ЎзА Ўзбек

27.04.2020 Чоп этиш версияси

Тилимиз қачондан “янги тил” бўлиб қолди ёхуд ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё...

Тилимиз қачондан “янги тил” бўлиб қолди ёхуд ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё...

МУНОСАБАТ

Устоз Иномжон Азимовнинг “Мен боғдан келсам...” чиқишини ўқиб бўлибоқ, ушбу фикр-мулоҳазалар пайдо бўлди. “Бундай ёшда янги тилни ўрганишни ҳамма ҳам уддалай олмайди” дейиш, билмадим-у, савол туғилади: қачондан тилимиз алар айтганидек, “янги тил” бўлиб қолди? Ахир, бу зулуслар, аборигенлар тили эмас, Навоий тили-ку! Асли Одамдан – Ҳотамгача, Ҳотамдан – шу дамгача ҳамиша-ҳардам оҳори тўкилмаган гап бор: ҳикмат излаганга – ҳикматдир дунё, ғурбат излаганга – ғурбатдир дунё. Ўзи суймаган касб-кор унга ҳеч бир маъно-мазмун ва наф келтирмагани сингари тил ўрганиш ҳам у учун шундай гап.

Дунё дунё бўлиб яралибдики, ҳар бир давлатда ўзининг миллий давлатчилиги, тўра-тузуги мавжуд ва шу тартиб-таомил ҳозиргача давом этиб келмоқда.

Бугунги замонавий тилда айтганда, ҳар бир давлатнинг давлатчилик тизими (давлат суверенитети, халқ ҳокимиятчилиги), шунингдек жамият асоси ҳамда инсон ва фуқароларнинг фундаментал ҳуқуқлари ва мажбуриятлари Асосий қонун – мамлакат Конституциясида нормаланган.

Конституциямизнинг муқаддимасида “Ўзбекистон халқи: инсон ҳуқуқларига... содиқлигини тантанали равишда эълон қилиб, ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятини англаган ҳолда, ўзбек давлатчилиги ривожининг тарихий тажрибасига таяниб, республика фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашга интилиб, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлаш мақсадида, ўзининг мухтор вакиллари сиймосида Ўзбекистон Республикасининг мазкур Конституциясини қабул қилади” деганимиз бежиз эмас.

Шу маънода Асосий қонуннинг 4-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади” деб белгиланган қоидада қандай муаммо кўриняпти? Қонун, қонунчилик, юридик техникадан андак хабари бор инсон биладики, бундан ортиқ яна қандай шакл ва мазмунда норма киритиш мумкин?

Ўзбекистонда давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас.

34 миллион нуфусга эга бўлган мамлакатимизда бугунда 136 миллат ва элат яшайди, 16 диний конфессия фаолият юритади. Хитойда дунё аҳолисининг қарийб 1/5 қисми яшаса-да, 56 миллатга мансубдир. Икки давлатда давлатнинг “бош ижтимоий вазифаси”ни таъминлаш қайси давлатга қанчалик осон эмаслигини тасаввур ҳосил қилиш қийин эмас. Давлатнинг бош ижтимоий вазифаси эса, ўз ҳудудида истиқомат қилаётган барча миллат ва элатлар, фуқаролик жамияти институтлари, давлат органлари ва ташкилотлари ўртасида тинчлик, хавфсизлик ва жипсликни таъминлашдан иборатдир.

Кези келганда, бир мулоҳаза. 1995 йил 21 декабрда қабул қилинган янги таҳрирдаги “Давлат тили ҳақида”ги Қонунни янги таҳрирда ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва ҳаётга татбиқ қилиш фурсати келди. Қонуннинг амалдаги матнига (айниқса, нормаларнинг якуни – гапнинг кесимига) диққат билан разм солинса, аксар нормаларнинг “илмилиқ”лиги сезилади: белгилаб берилади, амалга оширилади, таъминланади, риоя этилади, жорий этилади, қабул қилинади ва эълон этилади, амалга оширилиши мумкин... Аслида: белгилаб берилади – белгилаб берилмаслигини, амалга оширилади – амалга оширилмаслигини, таъминланади – таъминланмаслигини, риоя этилади – риоя этилмаслигини, жорий этилади – жорий этилмаслигини, қабул қилинади ва эълон этилади – қабул қилинмаслиги ва эълон этилмаслигини, амалга оширилиши мумкин – мумкин эмаслигини кўрсатди. Фаранглар айтмоқчи, ҳар бир воқеа-ҳодисага баҳо беришда de/yure ва de/factoдек оддий аксиома ракурсидан баҳо бериладиган бўлса, ҳақиқий манзара, қонунимизнинг ҳуқуқий табиати яққол сезилади. Оммавий ахборот воситаларида бир оз муқаддам бу ҳақда кўп ва хўп гапирилди. Модомики, “жамият – ислоҳотлар ташаббускори” экан, жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари халқ муҳокамасига тақдим этилиши лозим. Ва якунда халқнинг мухтор вакиллари – депутатлар бу борада ўз позициясини, қонун чиқарувчи ўз муносабатини билдириши лозим.

Миродил Баратов,
юридик фанлар доктори


3 793
ЎзА