Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.04.2017 16:55 Чоп этиш версияси

Тинчликни асраш бурчимиз

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 7 февралдаги фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи устувор йўналиши мамлакатимизда хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсатни таъминлашга қаратилган.

Айни пайтда жойларда Ҳаракатлар стратегиясининг мазмун-моҳияти, унда белгиланган устувор йўналишлар ижросининг ҳаётимиздаги аҳамияти кенг тарғиб этилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун фуқароларнинг виждон ва диний эркинлиги борасидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, жамиятда диний бағрикенглик ва динлараро ҳамкорлик ғояларини мустаҳкамлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда.

Фарғонада вилоят ҳокимлиги томонидан имом-хатиблар, ноиблар, диний идора ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида ўтказилган семинарда бу алоҳида таъкидланди.

Бугун дунёнинг турли мамлакатларида кечаётган мураккаб жараёнлар, диний эсктремизм ва терроризм хавфининг кучайиб бораётгани барчамиздан доимо ҳушёр ва огоҳ бўлишни, юртимиздаги тинчлик ва осойишталикни кўз қорачиғидек асрашни тақозо этмоқда. Ақидапараст оқимларнинг муқаддас ислом динини ниқоб қилиб, унинг ғоя ва мақсадларини нотўғри талқин этаётгани, ёш авлод онгига ёт ғояларни сингдиришга уринаётгани ташвишланарлидир. Ваҳоланки, динимиз бағрикенглик, меҳр-оқибат ва одоб-ахлоққа йўғрилган тинчликпарвар ғоялари билан барқарорликка рахна солувчи ҳар қандай иллатни кескин қоралайди, уларга қарши маърифат билан курашишга чақиради. Инсонларни эзгулик йўлида бирлашиб, ҳамкор ва ҳамнафас бўлиб яшашга даъват этади. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида диний ташкилот вакиллари ҳам юртимиздаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлашда фаол иштирок этмоқда.

– Ниҳоятда тезкор бугунги замонда ер юзида тинчликни асраш, барқарор ривожланишни таъминлаш инсоният олдида турган энг муҳим вазифа бўлиб қолмоқда, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фарғона вилоятидаги вакили Турсунтоҳир Эрбўтаев. – Зеро, тинчлик-осойишталик йўқ жойда фаровон турмуш, тараққиёт ҳақида ўйлаб ҳам бўлмайди. Динимизнинг бош ғояси ҳам шу – гўзал ахлоқ, намунали ҳаёт тарзи. Лекин бугун ер юзининг турли минтақаларида муқаддас динимиз ғояларига мутлақо ёт ишлар ислом дини номи билан амалга оширилаётгани фитнадан бошқа нарса эмас. Буни халқимизга, айниқса, ёшларга тушунтириш, динимизнинг асл моҳияти тинчликпарварлик, инсонпарварлик, юртсеварлик эканини айтиш барчамизнинг бурчимиздир.

Тадбирда диний экстремизм ва халқаро терроризмга қарши курашишнинг долзарб йўналишлари, аҳоли орасида диний ақидапарастлик ғоялари тарқалишининг олдини олишда ўзини ўзи бошқариш органларининг роли, жамиятимизда ижтимоий барқарорликни, миллатлар ва динлараро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш, огоҳлик ва ҳушёрликни оширишда имом-хатибларнинг ўрни, ёшларни турли таҳдидлардан асраш каби масалалар юзасидан маърузалар тингланди.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
2 675






Все о погоде - Pogoda.uz