ЎзА Ўзбек

18.06.2018 19:09 Чоп этиш версияси

“Тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт йўлида бирлашайлик!”

Бухорода Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси марказий кенгаши томонидан шундай шиор остида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Унда партия марказий ҳамда вилоят кенгаши масъул ходимлари, фаоллари, вилоят ички ишлар бошқармаси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакиллиги вакиллари, кенг жамоатчилик, ёшлар иштирок этди.

Тадбир ўқувчи-ёшлар асарларидан иборат “Тинчлик – менинг нигоҳимда” ижодий кўргазмаси билан бошланди. Асарларни эл осойишталиги – улуғ неъмат, бунёдкорлик, фаровон ҳаёт ва нурафшон келажак тинчлик билан бевосита боғлиқ, деган олижаноб ғоя бирлаштириб туради.

Яратганга шукр, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо. Зеро, тинчлик бор жойдагина тараққиёт, фаровонлик бўлади. Бироқ, ҳозирги кунда дунёнинг турли нуқталарида юз бераётган нотинч вазият, турли низолар ўша ҳудудлардаги ҳаётни издан чиқариб, одамлар бошига оғир мусибатлар келтирмоқда. Бу эса ҳар биримиздан доимо огоҳ бўлиб яшаш, тинчликни асраш, унинг қадрига етишни тақозо этади.

– Партия уставида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, ёшлар ўртасида мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, демократик жараёнларни жадаллаштириш, навқирон авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, миллатчилик, экстремизм, терроризм иллатларига қарши курашиш, динлараро бағрикенгликни, тинчлик ва барқарорликни тарғиб қилишга қаратилган маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда, – дейди партия вилоят кенгаши раиси М.Ҳамидов. – Навқирон авлод вакилларида четдан тиқиштирилаётган мафкуравий таҳдидларга қарши иммунитетни кучайтириш ва мустақил нуқтаи назарга эга бўлишни қарор топтиришда бундай тадбирларнинг таъсирчанлиги ҳамда самарадорлигини янада ошириш зарур.

Афсуски, ҳаётда турли сабаблар билан адашган ё алданганлар учраб туради. Тадбирга таклиф этилган икки ёш ана шундайлар сирасидан.

– Яхшигина даромад топиш мақсадида дўстим билан Россияга ишлагани борган эдик, – дейди улардан бири М.Расулов. – Аммо нотаниш кишилар қутқусига учиб, экстремистлар тўдасига тушиб қолдик. Қилмишим учун мени етти йил қамоқ жазосига ҳукм қилишди. Худога шукрки, бағрикенг ва кечиримли давлатимиз бор. Олти ой муқаддам афв этилиб, муддатидан уч йил олдин оилам бағрига қайтдим. Ҳамроҳимга ҳам шундай ҳиммат кўрсатилди. Бу биз учун ҳаётда ўз ўрнимизни топишда катта имконият бўлди. Ёшлар бизнинг хатомизни такрорламаслиги керак.

Тадбирда Когон шаҳридаги 8-умумтаълим мактаби драма тўгараги ўқувчилари томонидан терроризмнинг манфур қиёфасини фош этувчи саҳна кўриниши намойиш этилди.

Эркин Ёдгоров, ЎзА
3 458