ЎзА Ўзбек

20.08.2018 15:54 Чоп этиш версияси

Тилагим шу – ҳар лаҳза ёниб яшанг!

Тилагим шу – ҳар лаҳза ёниб яшанг!
Истиқлол айёмига ҳам саноқли кунлар қолди. Халқимиз ўй-хаёлида кўтаринкилик, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик кайфияти ҳукмрон. Мустақиллик йилларида илм аҳлига бўлган эътибор, қўллаб-қувватлаш янада кучайди. Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, филология фанлари доктори, профессор Бахтиёр Назаров билан янгиланишлар, ўзгаришлар, адабиётшунослик, илм олдида турган долзарб масалалар хусусида суҳбатлашдик.

– Устоз, охирги йилларда юртимизда барча соҳаларда туб ислоҳотлар амалга оширилиб йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар ўз ечимини топмоқда. Таниқли академик, адабиётшунос сифатида эмас, оддий бир фуқаро сифатида мазкур ўзгаришларни қандай баҳолайсиз?

– Яқинлашиб келаётган Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллик айёми юртимиздаги ҳар бир инсоннинг қалбида хушнудлик уйғотмоқда. Ҳозирги ислоҳотлар замирида, аввало, тинчлик ва фаровон ҳаёт кечириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар ётибди. Бугунги ўзгаришларга эса ҳар бир шахс ўз ҳиссасини қўшишга ҳаракат қилмоқда.

Биргина жорий йилда олий ўқув юртларига тест синовлари янги тартибда ўтказилгани ҳам соҳада бўлаётган ўзгаришларга мисолдир. Давлатимиз раҳбари 2017 йил 19 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида “Сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ. Бизнинг асосий вазифамиз – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси "вируси" тарқалишининг олдини олишдир” дея жуда муҳим гапларни айтган эди. Ҳозир кўплаб ташкилотларда иқтидорли ёшлар амалиётга жалб қилинган. Давлатимизнинг Ёшларга оид давлат сиёсати доирасида амалга оширилаётган ишлар аҳамиятга моликдир.

Cўнгги йиллардаги ўзгаришлар туфайли мамлакатимизни халқаро миқёсда эътироф этишмоқда. Аҳолига қулай шароит яратилаётгани эртанги кунимизга янада ишонч уйғотди. Юртимиз бўйлаб “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларининг амалга оширилиши ҳам фикримиз тасдиғидир. "Обод қишлоқ" дастури доирасидаги бунёдкорлик ишлари Жиззах вилоятининг Манас қишлоғидан бошланган бўлса, бугун мамлакат миқёсида амалга оширилмоқда. 

Қўшни давлатлар билан дўстлик муносабатларининг оқилона ҳал этилиши нафақат, савдо-иқтисодий, балки илм фан, санъат ва адабиёт соҳасида ҳам ижтимоий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқди. Қозоғистонда Ўзбекистон йили, деб эълон қилингани, юртимизда эса буюк шоир Абай таваллуди юқори савияда нишонланаётгани, унга атаб турли тўпламлар ва китоблар чоп этилаётгани дўстлигимизни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

– Адабиёт соҳасида-чи?

– Миллий адабиётимиз масаласида ҳам илиқ фикрларни айтиш мумкин. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига Миллий боғда кўркам бино қуриб берилди. Унга кишининг ҳаваси келади. Шу пайтгача бу ташкилот ўз биносига эга эмас эди. Яқинда халқаро конференция ўтказилди. Ўзбек адабиётининг хорижий мамлакатларда ўрганилиши, тарғиб қилиниши ва таржима қилиниши каби масалаларга бағишланган бу йирик тадбир келгусида адабиётимиз ривожига хизмат қилиши табиий, албатта. Тадбир доирасида хорижий мутахассислар иштирокида “Ўзбекистонда глобаллашув муаммоларининг адабиётдаги талқини ва замондош образи” мавзусида конференция ўтказилди. Унда мавзуга оид кўплаб масалалар муҳокама қилинди. Албатта, глобаллашув масалаларининг бадиий адабиётда ёритилиши ҳали чуқур ўрганилган эмас. Адабиётимизда Чингиз Айтматовнинг “Қулаётган тоғлар”, “Кассандра тамғаси” каби асарларидаги каби глобаллашув масалалари чуқур акс этган асарлар кам. Бироқ Пиримқул Қодировнинг “Жон ширин”, Шукур Холмирзаевнинг "Қадимда бўлган экан” номли ҳикояси, Улуғбек Ҳамдам, Исажон Султон каби ижодкорларнинг асарларини ўрганиш учун дастлабки қадамларни ташладик.

