ЎзА Ўзбек

16.08.2018 18:39 Чоп этиш версияси

Тоҳир Малик: "Ёшлар орасида жиноятчилик камайди, деган гап бизни хотиржам қилолмайди"

Жиноятга қарши курашиш ҳақиқати ва адолат

Жиноят ёки ҳуқуқбузарлик содир қилган, жазо муддатини ўтаётган, ўз жонига қасд қилишга уринган ёшлар, “Ёшлар кафиллиги” асосида суд залидан озод қилиниб, енгил жазо тайинланган ҳамда Президентимиз фармони асосида афв этилган ёшлар билан якка тартибда ишлаш мақсадида Ёшлар пресс клубининг “Ёшлар ўртасидаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик: сабаб ва оқибатлари. Жиноят ҳақиқати ва адолат” мавзусидаги сессияси бўлиб ўтди.

Унда Адлия вазирлиги, ИИВ, Бош прокуратура мутасаддилари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Давлат тест маркази, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази вакиллари ҳамда ёшлар қатнашди.

Ёшлар пресс-клубининг мазкур сессиясида ёшлар билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликларнинг сабаб ва оқибатлари, хусусан, уларни келтириб чиқарувчи омиллар, турли зарарли иллатлар ва бошқа масалалар муҳокама қилиниб, мавзуга доир жамоатчилик фикри тингланди.

Сессияда Республика ИИВ ҲПББ бўлим бошлиғи Исломиддин Холиқов шу йилда ёшлар орасида жиноятчилик анча камайгани, бунинг учун соҳа ходимлари томонидан тегишли тартибда зарур ишлар олиб борилаётганини эътироф этди.

Шу ўринда И.Холиқовнинг ушбу кўрсатмасига ёзувчи Тоҳир Малик қўйидагича фикр билдирди:

– Биз содир этилган жиноятни таҳлил қилишдан аввал унинг туб моҳиятига эътибор қаратмоғимиз лозим. Ёшлар орасида жиноят содир этилишига нима сабаб бўлиши мумкин. Ишсизликми, пулсизликми, ҳуқуқий саводхонликни етишмаслигими? ИИБ ходимлари ёшлар орасида ҳуқуқбузарлик сони камайгани ҳақида айтиб ўтишмоқда. Аммо бу гаплар бизни хотиржам қилолмайди. Айниқса, ёшлар орасида битта бўлса ҳам жиноят содир этилиши, қонун бузилиши жамиятимиз учун энг хавфлидир.

Сессияда Юнусобод туманидаги тунги клубда ўлдирилган спортчи Жамшид Кенжаев воқеасига ҳам эътибор қаратилди.

Мазкур жиноят содир этилган маҳалла фуқаролар йиғини раиси сўзга чиқиб, қотиллик содир этилган тунги клубда аввал ҳам шунга яқин жиноятлар содир этилганлиги, ушбу тунги клубда ишга қабул қилинганлар ҳеч қандай шартномаларсиз шунчаки келишувлар билан ишга олинганлиги, маҳалла фаоллари ушбу тунги клуб фаолиятидан норози бўлиб, бир неча бор тегишли ташкилотларга мурожаат қилиб келаётган бўлса-да, ҳеч бир мурожаати ижобий қондирилмаганини қайд этди.

Сессияда “Бизга тунги клублар керакми?” деган саволга Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вакиллари "Биз, ўзбекистонлик ёшларга тунги клублар керак эмас, чунки тунги клуб зиё маскани ҳисобланмайди", дея жавоб беришди.

Бундан ташқари, жорий йилда ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари таҳлили рақамлар билан очиб берилиб, суиқасд содир этишга имконият яратган оилавий муҳит, жараён уларнинг яқинлари иштирокида психологик таҳлил этилди.

Сессияда юқорида айтиб ўтилган фикрлар юзасидан психолог, ёшлар ва спикерлар фикрлари тингланди.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА
6 554