ЎзА Ўзбек

15.08.2018 16:00 Чоп этиш версияси

Тириклик ҳикматининг иллюстрацияси

Тириклик ҳикматининг иллюстрацияси
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 27 йиллиги олдидан  

Халқимиз «нон – иймон», дейди. Муқаддас китобларда ҳам бу неъматни қадрлашга даъват этилади. Аслида инсоннинг ноз-неъматга муносабати унинг асл қиёфасини белгилайди. Узоқ сафар олдидан халқимиз йигитларга нон тишлатиб қолади. Бу нонни асраб-авайлаб сақлайди. Шу тариқа сафардаги йигитнинг насибаси узилмаслигига ишонади.

Нон азиз, ушоғи-чи?

Хушфеъл, аммо жиккаккина бўлиб қолган Узоқ момонинг ҳужрасида тўртта тишланган нон осиқлиқ турарди. Ҳеч ким бу нонларга изнсиз тегинишга журъат қилолмасди. Момо бу нонларни гўё қалбида сақларди, асрарди.

Момонинг ҳасрати ичида...

Эри, уч ўғли урушда ҳалок бўлгач, қадди букилиб қолди. Ғамдан эзилди. Орадан йиллар ўтса-да айрилиқ азоби тинмади. Шу-шу кампирнинг ягона умиди девордаги нонлар бўлиб қолди. Ўғилларидан ёдгорлик невараларини суяди, улар билан овунади.

Мен Узоқ момонинг уйига тез-тез бориб тураман. Кўк чой ичиб, суҳбатлашиб ўтирамиз. Ул-бул юмушларига кўмаклашган бўламан. Кампир мени алқайди.

Бир куни тушдан сўнг момони излаб қолдим: еру кўкда йўқ. Орадан бироз ўтгач, ҳассасини дўқиллатиб келаяпти. Ранг-афтори бузуқ. Биламан, бу сўқмоқ қабристонга – “Полвон ота”га олиб боради. Ёшланиб турган кўзларида чуқур ўксиниш, туганмас армонни ҳис қилдим. Бола бўлсам-да, бу нигоҳдан баданим сесканиб кетди. 

Момонинг қўлидан олдим. Гўёки елкамни зил-замбил юк эзгандай туюлди. Шундай оғир юкни салкам ярим асрдан буён опичлаб келаётган мўътабар аёлга мунгли боқдим. Момонинг этсиз, тери ва суякдан иборат қўлини кафтим билан кўксимга босдим. Биз Узоқ момо билан кечгача гаплашмадик. Шундоқ ҳам кўнглимиздан кечаётган ҳислар маълум эди.

Болам, бу дунёнинг беадоқ ғам-андуҳлари тугамас экан, деяётгандай бўларди. Урушга нафратим минг чандон ортди. Имконсиз ўйлар алдовида ҳужрага кириб бордим. Узоқ момо ҳар бир нонни эри ва фарзандлари исми билан атаб маҳкам бағрига босиб, юм-юм кўз ёш тўкарди. Кирганимни сезмади. Беихтиёр бу қайғули манзарани кузатиб турардим. Мен ноннинг нақадар азиз неъмат эканини шунда англаганман...

Ўтган асрнинг 30-йилларидаги биз эшитган қаҳатчилик, Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги қийинчиликлар... Уларни тасаввур қилиш оғир. Тўғри, воқеалар ўтмишда қолган, ўшанда одамлар бир бурда нонга зор бўлган. Эҳтимол, ноннинг ушоғи ҳам нон, деб ўша кезларда айтилган бўлса керак-да. Ерда ётган нон ушоғини юзларига, кўзларига суртиб, бир четга олиб қўяётган ёши улуғларни кўрганимда шуларни ўйлайман.

Аждодларимиз азал-азалдан нон – кечамиз, бугунимиз, эртамиз, деб таъкидлашган. Чиндан ҳам, ҳар қандай тараққиёт тамаддуни тўқликка, фаровонликка бориб тақалади. Нон эса тўкин-сочинликнинг асосий мезони саналади.

