Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.01.2017 18:17 Чоп этиш версияси

Тинчликка хизмат қилиш – энг шарафли иш

Ватанимиз тараққиёти, осуда ҳаётимиз ҳақида мушоҳада юритганда унинг мустаҳкам ва ишончли кафолати бўлиб хизмат қилаётган Қуролли Кучларимизни албатта тилга оламиз.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида тузилган замонавий талаб ва стандартларга жавоб берадиган, тезкор ва ҳаракатчан, ташкилий жиҳатдан мукаммал, замонавий қурол-яроғ ҳамда техникага эга миллий армиямиз мамлакатимиз мустақиллиги, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигининг ишончли кафолатидир.

Мудофаа соҳасида қўлга киритилаётган барча ютуқлар ҳарбий кадрлар тайёрлаш ишлари тубдан такомиллаштирилаётгани, армия сафларида хизмат қилаётган ва унга чақирилувчи ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилаётгани самарасидир.

Бу борадаги тизимли ишларда Биринчи Президентимизнинг 2012 йил 24 октябрдаги қарори асосида тузилган Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг фаолияти ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Жамоатчилик кенгаши сафида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ижодкорлар, маданият ҳамда санъат намояндалари, олимлар фаолият юритмоқда.

-Mустақиллик йилларида мамлакатимизни демократлаштириш ва фуқаролик жамияти қуриш борасида катта ютуқларга эришилди, – дейди Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси Иқбол Мирзаалиев. Бугун Ватанимиз тинчлиги ва тараққиёти, халқимиз фаровонлигини таъминлашда фуқаролик жамияти институтлари фаол иштирок этмоқда. Кенгашимиз томонидан амалга оширилаётган ишлар самараси ўлароқ вазирлик фаолиятининг очиқ-ошкоралиги таъминланмоқда, ҳарбий қисмларда соғлом маънавий-руҳий муҳит, юксак ахлоқ ва маданият янада бойимоқда. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси, “Ўзбеккино” миллий агентлиги каби ижодий ташкилотлар, жамғармалар, ҳокимликлар вакиллари, санъат ва фан намояндалари, оммавий ахборот воситалари ходимлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Жамоатчилик кенгаши миллий армияни халқимиз билан боғловчи кўприкдир. Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилга Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб ном берилиши ишларимизга янада кучли масъулият билан қараб, уларни янги босқичга кўтаришимизни талаб қилмоқда.

Кенгаш аъзолари жамоатчилик уюшмалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ўртасида самарали ҳамкорликни ривожлантириш, мудофаа ва ҳарбий қурилиш соҳасида олиб борилаётган давлат сиёсатига оид энг долзарб масалалар бўйича жамоатчилик фикрини ўрганиш, фуқароларни ҳарбий хизматга чақиришдан бошлаб, резервга бўшатилган фуқароларнинг ижтимоий ва профессионал мослашувигача бўлган масалаларни ҳал этиш, шунга доир таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқишда жонбозлик кўрсатаётир.

Кенгаш томонидан ёшлар орасида соғлом маънавий муҳит, юксак ахлоқ ва маданиятни шакллантириш, соҳага дахлдор ташкилотлар билан биргаликда чақирувга тайёрланаётган ёшлар ва ҳарбий хизматчиларнинг маънавияти ҳамда дунёқарашини кенгайтириш, уларнинг ён-атрофда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга муносабати ва ҳаётий позициясини шакллантириш, Ватан тақдири, унинг мустақиллиги ва хавфсизлигини мустаҳкамлаш учун шахсий масъулиятини кучайтириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Ҳарбий округлар ва қисмларда, олий ҳарбий таълим муассасаларида, коллеж ва лицейларда, ташкилот ва маҳаллаларда “Тинчлик учун курашмоқ керак”, “Ватан ҳимояси – муқаддас бурч”, “Менинг армиям – менинг фахрим”, “Аскар оналарини шарафлаймиз”, “Армия ва ёшлар”, “Ватан – улуғ, бурчим – муқаддас” каби мавзуларда турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Бу йил Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан барча тадбирлар "Ўзбекистон – мустақил Ватанимиз, миллий армиямиз фахру ғуруримиз!" шиори остида ташкил этилаётгани уларни янгича маъно-мазмун билан бойитмоқда.

Ўтказилаётган учрашувлар, суҳбатлар ва семинарларда ёшларга миллий манфаатларимизга тўла жавоб берадиган ислоҳотларга асосланган, бутун дунёда “ўзбек модели” деган ном билан тан олинган тараққиёт стратегияси амалга оширилгани ва у бугунги кунда биз танлаган ривожланиш йўлининг нақадар тўғри ва ҳаётий эканини тасдиқлаб бераётгани, Ватан ҳимояси муқаддас бурч экани, Қуролли Кучларимизнинг бугунги салоҳияти ҳаётий мисоллар асосида тушунтирилмоқда.

Бундай тадбирлар ҳарбий қисм ва муассасаларда соғлом маънавий муҳит, қонун устуворлиги, ҳуқуқий тартиб, ахлоқ ва маданиятни юксалтириш, чақирувга тайёрланаётган ўсмирлар ва ҳарбий хизматчиларнинг фикр-мулоҳазаларини бойитиш, атрофда рўй бераётган ҳодисаларга дахлдорлик ҳиссини, фаол ҳаётий позициясини янада кучайтиришга хизмат қилмоқда.

Кенгаш аъзолари мудофаа сиёсатининг энг долзарб масалалари юзасидан жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича тизимли мониторинг ишларини олиб бораётир. Улар нафақат ҳарбий қисмларда, балки халқимиз орасида бўлиб, ҳарбий соҳадаги ислоҳотларнинг бориши тўғрисидаги фикрларни ўрганиб, таклиф-мулоҳазаларни йиғишга муваффақ бўлмоқда. Бу таклифлар таҳлил қилиниб, мутасадди идораларга тақдим этилмоқда.

Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий муҳофаза қилиш, уй-жой билан таъминлаш, тиббий таъминотини, яшаш ва хизмат ўташининг ижтимоий-маиший шароитларини яхшилашга қаратилган давлат дастурларининг ижросини ўрганиш учун бевосита ҳарбий округлар, алоҳида ҳарбий қисм ва муассасаларга саёҳатлар уюштирилмоқда. Қайд этилган масалалар комплекс равишда таҳлил этилмоқда. Жумладан, ўтган йили Жиззах вилояти Бахмал туманида жойлашган ҳарбий қисмда ҳарбий хизматчилар учун яратилган шарт-шароитлар ўрганилди. Хизматчиларнинг оила аъзоларини иш билан таъминлаш, тиббий кўрикдан ўтказиш, фарзандларининг таълим олиши ва тўгаракларда қатнашиши каби масалаларни тизимли йўлга қўйиш бўйича таклифлар тегишли идораларга тақдим этилди.

Қашқадарё вилоятидаги аҳоли яшаш пунктларидан олисда жойлашган ҳарбий қисмларда яратилган шароитлар билан танишилди. Эҳтиёжлар ўрганилиб, ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари учун авиамодель, кемамодель, картинг каби спортнинг техник ва амалий турларидан тўгараклар очилди.

Тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, мамлакатимиз Қуролли Кучларини ислоҳ қилиш ва янада кучайтириш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида халқимиз мунтазам таништириб борилаётгани миллий армиямиз салоҳияти ва қудратини кенг тарғиб этиш, ёшларда ҳарбий хизматга ҳурмат ва қизиқиш уйғотишда муҳим аҳамият касб этаётир.

Дилшод Каримов, ЎзА
3 337






Все о погоде - Pogoda.uz