Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.09.2017 18:07 Чоп этиш версияси

Тинчлик ҳукмрон юртдагина инсон буюк ишларга қодир бўлади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқини тун яримдан оққан бўлса-да, юртдошларимиз телевидение орқали катта қизиқиш билан тинглади. Давлатимиз раҳбари юксак минбардан туриб, мамлакатимиз ҳамда халқаро ҳамжамият олдида турган устувор вазифаларни аниқ, лўнда ва содда тилда баён қилди. Бугун ким билан гаплашманг, Президентимизнинг ушбу нутқи ҳақида ўз фикрини билдиради, муҳим воқеа бўлганини таъкидлайди.

Топволди Холдоров, “Нуроний” жамғармаси Фарғона вилояти бўлими раиси, "Эл-юрт ҳурмати ордени" соҳиби:

– Ёшинг улғайган сари кузатувчан, ҳар нарсани тарозига соладиган бўлиб қолар экансан, киши. Эҳ-ҳе, бу ҳаётда нималар кўрмадик, қандай қийинчилигу машаққатларни енгишга тўғри келмади, дейсиз. Президентимизнинг кеча БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида сўзлаган нутқи юртимизда ёши, касб-коридан қатъи назар, ҳеч кимни бефарқ қолдирмади. Вақт алламаҳал бўлиб қолган бўлса-да, барчамиз диққат-эътибор билан тингладик.

Ўтган йили бошимиздан оғир синовлар ўтди. Мустақил давлатимиз асосчиси, Буюк Юртбошимиздан айрилдик. Халқимизнинг худога айтгани бор экан, шекилли, Яратган бизга янада ғайрат-шижоатли, эл-юрт манфаатини, адолат ва қонунийликни ҳамма нарсадан устувор биладиган йўлбошчини насиб этди. Шавкат Мирзиёев Биринчи Президентимизнинг муносиб шогирди сифатида ислоҳотлар кўламини янада кенгайтирди, ривожланишимизга шиддат бағишлади. Бугун юртимизда рўй бераётган ўзгаришу янгиланишлар вақтни ҳам шошириб қўймоқда. Инсон манфаатларига бўлган эътибор барча жабҳаларда ўз ифодасини топмоқда. Одамларимизнинг дунёқараши ўзгарди, эртанги кунга бўлган ишончи янада мустаҳкамланди. Айниқса, нуронийларимиз умрига умр қўшилмоқда. Бу осмондан олинган гаплар эмас. Ўзбекистонимизнинг қай гўшасига борманг, ўзингиз бунга гувоҳ бўласиз.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш билан боғлиқ муаммолар ҳақида сўз юритар экан, унинг ечимларини ҳам кўрсатиб берди. Айниқса, ён қўшнимиз Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал қилиш, у ерда тинчлик ва барқарорликка эришиш борасида Ўзбекистоннинг ўз позициясини баён қилди. Дунё ҳамжамиятини қийнаётган глобал муаммоларга ҳам муҳим эътибор қаратилгани, бежиз эмас. Чунки Ўзбекистон – тинчлик тарафдори. Халқаро терроризм ва экстремизмга қарши курашиш, ёшлар тарбияси бутун дунё ҳамжамиятининг муҳим вазифасига айланган бугунги кунда унинг аҳамияти янада ортади.

Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеясининг "Маърифат ва диний бағрикенглик" деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш лозимлиги тўғрисидаги таклифи ҳам тарихий воқеа бўлди. Ислом дини эзгуликка, тинчликка хизмат қилади. Шундай экан, Исломнинг асл моҳиятини очиб бериш ғоят долзарб вазифа. Бунда бизнинг заминимиздан етишиб чиққан азиз-авлиёлар, буюк алломалар меросини ўрганиш ва тарғиб этиш алоҳида аҳамиятга эга. Дунёда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, барча халқларнинг янада фаровон турмуши учун ғоят муҳим бўлган бундай улуғвор ташаббуслар Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятида ўз сўзи ва фикрига эга эканини кўрсатади. Бу барчамизга ғурур-ифтихор туйғуларини бағишлайди.

Нортожи Халибаева, Фарғона вилояти қирғиз миллий маданий марказининг «Сулув қиз» ансамбли бадиий раҳбари, Фарғона туманидаги 25-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси, "Шуҳрат" медали соҳиби:

– Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқини телевидение орқали кўрдим, эшитдим. Соат тунги икки бўлса-да, уйқум келмади. Давлатимиз раҳбарининг юксак минбардан туриб, бутун дунёни ташвишга солаётган ғоят долзарб масалалар ҳақида айтган фикрлари хаёлимда айланаверди. Интернетдан нутқни олиб, ҳар бир сатрини қайта-қайта ўқидим, юракдан ўтказиб ўқидим.

Дарҳақиқат, тинчлик ҳукмрон юртдагина инсон буюк ва эзгу орзуларни кўнглига тугиши, уларнинг ушалишидан қалби қувончга тўлиши, ўз истеъдоди ва салоҳиятини тўла намойиш этиши мумкин. Халқимиз бу олий неъматни доим улуғлаб келишининг, дуога қўл очганда Яратгандан аввало эл-юртга тинчлик ва осойишталик, фаровонлик ва ободлик тилашининг сабаби ҳам шунда.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида қисқача тўхталиб ўтди. Ўзбекистон ўзаро мулоқот, амалий ҳамкорлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлашнинг қатъий тарафдори эканини алоҳида таъкидлади.

Албатта, биз бу ишларнинг барчасини билиб, гувоҳи бўлиб турибмиз. Биргина Қирғизистон билан кейинги вақтда ҳамкорлигимиз янги босқичга кўтарилганининг ўзи кўп нарсани англатади. Икки давлат ўртасида иқтисодий, ижтимоий ва маданий-гуманитар соҳалардаги яқин ҳамкорлик, дўстлик ва қўшничилик алоқаларини янада мустаҳкамлаш борасидаги ишлар ҳар икки халқни жуда хурсанд қилиб юборди. Чегара билан боғлиқ муаммолар ҳал этилиб, борди-келди йўлга қўйилгани барчанинг айни дилидаги иш бўлди.

Бу Ўзбекистонимиз ташқи сиёсатидаги ишларнинг биргина намунаси, холос. Марказий Осиёдаги бошқа давлатлар билан ҳам ҳамкорлик муносабатлари тубдан ўзгармоқда, янги босқичга кўтарилмоқда. Президентимизнинг БМТ минбаридан туриб сўзлаган нутқида булар аниқ баён қилиб берилди.

Маъcуджон Сулаймонов, ЎзА
2 603






Все о погоде - Pogoda.uz