– Президентимиз бир неча бор олимлар, адабиётшунослар, академиклар билан учрашди, илм-фан олдида турган муаммолар таҳлил қилинди, келгуси режалар аниқ белгилаб олинди. Мазкур учрашувларда шахсан иштирок этган инсон сифатида фикрингизни бўлишсангиз.

– Фан олимлари ва академиклар билан учрашув амалиётнинг назария билан яна бир бутун боғланишига замин яратди. Тарқатилиб юборилаётган илмий тадқиқот институтлари яна Фанлар академиясининг таркибига қайтарилди.

Президентнинг 2017 йил 29 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоларини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал вазифасини бажармоқда. Айни пайтда Ўзбекистон Фанлар академиясининг 91 нафар аъзоси иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг турли жабҳаларида фаолият кўрсатмоқда. Ҳамда илмий ишларни қўллаб-қувватлаш учун 100 миллион доллар грант ажратилди, илмий-тадқиқот институтлари ходимларининг маошлари бир неча баробар оширилди.

Бундан ташқари, ёш авлоднинг илмга бўлган интилишини рағбатлантириш, мактаб ёшидан китобга, илмга ошно этиб тарбиялаш, уларнинг инновацион ва новаторлик қобилиятини ошириш, иқтидорини рўёбга чиқариш бўйича тизимли ишларни давом эттириш зарурлиги айтиб ўтилган эди. Соҳада тўпланиб қолган муаммоларни бартараф этиш, иқтидорли ёшларни излаб топиш ва илмий фаолиятга жалб қилиш баробарида ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда академик фан салоҳиятидан самарали фойдаланиш бўйича тегишли топшириқлар бериб ўтилган. Яқин келажакда мазкур ишлар ўз самарасини бериши, шубҳасиз.

– Юртимиз ҳаётида янгиланишлар шиддати кундан-кун ошмоқда, соҳалар ривожи учун муҳим ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Президентнинг 2017 йил 12 январдаги «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида»ги фармойиши миллий маънавиятимиз ривожи учун катта воқеа бўлди, десак адашмаган бўламиз...

– Тўғриси, китобхонликни ривожлантириш борасида алоҳида қарор, фармойишнинг чиқиши ғоятда катта ютуқ. Аслида китоб ўқиш ҳар кимнинг шахсий иши. Бироқ кундалик юмушлардан бироз вақт орттириб, китоб ўқиш жуда зарурдир. Зеро, ўқиган инсон атрофда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга янгича дунёқараш, бошқача кўз билан қараб, ўз фикри ва муносабатини билдиради. Бугун оилада ота-она ўқимишли, зиёли бўлса, эртага улар фарзандларига ҳам китоб ўқишни, илм олишни ўргатади. Китоб ўқийдиган фарзандларимиз олдига қўйган мақсади сари доимий интилишда бўлади. Бу эса ўз навбатида, юртимиз тараққиётига хизмат қилиши бор гап. Бундай жамиятдан улуғ олимлар, турли соҳаларнинг билимдон мутахассислари етишиб чиқади. Аслида, мамлакатимизда олиб борилаётган бу каби саъй-ҳаракатлар инсоннинг ички дунёсини бойитишга хизмат қилувчи жуда катта маънавий сиёсат эканлигини англатади.

– Бугунги кунда адабий танқидчиликнинг ўрни бир қадар сусайгандек. Айни вақтда адабий танқидчиликнинг ҳолати, истиқболига қандай баҳо берасиз?

– Илгари “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, “Шарқ юлдузи” журнали 600-700 минг нусхада чоп этилган. Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов ва Саид Аҳмад каби адибларимизнинг китоблари 100 минг ададда босилган. Китобхонлар асарнинг кейинги қисмини интиқлик билан кутишарди. Ҳозирги китоб нашрларининг адади 5-10 минг нусхада босилса хурсанд бўламиз.

Адабий танқидда Матёқуб Қўшжонов, Озод Шарафиддинов, Воҳид Зоҳидов каби катта олимларимизнинг тажрибалари ва анъаналарини давом эттириб келаётган Умарали Норматов, Иброҳим Ғофуров ва Наим Каримовлар иш олиб бормоқда. Ушбу соҳага давлатимиз томонидан алоҳида эътибор берилиб Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолигига сайловларда иккита ўрин адабиёт соҳасига ажратилди. Наим Каримов ва Тўра Мирзаев академик унвонига сазовор бўлди.

