Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.04.2018 22:30 Чоп этиш версияси

Тиш юваётиб сувни ўчириб турсангиз, 10 литргача сувни тежаган бўласиз

Тошкент кимё технологиялари институтида Ўзбекистон Экологик ҳаракати ва Экоҳаракат Тошкент шаҳар ҳудудий бўлими ҳамкорлигида 15 апрель – Экологик билимлар кунига бағишланган “Ёшларда экологик билим ва маданиятни шакллантиришнинг долзарб вазифалари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Ўзбекистон Экологик ҳаракати ёшлар ўртасида экомаданиятни, атроф-муҳитни асраш туйғусини шакллантириш борасида қатор ишларни олиб бормоқда. Бу борада оммавий ахборот воситаларининг аҳамияти муҳимлиги ҳисобга олиниб, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда «Экологик истеъмол маданияти», «Чиқиндиларни бошқариш» ва «Сувни асраш» мавзуларида роликлар тайёрланиб, телевидение орқали эфирга узатилмоқда.

Давра суҳбатида экологик маданиятни ҳар ким ўзида шакллантириши лозимлиги таъкидланар экан, масаланинг долзарблиги бир қанча мисоллар орқали тушунтириб берилди. Мисол учун, тиш юваётиб жўмракдаги сувни ўчириб турсак, 10 литргача сувни тежашимиз мумкин экан. Ёки ёз кунлари пойтахтда ҳар бир инсон ўртача 1000 литргача сувни сарф қилади. Бу рақамларни бутун аҳоли сонига кўпайтирсангиз, кунлик, ойлик сув сарфининг миқдори ҳосил бўлади ва масаланинг долзарблигини янада яққол тасаввур қиласиз. Давра суҳбатида талабаларга маълумотлар ана шундай аниқ, равон, таъсирли ва далилларга бой тарзда тушунтириб берилди.

Тадбир сўнггида бугунги кундаги долзарб экологик муаммоларга бағишланган видеороликлар намойиш этилди.

Инобат Аҳатова, ЎзА
4 818