ЎзА Ўзбек

18.05.2020 Чоп этиш версияси

Тилимизни майна қушдан асрайлик!

Тилимизни майна қушдан асрайлик!


Ўзбек тили жонкуярларидан бири Аҳмад Аъзам “Тил номуси” номли китобида тилимизда муқобили бор бўла туриб, кўплаб ажнабий сўзлардан фойдаланаётганимизни таҳлил қилиб куюнчаклик билан шундай ёзади: “...туб сўзларимиз бўла туриб, уларнинг ўрнига чет атамаларни истеъмолга киритиб олганимиз – маънавий фожиа, фикрли ҳар бир одам, афкор омма кеч бўлса-да, ҳеч ўйлаб кўрадиган йўқотишлар...”.

Адиб тил экологиясини табиат экологиясига менгзайди ва тилимизга елимдек ёпишиб, ўзимизнинг сўзларни бегоналаштираётган унсурларни майна қушига ўхшатади: “қорамолда бўладиган бўка (сўна, ўқалоқ, қаталоқ) қуртини чўқилаб, териб ер экан, деб олиб келинган бу очофат емиши қолиб бошқа паррандаларнинг, катталарининг тухуми, майдаларининг полапонигача қиришга тушди, илгари шаҳар-қишлоқларда чуғурлаб турадиган сайрон қушларимизнинг бир-да ярими овлоқ чет-чопларда жон сақлаб қолганини айтмасак, уларни мутлоқ кўрмай кетдик”.

Адиб образли тасвирлаганидек, золим “майна” ўзимизнинг туб сўзларни сиқиб чиқариб уни луғат қаърига гум қилмоқда. Цапля, дрофа, чайка деса, тушунамиз, қарқара, тувалоқ, чағалак деса, тушунмаймиз. Ҳозир баҳрин, тарлон, чағир каби қуш номлари борлигини унча-мунча одам билавермайди. Ҳасан полвон чўлларда Оч баҳриндай чарқиллаб; Кумуш бўлар тарлон қушнинг чағаси, Ғўла бўлар бедов отнинг тўғаси деб куйлайди бахшилар “Далли” достонини.

Тарлон деганда кўпчилик хаёлига от келади. Аммо унинг дастлабки маъноси “қуш”. Ола-тарғил тусга эга бургутсимонлар туркумидан бўлган бу қуш номи кейинчалик шу тусдаги отни номлаш учун хизмат қилган бўлиши мумкин. Қолаверса, фольклорда кўп учрайдиган “хаёли тарлон бўлди” иборасидан ҳам тарлоннинг қуш эканлиги англашинади. “Тарлон” ўзбекча-русча луғатда “канюк-курганник” деб таржима қилингани ҳолда “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да қуш маъноси изоҳланмаган. Чағир/чағри фақат чағиркўз, чағиркўзли одам сўз бирикмалари таркибида сақланиб қолган: иккинчиси: узун бўйлик, қора чўтир юзлик, чағир кўзлик, чувоқ соқол, ўттуз беш ёшларда бўлған кўримсиз бир киши эди (А.Қодирий. Ўткан кунлар). “Чағри” “Девону луғотит турк”да “лочин” деб, изоҳли луғатда эса “ола-була, кулранг” деб изоҳланган. Инсон нигоҳи, ўткиркўзлик одатда бургут, лочинга ўхшатилади, шунинг учун чағри аслида қуш номи эканлиги ҳақиқатга яқинроқ.

