Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.08.2017 16:19 Чоп этиш версияси

Тилсиз ёвга қарши курашиш ҳамжиҳатликни талаб этади

Сурхондарё вилоятида ўтказилган ёнғинлар профилактикаси тадбирларида зудлик билан бартараф этилмаса, ёнғин содир бўлиши мумкин бўлган 6 бино ва иншоотнинг иш фаолияти вақтинча тўхтатилди. 214 электр ускунаси ва агрегатдан фойдаланиш тақиқланди.

Маҳалла, аҳоли яшаш жойлари, корхона ва ташкилотларни ўрганиш даврида ёнғин ўчириш автомобилларининг ўтиш жойларига ноқонуний ўрнатилган 31 сунъий тўсиқ олиб ташланди.

Президентимизнинг 2017 йил 23 майдаги “Ички ишлар органлари ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилаётган бундай тадбирлар тилсиз ёв билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олиш, оқибатларини бартараф этиш, фуқаролар ҳаёти ва мол-мулкини ишончли ҳимоя қилишда муҳим омил бўлмоқда.

– Мамлакатимизда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ва ёнғинларнинг олдини олиш, унга риоя этиш қоидаларини кенг тарғиб қилиш нафақат соҳа хизматчилари, балки барчамизнинг муҳим ишимиздир, – дейди вилоят ички ишлар бошқармаси оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш гуруҳи инспектори, катта лейтенант Фарҳод Тошбоев. – Бошқармамиз томонидан жойлардаги давлат ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Режага мувофиқ бошқарманинг соҳавий хизматлари ва шаҳар, туман ИИБ ходимлари ҳам ёнғинлар профилактикаси тадбирларида фаол иштирок этмоқда. Маҳаллий ҳокимлик, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, фавқулодда вазиятлар, газ таъминоти, электр энергияси идоралари, таълим-тарбия ва даволаш муассасалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлар вакиллари қатнашмоқда. Ҳамкорликда олиб борилаётган бу каби тадбирлар самарасида ёнғин билан боғлиқ турли нохуш ҳолатларнинг олди олиниб, ёнғинлар сони камайишига эришилмоқда.

Вилоятда давлат тасарруфидаги 360 дан ортиқ объект қонунга мувофиқ текширилди. Юзга яқин тадбиркорлик субъектига тегишли объектда ёнғин профилактикаси кўриги ўтказилди. Аниқланган 2 минг 150 дан зиёд камчиликнинг 2 мингга яқини бартараф этилди. Аҳоли пунктларида олиб борилган тушунтириш ишлари давомида аниқланган 8 мингга яқин камчиликнинг 7 минг 500 дан ортиғини ёнғин хавфсизлиги қоидаларига мос равишда ҳал этишга эришилди.

Ўтказилаётган тадбирларда ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузаётган ёки давлат ёнғин хавфсизлиги хизматининг кўрсатмаларини бажармаётган масъул шахс ва фуқаролар маъмурий жавобгарликка тортилмоқда. Масалан, “Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази” давлат унитар корхонасининг Сурхондарё филиали, Термиз туманидаги “Тоиржон” хусусий кичик корхонасида ёнғин хавфсизлиги қоидалари қўпол равишда бузилгани аниқланди, масъул шахсларга тегишли тартибда маъмурий жавобгарлик чораси қўлланилди. Аниқланган қоидабузарликлар бартараф этилди.

Термиз шаҳридаги Маърифат маҳалласида ўтказилган ёнғинлар профилактикаси тадбирида фуқаро Тожинор Турсунова хонадонида белгиланган миқдордан ортиқ тез аланга олувчи бензин ёқилғиси сақланаётгани ва очиқ электр энергияси симларидан, Олтинсой тумани Сайрак маҳалласидаги Шаҳло Қурбонова оиласида вақтинча электр симлар ва хавфли носоз электр мосламаларидан фойдаланилаётгани аниқланиб, қоидабузарликлар тегишли тартибда расмийлаштирилди.

– Бундай ҳолатларга барҳам бериш учун ишчи-хизматчилар, хонадон соҳиблари билан суҳбатлар ташкил этиб, ёнғин хавфсизлиги ва унинг олдини олиш чоралари тўғрисида атрофлича тушунча берилмоқда, – дейди вилоят ИИБ ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ёнғин назорати ва профилактика бўлими муҳандиси Шерали Сайидалиев. – Йилнинг ўтган даврида корхона, ташкилот ва муассасаларда, хусусий сектор объектларида 15 мингга яқин ишчи-хизматчи билан 450 дан ортиқ суҳбат ўтказилди. Жойларда уйма-уй юриб ўтказилаётган ёнғинлар профилактикаси тадбирларида 90 мингга яқин хонадон эгаларига ёнғин хавфсизлигига риоя этиш юзасидан зарур йўл-йўриқ ва тавсиялар берилди. Хонадонларда аниқланган камчиликларнинг келиб чиқиши ва уларни бартараф этиш бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида 179 фуқаро муҳокама этилди. Бироқ ўта муҳим бу ишга ҳали-ҳамон масъулият билан ёндашмаётган жавобгар шахслар ва фуқаролар борлиги ачинарлидир. Вилоятда ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузган ёки давлат ёнғин хавфсизлиги хизматининг кўрсатмаларини бажармаган юзга яқин жавобгар шахс ва фуқаро маъмурий жавобгарликка тортилгани бунга яққол мисолдир.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
2 559






Все о погоде - Pogoda.uz