ЎзА Ўзбек

13.07.2018 22:52 Чоп этиш версияси

Тинчлик мақсадларига хизмат қилувчи хавфсиз ва ишончли энергия

Атом электр станцияси асосан электр ёхуд иссиқлик энергияси ишлаб чиқаришга мўлжалланган, ядро реактори ва бошқа зарур туташ қурилмаларни ўз ичига олган йирик мажмуа ҳисобланади. Бошқа электр станцияларидан фарқли ўлароқ АЭСларда электр қувватини олишда кўмир, нефть ёки мазут эмас, асосан, сайёрамизда кам тарқалган фаол радиоактив унсур – уран моддасидан фойдаланилади.

Ўтган асрнинг 40-йиллари охирида олимлар атом энергиясидан тинчлик мақсадида фойдаланиш бўйича илк лойиҳаларни ишлаб чиқа бошлаган ва дунёдаги илк АЭС 1954 йил 27 июнда Россиянинг Обнинск шаҳрида ишга туширилган.

Йиллар ўтиши, ривожланиш, демографик кўрсаткичларнинг ўсиши билан дунё ҳамжамияти энергетика саноатида АЭСларнинг афзал жиҳатларини англаб етаётир. Халқаро атом энергияси агентлигининг 2017 йилги маълумотларига кўра, бугунги кунда ўттиздан зиёд мамлакатда 451 энергоблокка эга бўлган 191 АЭС ишламоқда. Ядро реакторлари АҚШда 99 та. Францияда 58 ядро реактори бўлиб, улар электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг 72,3 фоизини қоплайди. Шунингдек, ядро реакторларидан кенг фойдаланадиган мамлакатлар сирасига Россия (37), Хитой (36), Жанубий Корея (25) киради. Бундан ташқари, ҳозирги кунда жаҳонда 60 дан ортиқ янги АЭСлар қурилиши мўлжалланган.

Давлатимиз раҳбари жорий йил 10 июль куни мамлакатимизда мутлақо янги соҳа бўлган атом энергетикасини барпо этиш бўйича ташкилий-техник чора-тадбирларни амалга ошириш масалаларига бағишланган йиғилишда бу соҳага алоҳида эътибор қаратиш замон талаби эканини қайд этди.

Бугунги кунда юртимиз аҳолиси сони 33 миллионга чиқди, лекин ўтган чорак аср давомида бирорта ҳам қудратли электр станцияси қурилгани йўқ. Шунинг ўзи бу соҳа эътиборга муҳтож эканини кўрсатади. Ҳисоб-китобларга кўра, киши бошига энергия таъминоти тахминан 30 фоиз камайган. Иқтисодиётимизни тубдан ривожлантириш, янги қувватлар барпо этишга қатъий бел боғлаганимиз энергияга талабни янада оширяпти. Шундай экан, ўзимизда мавжуд бўлган уран хомашёсига таяниб, атом электр станцияси қуришга қарор қилингани айни муддаодир.

Сўнгги вақтларда аҳоли турмушида шундоғам электр энергияси билан боғлиқ муаммолар кам эмасди. Кўрилаётган чора-тадбирлар, янги лойиҳалар асосида халқимиз, юртдошларимиз учун кенг имкониятлар яратилади.

Ҳозирги пайтда дунё миқёсида энергия таъминотининг тахминан 15 фоизи АЭСлар ҳиссасига тўғри келаётгани ҳамда ривожланган мамлакатларда бу кўрсаткич жуда юқори ва йилдан йилга ошиб бораётгани ҳисобга олинса, у баъзилар айтаётганидек хавфли эмас.

Бугунги кунда мамлакатимизда электр энергиясига бўлган талаб 69 миллиард киловатт/соатни ташкил этади. Бу қувватнинг қарийб 85 фоизи газ ва кўмир ёқиш орқали, қолган 15 фоизи ГЭСларда ишлаб чиқарилади. Бунинг учун йилига 16,5 миллиард куб метр табиий газ, 86 минг тонна мазут ва 2,3 миллион тонна кўмир сарфланади.

Иқтисодий ўсиш, аҳоли сони ва турмуш даражасининг ошиб бориши натижасида электр энергиясига талаб ҳам ортаверади. Бу эса янги қувватлар ташкил этиш заруратини туғдирмоқда.

20 граммлик уран 520 килограммлик кўмирнинг қувватини беради. Агар масалани ҳал қилишга бугундан киришмасак, келажак авлод бизни кечирмайди. Ҳозиргача юртимизда қазиб олинаётган уранни четга сотяпмиз. Бу ноёб хомашёни ўзимизда ишлатсак, жуда катта самарадорликка эришамиз.

Атом энергияси экологик тоза, бундай станциялар зарарли ис газини ҳосил қилмайди. Натижада мамлакатимизда табиий газни ёқишдан ҳосил бўладиган ва атроф-муҳитга тарқаладиган ис гази ҳажми йилига 3 миллион тоннагача камаяди.

АЭСларнинг афзаллиги жуда кам ёқилғидан улкан миқдорда энергия олинишида. Айтилганидек, бу биринчи навбатда атроф-муҳит мусаффолигини сақлашда муҳим аҳамият касб этади. Масалан, 1000 МВт электр энергияси ишлаб чиқариш учун оддий иссиқлик электр станциялари 13 минг тонна заҳарли газ, 165 минг тонна кўмир чангини ҳавога чиқаради. АЭСларда бундай зарарли унсурлар захирадаги дизель генераторларини ишга тушириш ҳисобига жуда кам миқдорда ажралади. Иссиқлик электр станциялари шунча миқдордаги энергия ишлаб чиқариш учун 8 миллион тонна кислород сарфлайди. АЭС учун эса кислороднинг деярли кераги йўқ.

Аммо буни шунчаки қуришнинг ўзи етарли эмас. Соҳага малакали кадрлар керак. Шу боис бугунги кун билимдон ва малакали кадрларни тайёрлашимизни талаб этади. Ёшларимиз Москва муҳандислик-физика институтида таҳсил олмоқда. Ўзбекистонда мазкур олий ўқув юртининг филиалини очиш ҳаракати бошланди. Уч йил ичида 4 минг нафар малакали мутахассис тайёрлашимиз зарур. Умуман, атом электр станцияси қурилишида 9 минг, ишга туширилгандан кейин 3,5 минг киши иш билан таъминланади.

Ҳар томонлама узоқни кўзлаб режалаштирилган экологик тоза ва зарарсиз ушбу йирик лойиҳа мамлакатимиз иқтисодий тараққиётига улкан ҳисса қўшади. Энг муҳими, аҳолининг турмуш шароити яхшиланиб, электр энергиясига эҳтиёж қопланади. Шунинг ўзи катта ютуқ бўлиши аниқ.

Саъдулла Баҳромов,
Ўзбекистон Фанлар академияси академиги.

ЎзА
6 576