Тилимизга беўхшов сўз ва ибораларнинг кириб қолишида “устоз кўрмаган” таржимонларнинг “хизмати” беқиёс эканлигини адиб тўғри эътироф этади: “Сўзга чечан бўлмаган таржимонни асл матн қурбақани ром этган илондек ўз домида тутиб туради, эркин ўгиришига қўймайди, у муқобил сўзлар танлашда ихтиёрини йўқотишдан ташқари таржима этилаётган тилнинг ифода хоссаларини ўз тилига ҳам тўғридан-тўғри, “калька” йўли билан кўчиришга ўтиб олади”. Айнан мана шундай таржимонлар хизмати ўлароқ тилимизда бир вақтлар русчадан калькалаб олинган “йирик шохли мол” ва “майда шохли мол” атамалари пайдо бўлган эди. Наҳот энди минг йиллик машғулотимиз билан боғлиқ тушунчаларни номлашда ўрисдан улги олсак? Ахир халқимиз азалдан молни “қорамол”, “увоқ мол” деб айирган. Қорамолчиликка оид бир луғатда русча “бурёнка”нинг ўзбекча “сигирча” деб таржима қилинганини кўриб, очиғи, ҳайрон бўлганман. Ўзбек ёш қорамолни “тана”, “қочар” деганини эшитгаман-у, “сигирча” деганини сира эшитмаган эканман.

Бундай беўхшов таржима маҳсуллари ҳозирги медиамаконда ҳам тўлиб-тошиб ётибди. Шу кунларда долзарблик касб этаётган коронавирус пандемияси билан боғлиқ “самоизоляция” атамасини ўзбекча “ўз-ўзини яккалаш” тарзида таржима қилганлар, ўзбек тилида ҳаракатни ўзига йўналтиришда ўзлик нисбати шакли қўлланишидан бехабар бўлса керак. Рус тилида “изоляция” сўзида ҳаракат кимга йўналганлиги аён эмаслиги боис улар само — олд қўшимчасини қўшадилар, ўзбек тилида “ўзини ўзи” деган бирликни қўшишнинг асло ҳожати йўқ, “яккаланиш”нинг ўзи кифоя.

Инновацион ривожланиш вазирлиги эълон қилган дастур асосида 2019 йилнинг ёз-куз ойлари Беларусь Республикасига малака оширишга бордим ва бу давлатда тил билан боғлиқ вазият, давлат тили мақоми ва белорусларнинг давлат тилини тарғиб қилишдаги саъй-ҳаракатларини кузатишга, ўрганишга муваффақ бўлдим. Айтиш жоизки, бу давлатда иккита – рус ва белорус тиллари давлат тили мақомига эга. Кўча-кўйда аҳоли асосан рус тилида гаплашар экан. Биз, бир гуруҳ ўзбеклар, тарихий обидалар зиёрати давомида ўзаро ўзбек тилида мулоқот қилганимизни кўриб, эшитиб, маҳаллий аҳоли ҳавас билан боқишди. Аммо белорусларнинг она тилини тарғиб қилишдаги саъй-ҳаракатлари таҳсинга сазовор. Айниқса, тил билан боғлиқ ижтимоий рекламалардан ўрнак олсак бўлади. Минск кўчаларини безаб турган улкан тасвирий ойиналарда “Смак радзімаймовы”(Она тилим тоти) шиори остида бирор мева, ўсимликнинг тасвири ва унинг белорусча номи белорус тилида ёзилган. Назаримда, белоруслардан улги олиб, номи унутилиб бораётган, луғат қаърига чўкиб бораётган сўзларимизни қайта жонлантириш мақсадида пойтахтимиз ва мамлакатимиз йирик шаҳарларини мана шундай ижтимоий реклама намуналари билан безатишимиз лозим. Зеро, рус тили таъсирида халқимиз “укроп”нинг ўзбекча “шивит”, “малина” ёки “смородина”нинг “хўжағат”, “қорағат”, араб тили таъсирида “наъматак”нинг халқона “итбурун” номларини унутиб бормоқда. Янада кенгроқ кўлам олиб, бундай мазмундаги видеороликларни метро ва автобус мониторларида бериб бориш ҳам мақсадга мувофиқ бўлар эди, деб ўйлайман.

Зеро,тил тақдири — миллат тақдири. Шундай экан, бу масалага бефарқ қарашга ҳақимиз йўқ. Ўзгариш ва ислоҳотларни эса ҳар биримиз ўзимиздан бошлайлик!

Феруза Мусаева,
Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директорининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси.


3 775
ЎзА