Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.07.2017 17:56 Чоп этиш версияси

"Тилсиз ёв"га қарши курашиш – барчанинг иши

Мамлакатимизда ёнғинлар пайдо бўлишининг олдини олиш бўйича кенг кўламли тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу борадаги ишлар доирасида барча ҳудудларда аҳоли иштирокида семинарлар, давра суҳбатлари, учрашувлар ва ёнғин-тактик ўқув машғулотлари ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси ташкил этаётган бундай тадбирларга вазирлик ва идоралар, таълим, тиббиёт, маданий-кўнгилочар муассасалар, саноат корхоналари, чакана ва улгуржи савдо объектлари, маҳалла фуқаролар йиғинларининг минглаб ходимлари жалб этилмоқда.

ИИВ Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси маълумотларига кўра, Президентимизнинг 2017 йил 23 майдаги "Ички ишлар органлари ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, ташкилий ва амалий тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Амалга оширилаётган ушбу тадбирларда коммунал хизмат, ИИВ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари иштирок этаётир. Бу аҳоли ва ёнғин хавфсизлиги хизматлари ўртасида самарали мулоқотни йўлга қўйиш имконини бермоқда.

Шу йилнинг июнь ойида биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан давлат тасарруфидаги 2300 ва тадбиркорлик субъектларининг 110 объекти ёнғинга қарши ҳолати белгиланган тартибда ўрганилди. Ушбу текширувлар натижаси бўйича объектлар раҳбарларига бажарилиши шарт бўлган кўрсатма ва тавсиялар берилди. Айни пайтда аниқланган қоидабузарликларнинг 75 фоизи бартараф этилди.

Инсон омили ёнғин хавфсизлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Саноат ёки ижтимоий объектнинг ҳар бир ходими нафақат ёнғин хавфсизлиги қоидаларини, балки ёнғинлар содир бўлганда ҳаракат қилиш ва унга қўйиладиган талабларни ҳам билиши даркор. Шу мақсадда давлат муассасалари, корхона ва хусусий компаниялар ишчи-ходимлари иштирокида 3,3 мингта учрашув, семинар ўтказилиб, тегишли кўрсатмалар берилди.

Турар жой секторида ёнғинларнинг олдини олиш борасида алоҳида профилактика тадбирлари ўтказилмоқда. Негаки, ёнғинларнинг аксарияти айнан ушбу секторда содир бўлаётир. Ҳар чоршанба куни фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари билан ўтказилаётган учрашувларда ёз мавсумида ёнғин хавфсизлиги ҳақида сўз юритилмоқда. Бунда қуруқ япроқ ва чиқиндиларни йиғиштириб олиш, болаларнинг мароқли дам олишини ташкил этиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратиляпти. Ўт ўчирувчилар маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари билан бирга кўча ва маҳаллаларни айланиб, 66 мингдан зиёд хонадонда бўлди, уларга ўз тавсияларини берди. Бунинг самарасида турар жой секторида аниқланган қоидабузарликларнинг 70 фоиздан ортиғи бартараф этилди.

Ҳокимликлар билан ҳамкорликда жойларда рўй берган катта ёнғинлар сабаби, шунингдек, тегишли ҳудудлардаги объектларнинг ёнғинга қарши ҳолатини чуқур таҳлил қилиш бўйича 90 йиғилиш ўтказилди. "Йўл хариталари" ишлаб чиқилиб, тегишли вазифалар белгиланди.

Ёнғинлар профилактикаси тадбирлари доирасида ўт ўчирувчилар малака ошириб, ижтимоий ва саноат объектларида ҳаракат қилиш кўникмасини янада такомиллаштирмоқда. Ижтимоий ва саноат объектларида ёнғинлар содир бўлганда, авария ва фавқулодда ҳолатларда тўғри ҳаракат қилиш ва қутқарув ишларини ташкил қилиш бўйича 1,4 мингта ёнғин-тактик ўқув машғулоти ўтказилди. Аҳоли гавжум жойларда ёнғин хавфсизлиги қоидаларини тарғиб қиладиган 50 мингдан ортиқ эслатма, кўрсатма ва плакатлар тарқатилди.

Ёнғинларни ўчиришда узлуксиз сув етказиб берадиган ёнғинга қарши сув таъминоти тизимининг мунтазам ишлашини таъминлаш ҳам муҳим вазифа ҳисобланади. Ўтган ойда мамлакатимиз ёнғинга қарши сув таъминоти тизимининг ҳолатини ўрганиш давомида юртимизнинг турли ҳудудларида жойлашган 16,3 мингта ёнғинга қарши сув ҳавзасининг 1,9 мингтаси текширилди. Бундан ташқари, 2,8 мингта ерости гидранти ўрганилиб, уларнинг 696 тасида турли носозликлар мавжудлиги аниқланди. Олинган маълумотлар ушбу объектлардаги барча носозликларни аниқлаш имконини берди ва айни пайтда таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Ёнғинлар профилактикаси куни доирасида амалга оширилаётган тадбирлар аҳолининг бу борадаги маданиятини ошириш, ёнғинлар келиб чиқишига сабаб бўладиган ёки уларни бартараф этишга халақит берадиган кўплаб қоидабузарликларни аниқлаш ва бартараф этишга хизмат қилаётир.

Роман Бондарчук, ЎзА
4 581






Все о погоде - Pogoda.uz