ЎзА Ўзбек

23.05.2020 Чоп этиш версияси

Тилимизни асрайлик!

Тилимизни асрайлик!
Она тилим – олтин сандиғим

Ҳазрат Навоийнинг “Сўздурки, нишон берур ўликка жондин, сўздурки, хабар берур жонға жонондин” деган мисралари маълум ва машҳурдир. Шу маънода биз сўзни илоҳий бир неъмат деб баҳоласак бўлади. Рост-да, агар шу неъмат бўлмаса, ҳолимиз не кечар эди.

Назаримизда, инсонни инсон айлаган энг улуғ мукофот бу сўздир, аниқроқ айтадиган бўлсак, ота-боболаримиздан мерос бўлиб келаётган азиз ва муқаддас тилимиздир.

Мен Оҳангарон туманида катта бўлганман. Шу ерда суягим қотган. Шу элнинг эртаклари, лапарлари, ўланларини эшитиб улғайганман. Одамларнинг ўзига хос суҳбат йўсини кўнглимга олам-жаҳон нур бағишлаган. Халқнинг шу улуғ меросини кузатиб, у билан ҳаётини боғлаган инсон сифатида айтишим мумкинки, бундай улуғ, жозибадор, бой, гўзал тилимиз билан ҳар қанча фахр этсак бўлади.

Надоматки, тилимизнинг қадрига етмайдиганлар, ҳатто уни камситадиганлар тоифаси ҳам пайдо бўлиб қолди. Бу ниҳоятда қайғули, ғамгин ҳодисадир. Албатта, бунга ўзимизнинг ҳам айбимиз бор. фарзандларимизга тилимиздан фахр этиш туйғусидан сабоқ бермадик. Улар ўз тилимизни унутиш ҳисобига бошқа тилларни ўрганса, хурсанд бўлдик, олқишладик. Аввал ўз тилингни бил, кейин бошқа тилларни ўргансанг ярашади, деб айтмадик. Жадид боболарнинг икки тил эмас, тўрт тил лозим, деган ҳикматли сўзларини теран тушуниб етмадик.

Яна жадид боболарнинг фикрларига келамиз: ҳақ берилмас – олинур. Хўш, бу ўринда ҳақ қандай олинади. Менимча, фарзандларимизга илмий, адабий, маърифий меросимизни чуқур ўргатиш билан бу эзгу ишни амалга оширсак бўлади. Фарзандларимизни бошқа тилларга ихтисослашган боғча-мактабларга беришдан олдин уларга ўзбек тилидек улуғ тилни ўргатайлик. Улар билсин, бу тил уни дунёга келишига сабаб бўлган ота-онасининг тили. Унинг ҳурматини жойига қўйиш чин фарзандлик бурчдир. Фарзандларимиз “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам”, “Тоҳир ва Зуҳра” каби достонларимизни, “Уч оға-ини ботирлар”, “Ур тўқмоқ”, “Зумрад ва Қиммат” каби эртакларимизни ўқиб-эшитиб, “Чўли Ироқ”, “Муножот”, “Лазги” каби куй-қўшиқларимизни тинглаб улғайсин. Ёшларимиз Алишер Навоий, Бобур, Огаҳий, Машраб, Муқимий, Фурқат, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ғафур Ғулом, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Асқад Мухтор, Саид Аҳмад, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Шукур Холмирзаев, Ҳалима Худойбердиева каби адибларимизнинг меросидан баҳраманд бўлиб улғайиши зарур ва шарт. Ана шундагина болаларимиз қалбида миллий ғурур, ифтихор туйғуси шаклланади. Ва улар тилларини ҳурмат қилади, ўз она тилини мукаммал ўрганади. Зеро, ўз тилини эъзозламаган киши бошқаларнинг тилини ҳурмат қилишни билмайди.

Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганига ўттиз йилдан ошди. Кейинги йилларда тилимизга эътибор яна ҳам кучайди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 21 октябрь санаси Ўзбек тили байрами сифатида нишонланадиган бўлди. Энди барчамиз жипслашиб, бир мақсад ва маслак йўлида бирлашиб, жаҳон миқёсида тилимизнинг мавқеини ошириш йўлида астойдил ҳаракат қилмоғимиз керак. Давлат ва нодавлат ташкилотлари, барча идоралар ўзбек тилида иш юритиши шарт экани қонун билан мустаҳкамланиши лозим. Бунга амал қилмаганлар эса қонун олдида жавоб бериши керак. Биз бу каби қонун ва қарорлар чиқаришда, ўз мамлакатимизда ўз она тилимизда сўзлашиш ҳамда иш юритишда эътироз ёки қаршилик билдирганларга муносиб жавоб беришимиз лозим. Бунга шунчаки қараб туришга асло ҳаққимиз йўқ.

Шайх Муҳаммад Ғаззолий айтганидек, ўғри журъатли ва уй эгаси қўрқоқ бўлса, уй иложсиз қўлдан бой берилади. Ўз уйимизда туриб, уни ҳимоя қила олмасак, келажак авлод олдида кечирилмас хатога йўл қўйган бўламиз. Аллоҳ шундан асрасин. Тилимизни асрайлик, азизлар!

Тошпўлат МАТКАРИМОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист.

3 234
ЎзА