ЎзА Ўзбек

14.10.2019 Чоп этиш версияси

Тилнинг дили

Тилнинг дили

Она тилим – олтин сандиғим

Уч минг йиллик миллий давлатчилик тарихига эгамиз. Лоақал, 2 минг 700 йиллар илгари яратилган буюк “Авесто” китобини эсга олганимизда ҳам маънавиятимиз тарихи камида шунча йилга бориб тақалиши аёнлашади. Ўрхун-Энасой ёзма ёдгорликларини қўшмай, фақат Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғотит турк”ида келтирилган туркий адабиёт намуналарию Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг”ини инобатга олганда ҳам бизда қоғозда муҳрланган камида минг йиллик сўз санъати бор. 

Лекин халқ аввал тил яратади, кейин адабиёт.

XV асрда темурий Ҳусайн Бойқаро туркий тилда адабий асарлар ёзиш ғоясини илгари сурди. Ўзбек шоирларига бу борада оғзаки топшириқлар берди. Ўзи ҳам ўзбекча шеърий девон тузди. Буюк Алишер Навоий бу олий мақсадни ҳадди аълосида амалга оширди.

Собиқ Иттифоқда биз тенги авлод вакиллари бевосита гувоҳ бўлган сўнгги йиллари, аниқроғи, 1989 йилгача бўлган даврда Ўзбекистонга раҳбар бўлганларнинг деярли барча чиқиши, Ўзбекистон Коммунистик партияси ва республика ҳукуматининг аксар ҳужжатлари аввал рус тилида тайёрланиб, сўнг оммавий ахборот воситалари учунгина ўзбек тилига ўгириларди.

Ўзбекистон Фанлар академияси Раёсати мажлислар залининг забони бўлса, айтсин, 1984 йили ўзбек тили ва адабиётини тадқиқ этишга ихтисослашган жаҳондаги ягона ва асосий илмий даргоҳ – Ўзбекистон Фанлар академиясининг собиқ Тил ва адабиёт, ҳозирги Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтига орден топшириш маросимида ўша пайтдаги республика раҳбари ҳам, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ҳам, институт директори ҳам, бошқалар ҳам рус тилида сўзлаган эди. Лоақал, номигагина бўлса ҳам, бирор киши ўзбекча чиқиш қилмаган. 

1976-1991 йилларда ўзбек тилида диссертация ёзиб, ёқлаш ман этилганди. Ўзбек тили ва адабиёти тадқиқига бағишланган диссертацияларни ҳам рус тилида ёзиб, рус тилида ёқлашга мажбур эдик. Ушбу сатрлар муаллифи 1985 йили Алишер Навоий ижоди билан боғлиқ диссертациясини ҳам рус тилида ёқлаган. Ҳолбуки, ихтисослашган илмий кенгаш аъзоларининг аксарияти ўзбек, унга аъзо бўлган биргина Нинель Васильевна Владимировани айтадиган бўлсак, у киши ўзбек тилини унча-мунча ўзбекдан яхшироқ билар, адибларимизнинг кўплаб асарларини илмий таҳлил қилган олима ва русчага ўгирган моҳир таржимон ҳам эди. 

Марҳум Шароф Рашидов – шундай ўзбек ёзувчиси ҳам бир йилда фақат бир бор, яъни қиш ойларида Тошкентдаги Санъат саройида ўтадиган қишлоқ хўжалиги ходимлари қурултойидагина ўзбекча чиқиш қилар эди, холос.

Гарчи шўро замонида ўзбек тилида сиёсий руҳдаги жилд-жилд китоблар, минг-минг ҳужжатлар чоп этилган бўлса-да, булар асосан русчадан таржималар эди, холос. Аччиқ ҳақиқат шуки, фақат таржима орқалигина бирон-бир халқ тарихида чинакам сиёсий тил пайдо бўлмаган, пайдо бўлмайди ҳам. Боз устига, давлат тили мақомига эга бўлмаган бирон-бир тил ҳеч қачон ростакамига сиёсий тилга айлана олмаслиги икки карра икки – тўрт, дегандек муқаррар гап.

Шўро даврининг сўнгги, аниқроғи, М.С.Горбачёв раҳбарлик қилган 1985-1991 йиллари тарихга “қайта қуриш даври” номи билан кирган. Юзага келган ошкоралик шароити шарофати билан Иттифоқдаги республикаларда аҳолининг асосий қисмини ташкил этган миллат тилини давлат тили, деб эълон қилиш ғояси илгари сурилди. Миллий зиёлилар шу масалани кўтариб чиқа бошлади. 

Албатта, ҳукмрон сиёсат бунга тиш-тирноғи билан қарши бўлди. Икки ўртада кескин баҳслар бошланиб кетди. Баҳс-мунозаралар оммавий ахборот воситаларида, йиғилишларда давом этди. Ўзбекистонимиз ҳам бу жараёнлардан четда қолмади.

