Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.09.2017 18:29 Чоп этиш версияси

«Тинчлик қўнғироғи»: тараққиёт, фаровон ҳаёт, порлоқ келажак чорлови

«Тинчлик қўнғироғи»: тараққиёт, фаровон ҳаёт, порлоқ келажак чорлови Тинчлик – буюк неъмат. Унинг мустаҳкам қўрғони тинчликпарвар сиёсат тарафдорлари – давлатлар, халқлар ва миллатлар. Тинчлик маҳсули дунёда бир хил англанилади: тараққиёт, фаровон ҳаёт, бахтиёр одамлар, порлоқ келажак.

Шу боис Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташаббуси билан қабул қилинган 21 сентябрь – Халқаро тинчлик куни дунё миқёсида кенг нишонланади.

Пойтахтимиздаги Дўстлик боғи ҳар қачонгидан-да гавжум. Карнай-сурнай садолари мамлакатимизда тинч-тотув истиқомат қилаётган турли миллат вакилларини сўлим боғга чорлади.

Бу ерда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллигига бағишлаб «Халқаро тинчлик куни» тадбири бўлиб ўтди.

Унда дўстлик жамиятлари, миллий маданий марказлар раҳбарлари, мамлакатимизда фаолият олиб бораётган дипломатик корпус вакиллари, кенг аҳоли қатлами, ёшлар иштирок этди.

13.JPG

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси ўринбосари Камолиддин Эшонхўжаев, Ўзбекистон корейс маданият марказлари уюшмаси раиси Виктор Пак, ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги вакили Дендев Бадарч ва бошқалар Ўзбекистондаги тинчлик муҳити ҳаётнинг турли жабҳаларида эришилаётган улкан ютуқлар омили эканини алоҳида таъкидлади.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясидаги нутқи дунё ҳамжамияти томонидан катта қизиқиш билан кутиб олингани, унда билдирилган фикр-мулоҳаза ва таклифлар бугунги кун учун ғоят долзарб экани қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари нутқида Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақасига устувор аҳамият қаратаётганини, минтақада барқарорлик, изчил тараққиёт ва яхши қўшничилик муҳитини яратиш барчага бирдек манфаатли эканини таъкидлаб, дунёда терроризм таҳдидлари кучайиб бораётган бир шароитда, уларга қарши курашишнинг самарали усулларини қўллаш зарурати юзага келганини, бунда биринчи навбатда, ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш энг муҳим вазифамиз бўлиб қолаётганини алоҳида илгари сурди.

– Алоҳида эътироф этиш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тинчликпарвар сиёсати Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида муваффақиятли давом эттирилмоқда, – деди Япониянинг мамлакатимиздаги элчихонаси маслаҳатчиси, миссия раҳбари ўринбосари Тоёшима Соичиро. – Халқаро тинчлик куни муносабати билан БМТ бош қароргоҳида тинчлик қўнғироғи чалинди. Биз Тошкентда бу қўнғироқни чалаётганимиздан мамнунмиз ва Ўзбекистон ҳамда бутун дунё халқларига тинчлик-омонлик тилаймиз.

Халқаро тинчлик кунида дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатида тинчлик қўнғироғи чалиниши яхши анъанага айланган. Бугун пойтахтимизда чалинган тинчлик қўнғироғи мамлакатимизда ҳукмрон тинчлик-осойишталик, фаровонлик, турли миллат вакилларининг аҳиллиги, ҳамжиҳатлиги, уларнинг тинчликпарварлиги рамзи сифатида бонг урди.

Тадбирда куй-қўшиқлар ижро этилди, мамлакатимиз тарихи, бу ерда истиқомат қилаётган турли миллатлар маданияти, уларнинг бахтиёр ҳаёти акс этган расмлар ва фотосуратлар кўргазмаси ташкил этилди.

Улуғбек Асроров, Tемур Мамадаминов (сурат), ЎзА
1 440






Все о погоде - Pogoda.uz