ЎзА Ўзбек

28.08.2018 20:17 Чоп этиш версияси

Тизимда янгича ёндашув

Тизимда янгича ёндашув Пойтахтимизнинг Миробод туманидаги 34-сонли мактабгача таълим муассасасида “2018/2019 ўқув йилида мактабгача таълим тизимини ривожлантиришнинг стратегик устуворликлари – ҳаммабоплик ва сифат” мавзусидаги анжуманнинг амалий сессияси бўлиб ўтди.

Мактабгача таълим вазирлиги томонидан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Тошкентдаги Пучон (Корея) университети филиали, шунингдек, ЮНЕСКО, ЮНИСЕФ ва Жаҳон банки вакиллари, Тошкент шаҳар мактабгача таълим бош бошқармаси, вилоятлар мактабгача таълим бошқармалари раҳбарлари иштирок этди.

46.JPG

Жорий йил куз фаслидан бошлаб вазирлик томонидан болаларни мактабга мажбурий бепул бир йиллик тайёрлашга босқичма-босқич ўтиш мақсадида пойтахтимизнинг Миробод туманидаги айрим МТМларда 6 ёшли тарбияланувчилар учун синов гуруҳлари ташкил этилади. Ҳозирда мактабгача тайёргарликни йўлга қўйиш учун муассасаларда гуруҳ хоналарини тайёрлаш ва малакали педагогик кадрларни қабул қилиш ишлари амалга оширилмоқда.

Тадбирда мутахассислар томонидан “Аутсорсинг услубида болалар учун соғлом ва хавфсиз овқатланиш”, “Мактабгача таълим муассасасида инновацион таълим муҳитини ташкил этиш”, “OpenEMIS таълим бошқаруви ахборот тизимини жорий этиш”, “Табиатда таълим фаолиятидан лавҳа”, “Мактабгача таълим муассасаларидаги тарбия-таълим жараёнларида мультимедиа технологияларини қўллаш” ва “Мактабгача таълим муассасаларидаги ривожлантириш марказларини жиҳозлашга ижодий ёндашув” мавзулари бўйича амалий тарзда ташкил этилган майдонларда ҳудудий мактабгача таълим бошқармалари раҳбарларига атрофлича маълумот берилди.

– Ушбу лойиҳа тажриба синов шаклида Миробод туманидаги 34 ва 164-сонли мактабгача таълим муассасаларида ташкил этилди, – дейди Мактабгача таълим вазирлиги ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўлими бошлиғи Х.Мадраимов. – Жорий йилда 34-МТМда мактабга тайёрлов синфларига 6 ёшли 200 нафар бола қабул қилинади. Машғулотлар 2 сменада 3 соатдан турли мавзуларда ўтказилади. Жумладан, инновацион гуруҳида болаларнинг дунёқарашини ўстиришга хизмат қилувчи дарслар ўтилади. Қўл меҳнати гуруҳида эса уларнинг тасаввурини шакллантиришга хизмат қилувчи вазифалар берилади. 

49.JPG

Бугунги кунда мактабгача таълим муассасалари фаолиятини тубдан яхшилаш, мактабгача ёшдаги болалар қамровини ошириш, илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда, ҳар жиҳатдан замонавий тизим яратиш муҳим аҳамиятга эгадир. Болаларнинг қизиқиш ва интилишини ҳисобга олган ҳолда, уларга мактабгача бўлган даврда ҳар томонлама пухта таълим-тарбия бериш, дунёқарашини кенгайтириш, мустақил фикрлаш қобилиятини ривожлантириш давр талаби ҳисобланади.

Тадбир доирасида мазкур лойиҳа юзасидан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун брифинг ташкил этилди. Унда соҳа ходимлари келгусида ҳудудлардаги МТМларнинг шароитидан келиб чиқиб, бу каби ўқув-тарбия жараёнига ўқитишнинг замонавий илғор шаклларини жорий этиш бўйича амалга ошириладиган ишлар юзасидан атрофлича маълумот берди.

Абдулазиз Мусаев, Оқил Ғуломов (сурат) ЎзА
3 243