Давлат сиёсати тарафдорлари дастлаб масалани: “Ўзбекистонда рус тили давлат тили бўлиши лозим ва шарт!” тарзида қўйиб, кетма-кет чиқишлар қилди. Бу давлат сиёсати тарафдорларининг биринчи позицияси эди.

Ҳатто, бир академигимиз уялмай-нетмай: “Мана, мен рус тилини билганим учун академик бўлдим, акам айнан рус тилини билмагани учун қишлоқ мактабида оддий ўқитувчи бўлиб юрибди”, дедилар. Шунда устозимиз, атоқли таржимашунос, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Ғайбулла Саломов бир суҳбатда: “Ие, қачондан буён “қишлоқда оддий ўқитувчи” сифатида ишлаш ор саналадиган бўлиб қолди?! Ёки рус тилини билишнинг ўзи кишини академик қилиб қўяр эканми?! Бир кишининг академик бўлиши учун республикада аҳолисининг 75 фоизини ташкил этадиган миллатнинг тили давлат тили бўлиш ҳуқуқидан маҳрум қилинадими?!” деган эдилар куйиниб, ҳатто, ғазабланиб. 

Кураш тўхтамади. Миллий зиёлилар ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш ғоясидан асло қайтмади. Заррача чекинмади ҳам. Давлат сиёсати тарафдорлари эса позициясини бир оз ўзгартирди. Энди: “Хўп, майли, Ўзбекистонда ҳам рус тили, ҳам ўзбек тили давлат тили бўлсин!” деб чиқишди. Бу иккинчи позиция эди. 

Давлат сиёсати тарафдорлари учинчи позицияга ўтди: “Хўп, майли, бизда ўзбек тили давлат тили, рус тили эса миллатлараро алоқа воситаси деб эълон қилинсин!” дейишди.

Ана шундай баҳс-мунозаралар айни авж олиб турган мураккаб бир вазиятда, яъни 1989 йилнинг 23 июнида Ислом Абдуғаниевич Каримов Ўзбекистонга раҳбар этиб тайинланди. Тез орада республика раҳбариятининг янги, яъни тўртинчи позицияси илгари сурилди. Бу – “Ўзбекистонда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши керак!” деган ғоя эди. 

Демак, бу баҳсда миллий зиёлилар илгари сурган асосий ғоя ғолиб келган эди. Шундан ўзбек тилининг давлат тилига айланиши жараёни ниҳоят даражада жадаллашиб кетди.

1989 йилнинг 21 октябрида қабул қилинган “Давлат тили ҳақида”ги қонун амалда республиканинг мустақиллиги йўлида ташланган биринчи дадил ва қатъий қадам эди. Илғор зиёлилар кўнглида: “Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилдими, бас, эртами-индинми, Ўзбекистон, албатта, мустақил давлатга айланади!” деган илинж пайдо бўлди. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 октябрда қабул қилинган ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 30 йиллигини нишонлашга бағишланган қарори бизга яқин тарихимизнинг ана шу саҳифаларини яна бир карра эсга олиш имконини беради.

Яна бир нарсани очиқ-ойдин тан олишимиз керак. Агар ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган бўлса-ю, аммо республика ўз миллий мустақиллигига эришмаганда давлат тилининг давлат тили бўлиши омонатлигича қолаверар эди. Чунки давлат тили чинакам давлат тили бўлиши учун бу тилда давлат сиёсати олиб борилиши керак-да. Шунинг учун она тилимизга давлат тили мақоми берилганидан буён ўтган 30 йилни икки даврга бўламиз. Биринчиси – давлат тилининг 1989 йилнинг 21 октябридан 1991 йилнинг 31 августигача амал қилган даври. Иккинчиси – давлат тилининг мустақиллик йилларидаги амал қилган даври.

Мустақилликка эришганимизнинг иккинчи йилида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинди. Унинг 4-моддасида қуйидаги икки муҳим позиция илгари сурилди:

“Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир.

Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади”.

Бу чинакам демократик позиция ҳисобланади. Чунки Ўзбекистон – кўп миллатли мамлакат. Унда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари яшайди.

2005 йилнинг майида Эрон Ислом Республикасининг пойтахти Теҳрон шаҳридаги бир илмий анжуманда Ўзбекистонимизда 7 тилда, яъни ўзбек, қорақалпоқ, тожик, рус, қозоқ, қирғиз ва туркман тилларида мактаб ишлари олиб борилаётгани ҳақида сўзлашга тўғри келди. Сезиб қолдимки, аудиторияда пичир-пичир бошланди. Эронлик иштирокчилар бу маълумотни ўзаро муҳокама қила бошлашди. Афтидан, улар икки гуруҳга ажради. Бу маълумотнинг ошкор қилиниши форсийзабон эронликларга ёқмади, туркийзабон эронликларга эса маъқул келди. Чунки Эронда озарбайжонлар сон жиҳатидан иккинчи миллат ҳисобланади. Маълумотларга кўра, бу мамлакатда уларнинг сони 25 миллионга етади. Аммо Эронда озарбайжон тилида таълим берадиган бирорта ҳам мактаб йўқ. Худди шундай, курдлар Туркия Республикасида, миқдорига кўра, иккинчи миллат ҳисобланади, лекин бу мамлакатда курд тилида таълим берадиган бирорта ҳам мактаб топилмайди.

