Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.05.2018 15:06 Чоп этиш версияси

Тинч ўтган ҳар бир кун – байрам

– Президентимиз қарори билан Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш бўйича амалга ошириладиган ишларни эшитиб, кўзларимга ёш келди. Қарорда фахрийларга эҳтиром кўрсатиш, уларнинг яшаш шароитини яхшилаш, ҳолидан хабар олишга алоҳида эътибор қаратилган. Айниқса, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг истакларига кўра, ўзлари жанг қилган мамлакатларга кузатувчи билан сафарини ташкил этиш, деган жумлани неварам ўқиб берар экан, даҳшатли жанггоҳлар кўз олдимга келди... Бир кўнглим юмшайди, бир ғурурланаман. Ватан, тинчлик учун қўлга қурол олганим бир ён бўлса, бегуноҳ фарзанд доғи минглаб онаизорларни адои тамом қилгани дилимни ўртайди...

Бу Навоий шаҳридаги Ҳаёт маҳалласида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Иброҳим бобо Исмоиловнинг сўзлари. Отахон ҳар тонг фаровон кунларга етганига шукрона айтиб, юртимизга тинчлик, халқимизга фаровонлик сўраб, фарзанду набиралари ҳаққига дуо қилади.

Отахоннинг эркатой эвараси Муроджон бобосининг бугун эртакка ўхшаб туюлган, аслида даҳшатли бўлган уруш хотираларини такрор-такрор айтиб беришни сўрайди. У кунлар изтиробини болакай билмайди-да. 

– Урушда разведкачи бўлганман, – дейди бобо. – Бу жуда масъулиятли ва машаққатли иш эди. Баъзан 500 метр, ҳатто километрлаб масофани эмаклаб ўтишга тўғри келарди. У вақтларда жуда ғўр эдим. Энди 19 ёшга кирган йигитча эдим-да. Бизни асраган ягона куч – қайтишимизга кўз тикиб ўтирган ота-оналаримизнинг дуоси бўлса керак. Мен буни кейин англаб етганман. Шу боис ёшларни дуо қилишдан ҳеч чарчамайман. Дориломон кунларга етказганига шукроналар айтаман. Аслида, тинч ва хотиржам ўтган ҳар бир кунимиз – байрам. Бунинг қадрига етиш керак.

Урушнинг охирги йилида оёғидан оғир яраланган Иброҳим даволангач, уйига қайтиши мумкин эди, бироқ у қайтмади. Яна жанггоҳга йўл олди. Ғалабадан сўнггина юртига қайтди.

Умрини қурилиш ва бунёдкорлик ишларига бағишлаган отахоннинг хонадони доимо гавжум. Айниқса, байрам кунлари тўққиз фарзанд, элликдан ортиқ невараю чеваралар йиғилса, билмаганлар бу ерда тўй бўляпти-ёв, деб ўйлайди.

Айни дориломон кунларда оила даврасига файз бағишлаб турган отахоннинг қўллари ҳамон дуода, бугунги фаровон турмушга шукрона келтиради. Бундай эзгу тилаклар эса, албатта, ижобат бўлади. 

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
13 770