ЎзА Ўзбек

26.07.2018 09:10 Чоп этиш версияси

Тилла тақинчоқ ва ов милтиғи ўғрилари ушланди

Тилла тақинчоқ ва ов милтиғи ўғрилари ушланди
Бойсун туманидаги Чорчинор маҳалласида яшовчи уй бекаси Малоҳат Хушшиеванинг уйида ҳеч ким йўқлигида 10 миллион сўм қийматидаги тилло занжири, тилла клон ва тилло узуклари ғойиб бўлади.

Сурхондарё вилоятида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятларнинг олдини олиш юзасидан амалга оширилаётган тарғибот ишлари кўплаб ҳуқуқбузарларни соғлом ҳаётга қайтармоқда. Юз бериши мумкин бўлган айрим жиноятларнинг олдини олиб, содир этилган жиноятларни ўз вақтида аниқлашга хизмат қилаётир. 

Бироқ, гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек, ҳали ҳам жамиятда турли жиноятлар, хусусан, ўзгалар мулкига кўз олайтириб, ўғрилик жиноятига қўл ураётганлар учрамоқда.

Шеробод туманидаги Галагузар маҳалласида яшовчи Адиба Соипова (исм-шарифлар ўзгартирилди) ички ишлар бўлимига мурожаат этиб, номаълум шахслар яшаш уйига дераза орқали кириб, уйи ётоқхонасидаги темир цейфни бузиб, уч дона ҳар хил турдаги 1 миллион 700 минг сўмлик тилла тақинчоқларини, турмуш ўртоғи номига расмийлаштирилган ИЖ-27 русумли, 12 калибрли 2 стволли АА № 9008114 рақамли ов милтиғини ўғирлаб кетганини билдиради. Кўрилган тезкор чоралар натижасида ушбу жиноятни тумандаги Баҳор маҳалласида яшовчи 19-20 ёшдаги Соли Пўлатов, Қулли Жовлиев, Қўрғон маҳалласида яшовчи Тўлқин Анорқулов, Катта ҳаёт маҳалласида яшовчи Отабек Оманов содир этганлиги аниқланиб, улардан ашёвий далил олинади.

Бойсун туманидаги Чорчинор маҳалласида яшовчи уй бекаси Малоҳат Хушшиеванинг уйида ҳеч ким йўқлигида 10 миллион сўм қийматидаги тилла занжири, тилла клон ва тилла узуклари ғойиб бўлади. Бу ҳақда у туман ички ишлар бўлимига зудлик билан хабар беради. Олиб борилган тезкор қидирув ишлари давомида тилла тақинчоқлар ўғриси қўлга тушади. Шу маҳаллада яшовчи 29 ёшдаги Ойгул Исматова ушланиб, ундан ашёвий далиллар олинади.

Тилла тақинчоқ ва ов милтиғи ўғриларига Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жазо тайинланди. Бундан ташқари, жамиятда ўғри, деган жирканч ном орттирган бу ёшлар бир умр маҳалла-куйда қандай бош кўтариб юради? Бу ҳақда улар қалтис ишга қўл уришдан аввал ўйлаб кўриши лозим эди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
4 849