ЎзА Ўзбек

03.04.2018 10:17 Чоп этиш версияси

Тилсиз ёвдан эҳтиёт бўлайлик

Сирдарё вилояти Сайхунобод туманида Президентимизнинг 2017 йил 23 майдаги “Ички ишлар органлари ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ҳар ҳафта чоршанба куни ўтказилаётган ёнғин профилактикаси тадбирлари доирасида жорий йилнинг ўтган 3 ойи давомида туманда 1 минг 186 аҳоли хонадони, 30 дан зиёд давлат ташкилоти ва 10 га яқин тадбиркорлик субъектининг ёнғин хавфсизлиги ҳолати ўрганилди. Ўрганиш якунлари кенг жамоатчилик иштирокида таҳлил этилиб, хавфсизлик қоидаларига зид ҳаракатларни бартараф этиш чоралари белгиланди. 357 ёнғинга қарши ҳолат бўйича аниқланган камчиликлар юзасидан мутасаддиларга ёзма кўрсатмалар берилди.

Ўрганиш хулосаларига кўра, ёнғин хавфсизлиги бўйича 775 хонадонда камчиликлар аниқланиб, уларнинг 458 таси жойида бартараф этилди. Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузган 12 нафар масъул шахсга нисбатан 377 минг 150 сўм миқдорида жарима чораси қўлланилди. Ёнғинга олиб келиши мумкин бўлган муаммоли ҳолатдаги 3 бинонинг иш фаолияти вақтинча тўхтатилди. 28 носоз газ ва электр ускунасидан фойдаланиш тақиқланди.

Бироқ шунга қарамай, жорий йил 20 март куни тумандаги Гулистон маҳалласи Чортоқ кўчаси 9-уйда содир бўлган ёнғин бир кишининг умрига зомин бўлди...

– Хонадонларда фойдаланилаётган маиший техникалар истеъмол қилаётган электр энергиясининг кучланиши ток ўтказгич сим (кабель)лар чидаш сиғимидан ортиқ бўлмаслиги шарт, – дейди Сайхунобод тумани ИИБ ёнғин хавфсизлиги бўлими бошлиғи, капитан Б.Ўролов. – Акс ҳолда, симларда ортиқча юкланиш юзага келиб, ёнғин содир бўлиши ҳеч гап эмас. Тўғри, ўтказилаётган профилактика тадбирлари натижасида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан туманда ёнғинлар сони 3 тага камайди. Аммо туманни ёнғиндан холи ҳудудга айлантирмас эканмиз, демак ишимизни ҳали қониқарли, деб айта олмаймиз.

Бундан 40 йиллар муқаддам Чортоқ кўчасида қурилган 9-уйда содир бўлган ёнғин ҳам айнан шу сабабдан келиб чиққан. Ёнғин туфайли ҳаётдан кўз юмган уй соҳиби, 1962 йилда туғилган Раҳман Усанов электр билан ишловчи бир нечта маиший техника воситаларини электр манбаига улаб, қаровсиз ҳолда ухлаб қолган. Фойдаланиш муддатини ўтаб бўлган, алюмин симли ўтказгичларда кучли босим туфайли ёнғин келиб чиққан.

А.Қаюмов, ЎзА
5 722