ЎзА Ўзбек

15.08.2018 13:42 Чоп этиш версияси

Тизим тубдан такомиллашади

Тизим тубдан такомиллашади

Миллий армиямизни янада ривожлантириш ва такомиллаштириш борасида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар ҳарбий хизматчиларнинг маънавий, жисмоний тайёргарлигини ошириш, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 4 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг маънавий-маърифий савиясини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қароридан кўзланган мақсад ҳам тизимда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини, ҳарбий хизматчиларнинг билимини ошириш, ички ва ташқи таҳдидларга қарши мафкуравий иммунитети шаклланган, бурчига садоқатли, профессионал ҳарбий хизматчиларни тайёрлашдан иборат.

Давлатимиз раҳбари 2018 йил 10 январдаги Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги мажлисида таъкидлаганидек, ҳарбий хизматчиларни ҳарбий-ватанпарварлик ва маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашни янада кучайтиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишда халқимизнинг қадимий тарихи, буюк аждодларимиз мероси ва уларнинг ҳарбий санъатни ривожлантиришга қўшган ҳиссасини чуқур ўрганиш муҳим аҳамиятга эга.

Барчамизга яхши маълум, ватанпарварлик ҳар бир мамлакатнинг маънавий асоси ҳисобланади. Энг қалтис ва таҳликали даврларда ҳам аждодларимизни ёвга қарши курашга мардона ундаган, маърифат машъалини баланд кўтариб, жаҳолатга қарши чиқишга чорлаган беқиёс куч маънавий жасорат туйғусидир.

Бугунги кунда дунёнинг айрим ҳудудларида катта маънавий йўқотишлар юз бераётгани, асрий қадриятлар, миллий тафаккур ва турмуш тарзи издан чиқаётганидан хабардормиз.

Бу мудҳиш ҳаракатлар инсонни, айниқса, ёшларни ўз юрти ва халқидан тонишга, ватанпарварлик туйғусидан маҳрум этишга, лоқайд шахсга айлантиришга қаратилгани билан қўрқинчлидир.

Шу маънода Президентимизнинг қарори нафақат ҳарбий хизматчилар, балки жамиятимиз учун ҳам долзарб ва аҳамиятлидир.

Қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида “Ватан – муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!” деган концептуал ғоя асосида маънавий-маърифий ишлар ташкил этилиши ёш авлодда она юртни кўз қорачиғидек асраш, унинг манфаатлари ҳимоясида жонини ҳам фидо қилишга шай туриш каби туйғуларни янада шакллантиради.

Қолаверса, қарорнинг 5-бандига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимида ҳафтанинг ҳар жума куни “Маънавий юксалиш ва ватанпарварлик куни” этиб белгиланди. Жорий этилаётган мазкур янгилик буюк аждодларимиз тимсолида ёшлар ва ҳарбий хизматчиларда жасурлик ва мардлик, фахр ва ифтихор туйғуларини ошириш, ҳарбий хизматчилар ва оила аъзоларининг маънавий-маърифий билимларини мустаҳкамлаш, ватанпарварлик, Ватанга муҳаббат, миллий истиқлол ғояларига содиқлик, Қуролли Кучларга ҳурматни шакллантиришга хизмат қилади.

Президентимизнинг ушбу қарори билан “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш концепцияси” ҳам тасдиқланди. Концепциядан кўзланган асосий мақсад ҳарбий хизматчиларнинг маънавий савияси ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, онгу тафаккурига Ватан ҳимояси шарафли ва муқаддас бурч эканини чуқур сингдириш, фаол ҳаётий позициясини, бурчга садоқат, масъулият, фидойилик туйғуларини шакллантириш кабилардан иборат.

Қарор билан Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати ва Миллий гвардиянинг Қуролли Кучлар тизимида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишда муносиб ҳисса қўшган ҳарбий хизматчиларига ҳамда фуқароларга “Маънавий-маърифий ишлар аълочиси” кўкрак нишони таъсис этилиши, Мудофаа вазирлигида Тарбиявий ва мафкуравий ишлар бош бошқармаси тузилиши, ҳарбий қисмларда “ҳарбий психолог”, “психолог”, “етакчи социолог”, “ҳарбий қисм командирининг маънавият ва маърифат ишлари бўйича маслаҳатчиси – Маданият маркази бошлиғи” лавозимлари, 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Қуролли Кучлар академияси базасида қўшимча “Қўмондонлик-тактик тарбиявий ва мафкуравий ишлар” мутахассислиги бўйича офицерлар тайёрлаш таълим тизими жорий этилиши Миллий армиямизда маънавий-маърифий ишлар тубдан такомиллашишини таъминлайди.

Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори профессионал, бурчига садоқатли, фидойи ва мард ҳарбий хизматчиларни тарбиялашга хизмат қилади. 

Темур Нарзиев,
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги 
матбуот хизмати бошлиғи

ЎзА
8 813