Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.08.2018 20:30 Чоп этиш версияси

Тинчлик таронаси жаранглаб турсин

Тинчлик таронаси жаранглаб турсин Қачонки, карнай-сурнайнинг шўх садоси эшитилса, юрагимиз ҳаприқиб кетади. Бу тўйга, байрамларга чорловчи наво аслида нафақат хурсандчилик, балки тинчлик таронасидир. Ахир тинчлик бўлмаган жойда у жарангламайди.

Ҳадемай, халқимизнинг асрий орзу-умидлари меваси бўлган, Ўзбекистонни жаҳонда тенглар ичра тенг қилган Мустақиллик айёмини нишонлаймиз. Нафақат юртдошларимиз, балки Ўзбекистонни ўзига дўст деб билган қардошларни, узоқда бўлса-да она-тупроғини азиз билган миллатдошларимизни карнай-сурнай навоси ила қутлуғ тўйга чорлаймиз.

Айни кунларда Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллик айёмини муносиб кутиб олиш, байрамни тинч ва осойишта ўтказиш долзарб масалалардандир. Бу борада Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 28 июндаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма етти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Қарорда қайд этилганидек, жонажон Ватанимиз – Ўзбекистонимиз миллий тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйиб, барча соҳа ва тармоқларда демократик янгиланиш жараёнлари амалга оширилаётган бугунги кунда биз учун бебаҳо неъмат бўлган мустақилликнинг қадр-қиммати ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда.

Дарҳақиқат, мустақиллик бугунги ва келгуси авлодлар учун мисли кўрилмаган имкониятлар очган бебаҳо неъматдир. Шу боис ҳам энг улуғ, энг азиз байрамимиз – Мустақиллик аёмини нафақат қадрлаш, балки уни муносиб нишонлаш ижтимоий-сиёсий ва маънавий ҳаётимизда алоҳида муҳим ўрин тутади.

“Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” ғояси асосида нишонланадиган улуғ айёмда амалга ошириладиган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастури тасдиқланди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури билан уйғун ҳолда тайёрланган дастурдан ижтимоий ҳаётимизда муҳим ўрин тутувчи барча йўналишлар қамраб олингани ҳолда тинчлик-осойишталик ва хавфсизликни таъминлаш билан билан боғлиқ чоралар ҳам алоҳида ўрин эгаллаган.

Айтиб ўтиш керакки, истиқлол йилларида юртимизда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш вазифаларига доим устувор аҳамият берилди. Бу ички ишлар органлари тизимидаги профилактика, тезкор-қидирув, тергов, йўл ҳаракати хавфсизлиги, ёнғин хавфсизлиги, қўриқлаш, патруль-пост хизматлари такомиллашганида, соҳанинг моддий-техник базаси мунтазам мустаҳкамлаб борилаётганида намоён бўлмоқда.

Мазкур хизматларнинг барчаси ҳозирги кунда мустақиллик байрамини тинч-осойишта ўтказиш, халқимизнинг хавфсизлигини таъминлашга сафарбар этилган.

Ички ишлар вазирлиги патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бош бошқармасидан маълум қилишларича, ҳуқуқни муҳофаза этувчи органлар ва бошқа мутасадди идора ва ташкилотлар билан биргаликда амалга оширилиши лозим бўлган масалаларни ташкил этиш, тезкор-профилактик тадбирларни амалга ошириш юзасидан ИИВнинг алоҳида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.

Ушбу режа асосида республика миқёсида кенг қамровли “Тозалаш-антитеррор” профилактик тадбири ўтказилмоқда.

Асосий эътибор жиноят ва ҳуқуқбузарликларни содир этишга мойил бўлган шахсларни аниқлаб, уларга профилактик таъсир ўтказиш, қурол-яроғ, ўқ-дори, гиёҳванд ва заҳарли моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши кучайтирилган тартибда курашиш, ўта муҳим, тоифаланган, шу жумладан, ҳаёт маромини таъминловчи объектларнинг қўриқланишини кучайтириш ва назоратга олишга қаратилаётир.

Юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни ўз вақтида ҳал этилишини таъминлаш мақсадида жадвал асосида йирик ташкилот ва корхоналар раҳбарлари, шунингдек, уларнинг маъмурияти ва авария хизмати вакилларининг туну-кун навбатчилиги йўлга қўйилган.

Республика ҳудудида, айниқса, чегара ҳудудларида, Тошкент шаҳри ва бошқа марказий шаҳарларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, криминоген муҳитни соғломлаштириш алоҳида эътиборда. Паспорт режимини мустаҳкамлашга қаратилган тадбирларни ўтказиш жараёнида жиноий, экстремистик кайфиятдаги ва бошқа ғайри-ижтимоий ҳаёт тарзини кечирувчи шахслар аниқланиб, тегишли чоралар кўрилмоқда.

Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида байрам тадбирлари билан боғлиқ объектлар атрофида қўшимча йўл-патруль хизмати постлари ташкил этилди. Объектлар атрофидаги йўллар ва йўл белгиларининг ҳолати тегишли идоралар билан ҳамкорликда кўрикдан ўтказилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилаётир.

ИИВ ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси маълумотларига кўра, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мақсадида тайёргарлик машғулотлари, байрам тадбирлари ўтказиладиган ҳамда бадиий жамоалар аъзолари жойлашадиган объектларнинг ёнғин хавфсизлиги ҳолати белгиланган тартибда ўрганиб чиқилмоқда. Аниқланган камчиликларни бартараф этилиши назоратга олинган.

Байрам билан боғлиқ барча объектларда ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимларининг навбатчилиги ташкил этилади. Йирик объектларда эса ёнғин ўчириш автоэкипажлари жанговар шай ҳолда ушлаб турилади.

Байрам тантаналари ўтказиладиган жойларнинг 45 тасида ёнғин-профилактика кўриклари ўтказилган. 147 таси текшириб чиқилган ва улар атрофида жойлашган мингдан зиёд корхона ва ташкилотларда ёнғин-профилактика ишлари олиб борилган. Давлат тасарруфидаги 826 маскан, 25 мингдан зиёд аҳоли турар жойлари ҳамда 790 кўп қаватли уйларнинг ёнғинга қарши ҳолати текшириб чиқилди. Текшириш ва кўриклар жараёнида ҳозирги кунга қадар кўп қаватли уйлардаги 784 чордоқ ва 757 ертўланинг барчаси беркитилди.

Олиб борилаётган профилактик ишлар давомида ёнғин хавфсизлиги талабларини бузган ёки бажармаган 1,5 мингга яқин фуқаро, масъул шахслар маъмурий жавобгарликка тортилиб, уларга 91 миллион сўмдан ортиқ жарима солинди. Ёнғин чиқиш хавфи бўлган 530 маскан ва алоҳида участкалар талаб даражасига келтирилгунга қадар вақтинчалик тўхтатиб қўйилди. Беш мингга яқин ёнғин чиқиш хавфи бўлган носоз электр тармоқлар ва агрегатлар манбаидан узиб қўйилди.

Амалга оширилаётган бу каби ишларнинг самарадорлиги аҳолининг ҳуқуқий маданияти билан чамбарчас боғлиқ. Шуни эътиборга олиб барча хизматлар, айниқса, профилактика хизмати ходимлари маҳаллалар, корхона ва ташкилотларда, муассасаларда учрашувлар ўтказиб, хавфсизликка оид тарғибот ишларини олиб бормоқда. Бу жараёнда нафақат осойишталик қадри, балки аҳолини огоҳликка чорловчи, ҳар бир инсон ўз уйини, маҳалласини асрашга масъул экани тушунтирилмоқда.

Мамлакатимизда Мустақиллик айёмини муносиб кутиб олиш, байрам тадбирлари, айниқса, халқ сайлларини юқори савияда, осойишталикда ўтказиш учун барча шарт-шароит таъминланмоқда. Кенг жамоатчилик, катта-ю кичик бу жараёнга бефарқ бўлмаслиги, хотиржамлик учун ҳисса қўшиши байрам шукуҳини янада оширишини ёдда тутсак, юртимизда тинчлик таронаси мангу жаранглаб туражак!

Норгул Абдураимова, ЎзА
5 467