Нон ҳақида ўйлаганимда, тарих китобларида битилган ўтмишдаги воқеалар кўз ўнгимда гавдаланади. Бугунги фаровон кунларга етишимизнинг машаққатли йўли, ноннинг ҳаётимизда тутган ўрни, қадр-қимматини турмушнинг аччиқ-чучугини тотган кекса авлод вакиллари яхши билади.

Ҳақиқат – таққосда билинади. Агар ёдингизда бўлса, нонга турнақатор бўлиб навбат турилган. Гоҳида нон кимларгадир етмасдан, оч қолиб кетган кунлар ҳам бўлгани бор гап. Унда катта авлоднинг аянчли қисмати намоён бўлади. Ўша кунлар кечагидай ёдида уларнинг. Бугун бу гаплар бироз эриш туюлиши мумкин. Чунки биз китобларда ўқиб, тасаввурга эга бўлаяпмиз. Бу учун аввало, Яратганга минг қатла шукр. Бизга бундай буюк бахтни инъом этган Истиқлол шарафига-да шукрона айтамиз. Бундай дориламон кунларга етиб келиш осон кечмаганини ёдимиздан чиқармасдан, олдинга ҳаракат қилмоғимиз даркор.

Қарама-қаршиликларнинг олди олинса...

1184923_original.jpg

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ва Жаҳон озиқ-овқат дастури вакиллари урушлар, зиддиятлар туфайли озиқ-овқат маҳсулотлари билан боғлиқ муаммо юзага келган Яман, Жанубий Судан, Сурия, Ливан, Марказий Африка Республикаси, Сомали, Украина каби давлатларни ўз ичига олган рўйхатни тузди. Украинанинг ўзида 1,2 миллион киши озиқ-овқат танқислигидан азият чекмоқда. Бу мамлакат аҳолисининг 26 фоизини ташкил этади. 2017 йилда дунё бўйича очликдан азият чекаётган аҳоли сони 837 миллион кишига етгани ҳақида маълумот берилганди. Ваҳоланки, 2016 йилда уларнинг сони 791 миллион эди. БМТнинг хулосасига кўра, қарама-қаршиликларнинг олди олинмас экан, очлик билан боғлиқ чигал масалани ҳал этиш мушкул.

Аччиқ ҳақиқат иловаси

(Ўткир Ҳошимовнинг “Нон ва иймон” мақоласидан парча ёхуд 34 йил аввалги рақамлар сабоғи)

Ҳисоб-китоб қанақа бўлишини чет элга борганлар яхши билишади. Манаман деган энг бадавлат мамлакатга боринг. Манаман деган ресторанга киринг. Ҳар бурда нонни «қулоғингизга ўлчаб» беради!

original.jpg

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ахборотини ўқиганимда, ўзим ҳам аввалига ҳайрон қолдим. Фақат бир йил мобайнида – 1979 йилда ер юзида 50 миллионга яқин одам очликдан қирилиб кетибди. Кейинги пайтларда Ҳиндистонда «Яшил революция» амалга оширилгани, яъни қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш кескин кўпайганлигига қарамай, бу мамлакатда 350 миллион одам тўйиб овқат емас экан. Индонезияда 33 миллион, Бангладешда 27 миллион, Нигерияда 14 миллион, Бразилия, Эфиопия, Покистонда 12 миллиондан зиёд одам очлик азобидан қийналаркан. 1983 йили Ер куррасида ҳар куни 40 минг бола очликдан ўлган экан. Ҳар куни! Осиё, Африка, Лотин Америкасидаги қатор мамлакатларда-ку, бир бурда нон учун тиланчилик қилиб, «бахшиш» сўрайдиган болалар ҳар қадамда учрайди. Минглаб болажонлар, қизалоқлар… Ҳатто тараққий этган Италияда ҳам бир ярим миллион бола бир бурда нон топиш учун энг оғир меҳнат қилади. Жаҳондаги энг бой мамлакат – Америка Қўшма Штатларида ҳар йили 150 минг бола дуч келган юмушларни бажарар экан.