Мамлакатимизда Конституциямизнинг 4-моддасига қатъий амал қилинаётганини ҳаммамиз яхши биламиз. 

Биринчидан, Ўзбекистонимизда давлат тили таълим 7 тилда олиб борилаётган барча мактабларда ўқитилади. Ўзбек мактабларида она тили, қорақалпоқ, тожик, қозоқ, рус, қирғиз ва туркман мактабларида эса давлат тили сифатида ўргатилади. Иккинчидан , бир нозик ва муҳим нуқтага диққат қилайлик. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти олти тилга – араб, инглиз, испан, рус, француз ва хитой тилларига халқаро тил мақомини берган. Мамлакатимиздаги 7 тилда таълим олиб борилаётган мактабларнинг ҳаммасида шу 6 тилдан бири бўлган рус тили ўқитилади. Рус мактабларида она тили, ўзбек, қорақалпоқ, тожик, қозоқ, қирғиз ва туркман мактабларида халқаро тил сифатида ўргатилади. Бундан ташқари, 7 тилдаги мактабларнинг барида бир хорижий тилдан ҳам таълим берилади.

Шу тариқа ўзбек ва рус мактабларида 3, қорақалпоқ, тожик, қозоқ, қирғиз ва туркман мактабларида 4 тадан тил ўқитилади.

Мамлакатимизда булардан бошқа миллатлар вакиллари учун мактабдан ташқари машғулотлар орқали ўз миллий тилини ўрганиш учун ҳуқуқий асос яратиб берилган.

Мустақиллик йилларида ўзбек тили ҳақиқий сиёсат тилига айланди. Шўро даврида ўзбек сиёсий тили таржима тили эди, холос. Чунки собиқ марказда қабул қилинган барча ҳужжатлар, қилинган маъруза ва чиқишлар, сиёсий аҳамиятга эга ахборотлар зудлик билан таржима қилинарди. Энди эса давлат тилида сиёсат олиб бориляпти. Давлатимиз билан бошқа давлатлар ўртасидаги ҳар қандай ҳужжат уч тилда – бу давлат тилида, у давлат тилида ва бир халқаро тилда имзоланади. Мустақиллик йилларида янги ўзбек дипломатик тили шаклланди ва такомиллашди. 

Мамлакатимизнинг жаҳондаги нуфузи ортиб боргани сари шунга мутаносиб равишда тилимизга хорижликларнинг қизиқиши ҳам кучайиб боряпти. АҚШ, Япония, Германия, Жанубий Корея, Хитой, Қозоғистон, Тожикистон ва бошқа кўплаб мамлакатларда ўзбек тили олий таълим муассасасида ўқитилади. Туркия Республикасининг 70 дан ортиқ олий таълим муассасасида ўзбек тили ўргатилади. Бу жараён кучайгандан-кучайиб бораверади. Чунки биз билан турли соҳаларда ҳамкорлик қилишни истаётган ҳар қандай давлатга ўзбек тилини биладиган мутахассислар керак.

Баҳонада яна бир гапни айтиш зарур. Ҳар қандай тил унинг эгаси бўлган халқнинг маънавий хазинаси ҳисобланади. Яъни, миллатнинг бутун борлиғи шу тил бағрида яширинган. Жумладан, маънавияти ҳам. Кимки бизнинг тилимизни ўрганса, у бевосита миллий маънавиятимизни ҳам ўрганган ҳисобланади. Ахир, салом берса, биздай салом бериши, меҳр кўрсатса, биздай меҳр кўрсатиши керак-да. Ўз тилида ота-онаси тугул, юз ёшга кирган бобо-бибисини ҳам умрида “сиз”ламаган миллат вакиллари ҳам ўзбекча сўзлаша бошласа, албатта, катталарга “сиз”лаб мурожаат қилишга мажбур бўлади. Демак, тилимизни дунё ўргана бошладими, амин бўлайлик-ки, биз маънавиятимизни Ер юзига ёйяпмиз.

Қовун қовундан ранг олади, деган мақолимиз бор. Йиллар ўтар, ана шу муқаддас тилимиз, унинг бағридаги буюк маънавиятимиз дунёга ёйилади. Биз – қадим замонлардан башариятга зиё таратиб келган халқмиз. Буни Ер юзининг ҳар гўшасида баралла айтишимиз, бу билан фахр-ифтихор қилишимиз мумкин.
Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши амалда ўзбек халқига яна башарият тамаддуни ривожига муносиб ҳисса қўшиш имконини берганини юракдан ҳис қилишимиз зарур.

Шунча муҳокама-мулоҳазадан кейин тилда миллатнинг дили яширинганига амин бўлсак керак. Тилнинг дилидан эса ўзбек маънавияти жой олган.

Султонмурод ОЛИМ,
филология фанлари номзоди, 
Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси.

1 503
ЎзА