундан ташқари, 4 минг 100 гектар пахта майдони эгилувчан қувурлар орқали, 1 минг 205 гектар полиз экин майдонларида плёнка тўшаш, Пахтакор туманида 2 минг 100 гектар пахта майдонларида дискрет суғориш тизимлари ташкил этилди.

Умуман олганда, бу йил пахта майдонларининг 11 минг 670 гектарида ёки 15 фоизида сув тежовчи технологиялар қўлланилди. Биргина Шароф Рашидов туманида 130 нафар фермер пахта-тўқимачилик кластери томонидан 3 минг 672 гектар майдонда томчилатиб суғориш жорий қилинди. Бу тумандаги ялпи пахта майдонининг 39,4 фоизини ташкил қилади.

Яқин йилларгача ушбу туманни вегетация даврида сув билан таъминлаш жуда қийин бўларди. Бир одам Зарафшон дарёсидан сувни ҳайдаб келиш учун Булунғур чегарасида, бир одам эса қўшни Тожикистон Республикаси чегарасидан сув ўтказишга масъул бўларди.

– Демак, тежамкор технологиялар қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири сифатида амалга оширилишини ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Ҳозиргача эришилган натижалар қандай?

Мутахассислар билан бирга томчилатиб суғориш жорий қилинган 4 минг 991 гектар пахта майдонида сув сарфини таҳлил қилиб чиқдик. Агарда, бу майдонни анъанавий йўл билан суғорганимизда ўртача 33 миллион 940 минг куб метр сув ишлатар эдик, томчилатиб суғориш жорий қилганимиздан кейин ушбу майдонларга 20 миллион 360 минг куб метр сув сарфланди ёки 13 миллион 580 минг куб метр сувнинг тежалишига эришилди.

Бундан ташқари, шоҳ ариқ ва ўқариқлар олиниши ҳисобига йўқотиладиган ғўза майдонидан ҳам ҳосил олиш имконияти пайдо бўлди. Ғўза майдонларини 8-10 марталаб культивация қилинишига ҳожат қолмади. Механизатор, чопиқчи ва сувчиларга тўланиши керак бўлган иш ҳақи иқтисод қилинди.

Шунингдек, янги суғориш технологияси қўлланилганда минерал ўғитларнинг ғўзага таъсири 90-95 фоизгача мақсадли сарфланади. Ғўза майдонлари бир текисда ва ўз вақтида суғорилиши ҳисобига ортиқча ғовлаб кетишининг олди олинади ва бу пахтанинг ҳосилдорлигига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади. Далада бегона ўт босишининг олди олинишига эришилади.

Очиғини айтишим керак, олдинлари фермерларни томчилатиб суғоришни жорий қиласан, бўлмаса ерингни оламан деб, мажбурлар эдик. Бугун эса олдинги фермер эмас, балки кластерлар синфининг пайдо бўлиши рақобатни юзага келтирди. Кейинги икки-уч йилда фермерларимиз уйғонишди, қишлоқ хўжалигига илм-фанни кенг жорий қилиш, сув тежовчи технологияларни қўллаш ишларига ўзлари қизиқиш билдирмоқда.

Биргина мисол, фермер хўжаликлари ва кластерлар сув тежовчи технологияларни жорий қилишдаги бериладиган имтиёзлардан ҳамда ушбу технологияларнинг афзалликларидан келиб чиқиб, ўз ташаббуслари билан 2021 йилда жами 38,8 минг гектар майдонларда томчилатиб суғориш технологияларини татбиқ қилиш истагини билдирди. Жумладан, 27,7 минг гектар пахта майдонларида, 6,3 минг гектар узумзорларда, 4,8 минг гектар боғларда, 40 гектар полиз экинларида ҳамда 15 гектар иссиқхоналарда томчилатиб суғориш технологияларини жорий этиш кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, вилоятда 20 минг гектар майдонда ерларни лазер ёрдамида текислаган холда дискрет суғориш усулини жорий қилиш ҳам белгилаб олинди.

Вилоятда 2030 йилгача 159,8 минг гектар ёки экин экиладиган сувли майдонларнинг 60 фоизида сув тежовчи технологиялар жорий қилинади.

– Сиз юқорида қайд этиб ўтган давлатимиз ҳужжатларида суғориш тизимига хусусий тадбиркорларни жалб этиш вазифаси ҳам белгиланган. Бу йўналишда қандай амалий ишлар олиб борилаётир?

– Президентимизнинг 2020 йил 10 июлдаги "Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясини тасдиқлаш тўғрисида"ги фармонининг 5-бандида қишлоқ хўжалиги экин ерларини ўз балансига олган кластерларга ушбу ерларда жойлашган сув хўжалиги объектларини бошқариш йўналишидаги Сув хўжалиги вазирлигининг функцияларини қишлоқ хўжалиги ер эгаларига давлат-хусусий шерикчилик шартлари асосида ўтказиш тўғридан-тўғри музокаралар асосида амалга оширилишига рухсат берилган.

Бугунги кунда вилоятда “Сирдарё-Зарафшон” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси хузуридаги Жиззах насос станциялари ва энергетика бошқармаси балансидаги Мирзачўл туманидаги “Машина канали”, “Арнасой-1” ва “Оқтош” насос станцияси бўйича “Ғаллаорол” хусусий қурилиш корхонаси билан биргаликда лойиҳа концепцияси ишлаб чиқилиб, сув хўжалиги вазирлигига таклиф берилди.

Бундан ташқари, 2022-2030 йилларга сув хўжалиги объектларидан 10 та насос станцияни давлат хусусий шерикчилигига ўтказиш режалаштирилган.

ЎзА мухбири
Тошқул БЕКНАЗАРОВ суҳбатлашди.

1 744
ЎзА