ЎзА Ўзбек

25.08.2018 15:51 Чоп этиш версияси

Тинч ва фаровон юртда тараққиёт бўлади

Тинч ва фаровон юртда тараққиёт бўлади
Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!

Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасини, жумладан, рўй бераётган ўзгариш ва янгиланишларни халқимиз ўз ҳаёти фаровонлигида кўрмоқда.

Айниқса, одамларнинг турмушини яхшилаш, аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, илғор бизнес ғояларни рағбатлантириш, иш ўринлари яратиш, ёшлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлардан Сирдарё аҳолиси ҳам жуда мамнун.

Вилоятда кейинги йилларда улкан бунёдкорлик-қурилиш ишлари амалга оширилди. Ҳудуднинг инвестиция салоҳиятини ошириш, маҳаллий ва хорижий инвесторларга қулай шароит яратиш масаласи ҳам доимий эътиборда. Жумладан, 2018-2019 йилларда 230 миллион долларлик хорижий инвестиция жалб этиш бўйича 23 лойиҳани амалга ошириш белгиланган. Бу 2,8 минг иш ўрни яратиш имконини беради.

Президентимиз раислигида жорий йил 21 июнь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлардан кейин қиймати 114,2 миллион доллар бўлган 4 қўшимча лойиҳа шакллантирилди. 421 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш мақсадида 4 истиқболли лойиҳани амалга ошириш юзасидан чет эллик ҳамкорлар билан музокаралар олиб борилмоқда.

Ҳозирги кунга қадар 25 дан ортиқ хорижий компания билан вилоятга тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритиш юзасидан музокаралар ўтказилди. Бунинг натижасида Боёвут туманида Жанубий Корея билан ҳамкорликда “НСЖ Инжиниринг Боёвут” қўшма корхонаси ташкил этилди. Мазкур корхона томонидан 2018-2022 йилларда вилоятга 300 миллион доллар миқдорида хорижий инвестиция киритилади ва 10 мингга яқин янги иш ўрни яратилади. 

Шунингдек, Сингапур давлатининг “Индорама” компанияси билан олиб борилган музокаралар натижасида Оқолтин ва Сардоба туманларида жами 30 минг гектар ер майдонида пахта кластери ташкил этиш режалаштирилиб, шунга оид қарор лойиҳаси тегишли вазирлик ва идоралар билан келишиш учун киритилган. Хитойнинг “Кюбей индастри” компанияси билан эришилган келишувга асосан Сайхунобод туманида қиймати 10 миллион долларлик ғўзапоя ва қамишдан қурилиш материаллари (ДСП) ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш мўлжалланмоқда.

01.jpg

Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятга 30,2 миллион долларлик хорижий инвестиция жалб этилиб, анорни қайта ишлашга ихтисослашган “Деҳқонобод асл анори” МЧЖ ҳамда энергия тежамкор ёритгичлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган “Флай лед груп” қўшма корхонаси тўлиқ ишга туширилди.

Мамлакатимизда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш юзасидан фақат кейинги икки ойда 10 дан ортиқ қарор қабул қилингани инвестиция масаласига нечоғли катта эътибор қаратилаётганининг далолатидир.

Сирдарё вилояти делегацияси томонидан 2017-2018 йилларда Германия, Хитой, Қозоғистон ва Туркия давлатларига уюштирилган хизмат сафарлари давомида 31 та лойиҳа бўйича 293 миллион долларлик хорижий инвестицияни жалб этиш юзасидан меморандум ҳамда 1 та 1,2 миллион долларлик экспорт контракти имзоланди. Ушбу келишувлар натижасида бугунги кунда 2 та лойиҳа доирасида қарийб 1 миллион долларлик хорижий инвестициялар жалб қилинди.

Бу борадаги ишларни янада жадаллаштириш мақсадида жорий йил 22-27 июль кунлари вилоят ҳокимининг ўринбосарлари бошчилигидаги тадбиркорлардан иборат делегация Туркия давлатида хизмат сафарида бўлди.

Делегация Анқара шаҳар губернатори ҳамда туркиялик ишбилармонлар билан биргаликда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлаш, қурилиш моллари ҳамда трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича музокаралар ўтказди. Натижада 10 та меморандум имзоланди, 13 та меморандумнинг юридик асослари кўриб чиқилмоқда. Бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Юқорида қайд этилганидек, вилоятда бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Гулистон шаҳрида шарқона услублар асосида Мотамсаро она ҳайкали хиёбони барпо этилди. 9 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланган хиёбондаги ҳайкал пойига ётқизилган мармар плиталар ўртасига “мангу олов” ўрнатилди. Турли манзарали дарахт ва гул кўчатлари экилган хиёбон ўзида замонавий архитектура ва меъморчилик анъаналарини тўлиқ мужассам этган иккита кенг айвондан иборат. Айвонда ўрнатилган “Хотира китоби”да Иккинчи жаҳон уруши йилларида жанг майдонларида ҳалок бўлган 3 минг 770 дан ортиқ сирдарёлик юртдошимизнинг исм-шарифи битилган.