Бу гапларни «ичимдан тўқиб» чиқараётганим йўқ. Бунақа даҳшатли далилларни Америка журналисти Дотстон Рэйджер ёзган. Бу гаплар юз йил олдинги воқеалар эмас, бизнинг замонамизда, йигирманчи асрнинг сўнгги чорагида юз бераётган воқеалар…

Қаранг: йиллар, рақамлар ўзгарган бўлиши мумкин. Лекин вазият ҳамон кескин. Аммо нон ва нон маҳсулотларини увол қилмаслик борасида аниқ ечимга келолмадик. Бугунги кунда ижтимоий тармоқларни ларзага солаётган, “Халқ билан мулоқот” каналида 9 август куни “Ўзимизда ҳам нонни исроф қиладиганлар кўпайиб кетаяпти-да, афсус” деб номланган видеолавҳа кўпчиликнинг ғазабини қўзғади. Ундаги видеотасвирлар остида шундай қайд қолдирилган: “Кеча группага қўйилган ушбу мавзу жуда кўп танқидга сабаб бўлди. Исрофнинг бир қанча турлари мавжудлиги гўё эсдан чиқиб қолаётгандек. Хусусан, умумхалқ истеъмоли учун чиқариладиган арзон нонни чорвага бериб боқсак. Ахир бу билан қайсидир ватандошимизнинг ҳақини суиистеъмол қилаяпмиз-ку. Ахир ҳамма нарсанинг уволи бор. Нимани хор қилсанг, ўшанга зор бўласан, деган гап бор. Афсуски, бугун нонни қадрламаётганимизнинг сабаби тўқликка – шўхлик, деганларидай, дастурхонимиз ҳамиша шундай бўлади, деб ишонамиз-да.

Энди танқид қилганларга саволим бор, суиистеъмол қилиш натижасида эртага нон танқислиги юзага келса, ўшанда ўз ҳамёнини ўйлаб, сифатсиз нон тайёрлаб сотганларга ёки чорвани нон бериб боққанларга қандай муносабатда бўлардингиз?..

Мозий ва бугун

image (1).jpg

Тарихнинг гувоҳлик беришича, донни истеъмол қилиш милоддан 10-15 минг йил аввал бошланган. Дастлаб бошоқ чўғда думбул қилиниб, сўнг пишган дон уқаланиб истеъмол қилинган. Ёрғучоқ пайдо бўлгач, ғалладан ун тайёрлаш ва хамир қориб, қизитилган тош устида ёки қўрга кўмиб нон пишириш одат тусига кирган. Хамиртуруш кашф этилиши билан ўчоқ, тандир, това ва бошқа воситалар билан нон тайёрлана бошланган.

Ҳеч қандай шоҳона таом ноннинг ўрнини боса олмайди. Негаки, унинг таркибида инсон учун ниҳоятда зарур ва фойдали бўлган 30-35 фоиз оқсил, 60-70 фоиз углевод, клетчатка, турли витаминлар, минерал тузлар, шунингдек, темир, кальций, фосфор ва бошқа моддалар бор.

Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолиси дон ва дон маҳсулотлари билан барқарор таъминланган. Бунга ғалла мустақиллигига эришиш йўлида дон мустақиллиги дастурини изчиллик билан босқичма-босқич амалга ошириш эвазига эришилди.

Келажак авлодга бундан-да фаровон ҳаёт тақдим этиш учун нонни увол қилмасдан, ушоғини-да қадрлашга ўргатиб вояга етказишимиз даркор. Шундагина ҳеч қандай хавотирга ўрин қолмайди. Бемалол ёрқин келажак ҳақида ширин орзуларга берилиш мумкин.

Ғайрат Ширинов, ЎзА
7 082