Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

24.08.2018 10:38 Чоп этиш версияси

Тингловчи доно бўлсин!

Тингловчи доно бўлсин!
Ёшлигимда эшитган бир ривоятни ҳеч унита олмайман. 

Бир бола чўкаётган экан, бир чол уни қутқариб қолибди ва кийимларини қуёшда қуритиб берибди. Шунда бола чолга қарата “Сиз менинг кийимларимни қуритдингиз, Сизни Худо қуритсин” дебди. Чол “раҳмат ўғлим, раҳмат”, дейишдан ўзга чора топа олмабди. Атрофдаги одамлар чолнинг бу сўзларидан ҳайратга тушиб, "Ахир бола сизга ёмонлик тилади-ку, нима учун раҳмат деяпсиз", дейишибди. Чолнинг “гапирувчи нодон бўлса-да, тингловчи доно бўлиши керак", деган гаплари кўпчиликнинг олқишига сазовор бўлибди. Шу сабаб имкон қадар эшитаётган гапларни донолик билан тинглаш ва донолик билан хулоса чиқариш керак, деган фикрдаман.

Тиббиёт фанининг отаси Гиппократ (Шарқда Луқмони Ҳаким) ҳаётида бир марта хато қилган, дейишади. Бир куни у кўчада кетаётса, бир қиз қон туфлаб кетаётган экан. Шунда у шеригига қарата “қиз бир ҳафтадан кейин ўлади”, дебди. Унинг гапини эшитиб қолган қиз ҳақиқатан ҳам бир ҳафта умр кўрибди. Қизнинг отаси машҳур табиб қошига келиб, “Ўша куни қизим шотут еган, шу сабабли тупугининг ранги қизил эди”, дебди. Йўл қўйган хатосини Гиппократ тан олиб, бундан кейин ҳеч қачон ўйламасдан гапирмайдиган бўлибди.

Яна бир, ҳаммамиз биладиган ривоят бор, туш таьбири ҳақида. Подшо туш кўрибди. Тушида ҳамма тишлари тўкилиб кетган эмиш. Биринчи таъбирчи “ҳамма қариндошларингиз сиздан аввал ўлиб кетади”, дебди. Иккинчи таъбирчи эса “Сиз ҳамма қариндошларингиздан узоқ яшайсиз”, дебди. Биринчи таъбирчи дорга осилган бўлса, иккинчи таъбирчи подшонинг мурувватига сазовор бўлди. “Ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир”, деган гап нақадар тўғри. “Ёмон гап билан пичоқ қинидан, яхши гап билан илон инидан чиқади”, дейдилар-ку. 

Яқинда қайсидир газетада туш таъбири ҳақида шу кунгача кўзим тушмаган ривоятни ўқиб қолдим.

Ривоят қилишларича, бир аёл туш кўрибди. Тушида уйни ўраб турган девор қулаб тушибди. Деворнинг учта томони ташқарига, битта томони эса ичкарига ағанабди. Уйқудан уйғонгач, юраги хижил бўлиб таъбирчининг ёнига борибди. Таъбирчи аёлнинг туши мазмуни билан танишгач, “эй шўрпешона, бошингга ташвиш ёғилибди-ку. Ҳамма нарсангдан айриласан”, дебди. 

Таъбирчининг гапларини эшитган аёл ҳўнг-ҳўнг йиғлаганича, уйига равона бўлибди. Йўлда бир мўйсафидга дуч келибди. Аёлнинг хафалиги сабабини билган чол кулганича,"тўрта фарзандинг борми?" дея сўрабди. “Ҳа”, деб жавоб берибди аёл. “Учтаси қиз, биттаси ўғилми?” дея яна сўрабди мўйсафид. Бу гапларни эшитиб ҳайрон бўлган аёл “Қаердан билдингиз?" дебди.

"Ахир кўрган тушинг айтиб турибдику. Нима сен уларни бахтли бўлишини истамайсанми? Йиғлашнинг ўрнига қувон. Учта қизинг узатилиб, келин бўлиб уйингни тарк этади. Деворнинг уч томони ташқарига ағдарилиб тушгани шундан далолат беради. Ўғлинг эса хонадонингга гўзал келинчакни олиб келар экан. Шунинг учун бир томони ичкарига қулаган. Бошингга бахт қуши қўнибди, қизим", дебди мўйсафид.

Мавзуни кўтаришдан мақсад тушлардан ёмонликни эмас, балки эзгуликни қидириш керак, деган масалани ўртага қўймоқчимиз. Ҳар қандай тушни (нафақат тушни, балки эшитаётган ҳар бир гапни ҳам) яхшиликка боғлаш керак.

Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА
6 795