Гулистон шаҳрининг Ислом Каримов кўчасидаги хиёбон қайта реконструкция қилинди, Алишер Навоий номидаги “Билимдонлар маркази“ иш бошлади. Мажмуада вилоят аҳолиси, айниқса, ёшлар учун барча шароит яратилган. Бу ерда битта китоб ва битта гул дўкони, китобхонлар учун махсус айвонлар барпо этилди. Давлатимиз раҳбари жорий йил май ойида Сирдарё вилоятига ташрифи давомида ушбу марказда вилоятнинг ижодкор зиёлилари, ижтимоий соҳа вакиллари ҳамда ёшлар билан учрашган ва бу ерда яратилган шароитлар билан танишган эди.

“Юрт байроғи” – вилоят марказида барпо этилган замонавий майдон бўлиб, у турли манзарали дарахтлар, турфа гуллар ва мусиқали фавворани ўзида мужассам этган ғоят кўркам хиёбондир. Майдон марказига баландлиги 22,5 метрлик Ўзбекистон байроғи ўрнатилгани боис у “Юрт байроғи” деб номланган.

Президентимиз ташаббуси асосида хитойлик ҳамкорлар билан бирга Сирдарё туманида “Ўзбекистон – Хитой дўстлик боғи” барпо этилди. Ушбу маскан давлатимиз раҳбарининг тавсияси билан шундай аталди. Лойиҳа доирасида 14 гектар ҳудуд ободонлаштирилиб, замонавий бино ва иншоотлар, боғ, стадион, сузиш ҳавзаси, декоратив Хитой айвони, болалар аттракционлари, меҳмонхона, ўқув маркази, супермаркет, хитой ва ўзбек миллий таомлари ошхоналари фаолияти йўлга қўйилди.

Ўзаро ҳамкорликда яратилган мазкур муҳташам маскан хитой ва ўзбек халклари ўртасидаги азалий дўстлик ва маданий-маънавий алоқалар, иқтисодий ҳамкорлик каби муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Жорий йилда вилоятда намунавий лойиҳалар асосида 904 та арзонлаштирилган уй-жой қурилиши белгиланган. Айни пайтда мазкур уй-жойларнинг қурилиш ишлари тўлиқ якунига етказилди. Кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалар муаммоларини аниқлаш, ижтимоий соҳа объектлари, энг аввало, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа муассасаларнинг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш бўйича ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Вилоятда халқаро ва хорижий молия институтларининг кредитлари ҳисобидан 2018 йилда жами 21,4 миллион долларлик объектлар қурилиши ва реконструкция қилиниши режалаштирилиб, бугунги кунда 15,2 миллион доллар миқдоридаги маблағ ўзлаштирилди. Жумладан, туман ва шаҳарларда ичимлик суви таъминотини яхшилаш ҳамда канализация тизимларини реконструкция қилиш мақсадида 8,6 миллион долларлик иш бажарилади. “Фарҳод” гидроэлектростанциясида 2,8 миллион долларлик модернизация ишлари ҳамда “Сирдарё” иссиқлик электр станциясининг энерго блокларини модернизация қилиш бўйича 10 миллион долларлик иш амалга оширилиши режалаштирилган.

Сирдарё вилояти миришкорлари давлатга пилла ва ғалла сотиш шартнома режасини ортиғи билан уддалади. Бобо деҳқонларимизнинг пешона тери эвазига етиштирилаётган ғўзанинг ҳосил йиғиши ҳам баравж.

Энг муҳими, Сирдарё вилояти аҳолиси қалбида бугунидан шукроналик ва эртанги кунга ишонч туйғуси мустаҳкам. Бу юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик туфайлидир. Зеро, тинчлик ва фаровонлик эгиз тушунчалар бўлиб, бундай юрт одамларининг кўнглида хотиржамлик, ишида унум бўлади.

Мухтасар айтганда, сирдарёликлар ҳам энг улуғ, энг азиз айём – Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллиги шодиёналарини кўтарники руҳда кутиб олишга пухта ҳозирлик кўрмоқда.

Ғофуржон Мирзаев,
Сирдарё вилояти ҳокими

ЎзА
3 937