Бир пайтлар "танқидчи ёзувчи учун хизмат қилиши керак" деган қараш бўлган. Гўё танқидчи ёзувчи ижодига боғланиб қолгандек, аслида танқидчилар ҳам мустақил фикрлайдиган ижодкор. Ёзувчи бадиий образлар орқали ҳаётий жараёнларни ифодаласа, танқидчининг объекти эса бадиий адабиёт ва айни вақтда халқ ҳаёти ҳам бўлади. Рус шоири Пушкинни юксакка кўтарган Белинский, Чернишевский каби инсонлар тарихда қолгани ҳам фикримиз тасдиғидир. Ҳатто Маяковский ҳам ўз Белинскийси бўлишини орзу қилган экан.

– Замон қаҳрамони образини яратиш масаласи барча даврлар адабиёти учун энг катта вазифалардан бири бўлган. Бугунги адабиётимиз ўз ўқувчисига замон қаҳрамони образини тақдим қила олаяптими?

– Замондошимиз қиёфаси ҳақида гап кетганда ёзувчиларимиз бу мавзуда дадил изланиш олиб бораётган бўлса ҳам барибир улар халқимиз олдида қарздор. Замонамизнинг бугунги математиклари, тадбиркорлари, спортчи, шифокори ёки бошқа соҳа вакили аслида қандай? Ижодкорларимиз улар эришаётган ютуқларни кўрсатиб бериши керак. Давлатимиз томонидан ёзувчи ва шоирларнинг ижоди учун кўплаб имтиёз, қулайликлар яратилди. Энди улардан талаб қилинадигани барчасидан унумли фойдаланиб ишлаш, жамиятимиз равнақига ҳисса қўшадиган, илғор ғоялар билан бойитилган роман, ҳикоя ва қиссалар яратишдир.

Ўз даврида жадид адабиёти вакиллари ҳам замондош образининг ҳис-туйғулари, фазилатларини кўрсатиб беришга ҳаракат қилган ва бунга эришган. Бироқ уларда бугунгидай шароит ва имкониятлар бўлмаган. Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи қаҳрамони Отабек ҳам ўша давр учун замонавий қаҳрамон бўлиб, эскича қарашлардан йироқ, дунёда бўлаётган воқеаларга тўғри муносабат билдирадиган инсон сифатида гавдаланган. Бугун шундай қаҳрамонлар бор асарларни халқ интиқлик билан кутаяпти.

– Мустақиллик даври адабиёти хусусида гап кетар экан аксарият ёш авлоднинг билими, хабардорлиги анчайин ўтмаслашади. Бунинг асосий сабабларидан бири мактаб дарсликларидан мустақиллик даври адабиёти, унинг энг сермаҳсул ижодкорлари ҳаёти, асарлари тушиб қолаётгани эмасмикин?

– Фикрингизга қўшиламан, бугунги умумтаълим мактаблари дарсликларига ҳам маҳоратли ёзувчи ва шоирларни киритиш, уларнинг ижодини ёшлар орасида оммалаштириш зарур. Ўз пайтида Ойбек, Абдулла Қаҳҳор каби адибларимиз ҳаётлигидаёқ мактаб дарсликларига киритилган эди. Ҳозирги адабиёт дарсликларидан мутахассисларнинг ўзлари ҳам яхши билмайдиган кўплаб ёзувчилар ўрин олган. Бунда асосий эътибор асарнинг мавзуси, жанридан келиб чиқилган бўлса ҳам унинг муаллифини ҳеч ким танимайди. Ваҳоланки, Хуршид Дўстмуҳаммад, Назар Эшонкул, Улуғбек Ҳамдам, Исажон Султон каби ижодкорларимизнинг ҳикоялари ўқувчини мушоҳада юритишга чорлаши, ҳаётга жиддий ёндашишга ундовчи ҳақиқати билан ажралиб туради. 

Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллик байрамини яхши кайфият, кўтаринки руҳ билан нишонлаш арафасида турибмиз. Шундай кунларда барча соҳаларда амалга оширилаётган халқчил ислоҳотларни кўриб қалбимиздан бир тилак ўтади: ҳар лаҳзада янгиланиб, кўркамлашиб бораётган юрт манфаати йўлида жонни нисор қилишдан асло чекинмайлик, ёниб яшайлик. Ҳамиша Ватанимиз хизматига камарбаста бўлайлик. 

Абдулазиз Мусаев, Инобат Аҳатова, ЎзА
5 878