ЎзА Ўзбек

19.07.2018 15:11 Чоп этиш версияси

Тинч-осойишта юрт обод-ораста бўлади

Тинч-осойишта юрт обод-ораста бўлади
Сирдарё вилояти Мирзаобод туманидаги Баҳористон ва Нурафшон маҳаллаларида “Обод қишлоқ” дастури доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ва қурилиш-ободонлаштириш ишларига 17 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилган. 

"Нурафшон" маҳалла фуқаролар йиғинида “Обод қишлоқ” дастури доирасида амалга оширилаётган ишларда йўл қўйилаётган баъзи камчилик ва сусткашликлар хусусида 30 июнь куни ЎзАда танқидий мақола берилган эди. Хўш, ўшандан буён қандай ўзгаришлар бўлди? 

– “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларидан кўзланган асосий мақсад жойлардаги муаммоларни бартараф этиш, аҳоли учун янги иш ўринлари яратиш, турмуш шароитини яхшилашдан иборат, – дейди Мирзаобод тумани ҳокими Ҳамидулла Абдуллаев. – “Обод қишлоқ” дастуридан сўнг Нурафшон ҳақиқий нурафшонга айланадими?” сарлавҳали танқидий мақолада кўтарилган мавзулар маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган штаб йиғилишида атрофлича муҳокама қилинди. Танқид айни вақтда долзарб ва биз учун жуда фойдали бўлди. Йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш борасида мутасадди идоралар раҳбарларига аниқ топшириқ ва вазифалар юклатилди. Мана энди Нурафшонда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари жадал тус олганини кўришингиз мумкин.

Дарҳақиқат, Баҳористон маҳалласига сафаримиз давомида йўл-йўлакай Нурафшон ҳудудидан ўтиб, бу ерда амалга оширилаётган ишлар жонлангани, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларига жалб этилган ишчи кучи ва техника кўпайганига гувоҳ бўлдик.

Бугунги асосий мавзуимиз бўлган Баҳористон маҳалласида 3 минг 900 дан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудда 12 кўча, 620 ўринли, лойиҳа қиймати 1 миллиард 150 миллион сўмлик мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилаётган 32-умумтаълим мактаби, реконструкцияси бошланган маданият уйи, таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилаётган қишлоқ врачлик пункти, қурилиш-таъмирлаш ишлари бораётган катта-кичик савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари мавжуд.

Айни пайтда банк кредити ҳисобидан лойиҳа қиймати 3 миллиард 200 миллион сўмлик давлат шерикчилиги асосида 1 нодавлат мактабгача таълим муассасаси ҳамда лойиҳа қиймати 50 миллион сўмлик 1 ҳаммом қурилмоқда.

Дастур доирасида маҳаллада 9 миллиард 740 миллион сўмлик қурилиш, реконструкция, мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилади.

Маҳаллада фуқаролар томонидан қурилган 68 ноқонуний, тартибсиз бинолар бузилиб, чиқиндилар “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси туман филиали томонидан белгиланган жойга ташиб чиқарилди. Маҳалладаги ҳар бир кўча бўйича архитектура ва қурилиш бўлими томонидан эскиз лойиҳаси ишлаб чиқилган. 9 кўп қаватли уйнинг фасад қисмида таъмирлаш ишлари олиб борилаётир. Кўп қаватли уйларга олиб борувчи 500 квадрат метр масофага шағал ётқизилиб, бетонлаш ишлари амалга оширилмоқда. Туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси маблағлари ҳисобидан 7,3 километр масофага тош тўкилиб, текисланаётир.

Маҳалла, мана 5 йилдирки, табиий газ тармоғидан узилган. Шу кунгача аҳолига 1000 дона суюлтирилган газ баллони етказиб берилган эди, яқинда яна 150 дона газ баллони қўшимча равишда тарқатилди. Шунингдек, қиш-қировли кунлар учун аҳолига етарли миқдорда кўмир етказиб бериш ҳам режага киритилган. Ҳудудда янги трансформатор пункти ўрнатилиб, мавжудлари таъмирланди.

– Маҳаллий тадбиркорларнинг ўз маблағи ва банкдан олинган кредит ҳисобига 3 савдо, 4 маиший хизмат кўрсатиш ва 2 бошқа хизмат объектлари қурилмоқда, – дейди туман ҳокимининг капитал қурилиш ва коммуникация масалалари бўйича ўринбосари Элдор Маҳманазаров. – Албатта, айниқса, чекка қишлоқларда аҳвол ачинарли ҳолга келиб қолганидан кўз юмиб бўлмайди. Шарт-шароит йўқ, ичимлик суви, табиий газ билан таъминланмаган, бошқа маданий-маиший хизматлар ўта қониқарсиз даражага келиб қолган эди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан қабул қилинган “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари аҳоли учун ғоят муҳим аҳамиятга эга эканини барча бир овоздан таъкидламоқда.

Уй-жой фонди ва тижорат банклари маблағлари ҳисобидан кўп қаватли уйларнинг 4 минг 50 квадрат метр томи ва фасадини таъмирлаш, кириш йўлакларига темир эшиклар ўрнатиш, 5 та айвонли тандирхона қуриш ишлари ҳам “Йўл харитаси”дан ўрин олган. Шунингдек, пиёдалар йўлаги (тротуар) таъмирланиб, кўчаларга 200 дона диодли лампа ўрнатилади ва гулзорлар ташкил этилади.

25 йилдирки, мазкур қишлоқ аҳолиси тоза ичимлик сувини ташиб ичарди. Энди “Бек кластер” МЧЖ шаклидаги қўшма корхона бунинг учун махсус транспорт воситаси ажратди ва сув бепул етказиб берилмоқда.

Дастурда, шунингдек, 3 километрлик йўл қуриш ва сув тармоқлари тортиш, 647 дона канализация тозалаш иншоотини таъмирлаш кўзда тутилган. 2,4 километр узунликда 0,4 кВ.ли электр узатиш тармоғи тортилиб, 2 та трансформатор пункти модернизация қилинади. 7,8 километр ички хўжалик йўллари жорий таъмирланади. Айни пайтда “Гулистон” қишлоқ врачлик пункти оилавий поликлиникага айлантирилиб, капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

– Маҳалламиз кундан-кун чирой очиб, замонавий қиёфа касб этмоқда, – дейди "Баҳористон" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Сарвархўжа Поччаев. – Аҳолини қийнаётган яна бир муаммо бу –ишсизлик масаласи эди. “Обод қишлоқ” дастури ижросига киришгунга қадар маҳалламизда 700 нафардан зиёд ишсиз қайд этилган эди. Ҳозир амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишларида 200 нафарга яқин қишлоқдошларимиз меҳнат қилмоқда. Бундан ташқари, “Бек кластер” қўшма корхонасига ёшларимизнинг 150 нафари доимий, 200 нафардан зиёди мавсумий ишга жойлашди. 

Мактабгача таълим муассасаси, ҳаммом, маҳаллий тадбиркорлар томонидан барпо этилаётган маиший хизмат объектлари, оилавий тадбиркорлик ҳисобидан маҳаллада яна 45-50 киши ишли бўлади.

Тўғри, ҳали ҳудудда қилиниши лозим бўлган ишлар талайгина. Лекин, кўрилаётган чора-тадбирлар, қилинаётган ишлардан хурсанд баҳористонликлар ҳаёти тез орада буткул ўзгаришига қатъий ишонади. Зеро, тин-осойишта юрт обод-ораста бўлади.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА
7 686