ЎзА Ўзбек

17.12.2015 20:37:02 Чоп этиш версияси

Тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш йўлидаги ҳамкорлик

Пойтахтимизда Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд барпо этиш якунларига бағишланган идоралараро конференция бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо, Соғлиқни сақлаш ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, “Саноатгеоконтехназорат” давлат инспекцияси, Ўзбекистон Фанлар академияси ҳамкорлигида ташкил қилинди.

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Д.Ҳакимов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримовнинг Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд барпо этиш борасидаги ташаббуси минтақавий ва халқаро хавфсизликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари раҳнамолигида мамлакатимизда мустақилликнинг илк йилларидан узоқни кўзлаган тинчликпарвар сиёсат олиб борилмоқда. 1993 йилда Президентимиз Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд барпо этиш тўғрисидаги ташаббус жаҳон ҳамжамияти, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Атом энергияси бўйича халқаро агентлик, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан кенг қўллаб-қувватланди ва глобал хавфсизликни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшаётир.

2006 йили минтақа давлатлари томонидан Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд барпо этиш тўғрисидаги шартнома, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг 2014 йилги мажлисида мазкур шартноманинг Хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги протоколи якдиллик билан имзоланди.

Конференцияда Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд барпо этиш тўғрисидаги шартноманинг минтақавий ва халқаро хавфсизликни таъминлаш борасидаги роли ва аҳамияти хусусида сўз юритилди.

Ўзбекистон томонидан минтақада тинчлик ва барқарорликни сақлаш борасида амалга оширилаётган барча саъй-ҳаракатлар юксак самаралар бераётгани қайд этилди. Давлатимиз раҳбарининг Афғонистондаги вазиятни тинч музокаралар йўли билан ҳал қилиш, Орол муаммосини бартараф этиш, халқаро терроризм, диний экстремизм, наркотик моддалар ва қурол-яроғларнинг ноқонуний савдосига қарши курашиш борасидаги таклиф ва ташаббуслари нафақат минтақа, балки халқаро миқёсда ҳам муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.

– Бугунги кунда ғоят долзарб аҳамият касб этувчи ушбу конференцияда иштирок этганимдан мамнунман, – деди БМТнинг мамлакатимиздаги доимий мувофиқлаштирувчиси, БМТ Тараққиёт дастурининг доимий вакили Стефан Приснер. – Жаҳонда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш БМТ фаолиятининг муҳим йўналишларидандир. Барқарорлик ва хавфсизлик халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади. БМТ Ўзбекистон билан ушбу йўналишда фаол ҳамкорлик қилаётир.

Анжуман иштирокчилари жаҳонда ядро қуролини тарқатмаслик режимига оид омиллар билан боғлиқ масалаларни ҳам муҳокама қилди. Ядро қуролини тарқатмасликка доир халқаро ҳуқуқ норма ва тамойилларига қатъий риоя қилиш, жумладан, ядровий технологиялар ва материалларни ноқонуний кўчириш, уларнинг нодавлат субъектлар қўлига тушиб қолиши, ҳудудлар радиоактив заҳарланишининг олдини олишга оид муаммоларга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистоннинг минтақада оммавий қирғин қуролларини қисқартириш ва ядро қуролини тарқатмаслик режимини мустаҳкамлаш борасидаги кенг кўламли саъй-ҳаракатлари жаҳонда тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашга муносиб ҳисса қўшаётгани таъкидланди.

Тадбирда Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд барпо этиш борасида минтақа мамлакатлари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди, замонавий таҳдид ва хавфларга қарши кураш йўлида ўзаро маслаҳатлашувлар ва амалий ҳамкорликни янада фаоллаштириш зарурлиги қайд этилди.

– Хавфсизликни таъминлаш бўйича турли лойиҳаларни амалга ошириш орқали Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиб келамиз, – деди ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Дьердь Сабо. – Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд барпо этиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаб келмоқдамиз ва бу ташаббусни жуда муҳим, деб ҳисоблаймиз.

Конференцияда Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд барпо этиш жараёнида минтақа мамлакатларининг саъй-ҳаракатлари ва халқаро ташкилотларнинг ўрни, Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд барпо этиш тўғрисидаги шартноманинг минтақада хавфсизликни таъминлашдаги ўрни, Ўзбекистоннинг радиациявий ва ядровий хавфсизликни таъминлашга қўшаётган ҳиссаси, минтақада экологик хавфсизликни мустаҳкамлашга оид қатор мавзуларда маърузалар тингланди ва муҳокама этилди.